Рақиб мураббийи Шомуродов ҳақида қаттиқ гапирди!
Туркия чемпионатининг учинчи турида “Башакшеҳир” ўз майдонида “Касимпаша” клубини қабул қилиб, 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Мезбонлар таркибида ўзбекистонлик легионер Элдор Шомуродов жуда фаол ҳаракат қилди.
31 ёшли форвард 18-дақиқада ҳисобни очганидан ташқари, яна камида уч маротаба рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятлар яратди. Айниқса, 78-дақиқадаги бош билан берилган зарба устунга теккани унинг иккинчи голга жуда яқин келганини кўрсатади.
Учрашувдан кейин “Касимпаша” бош мураббийи, яқин ўтмишнинг машҳур футболчиси Эмре Белезўғли Туркия Суперлигадаги легионерлар қоидаси ҳақида кескин танқидий фикрларни билдирди.
Белёзўғлининг таъкидлашича, таркибидаги икки нафар хорижлик футболчи билан клуб ҳам, футболчиларнинг ўзи ҳам истамаган ҳолда хайрлашишга тўғри келади.
- На клуб, на футболчилар бу вазиятнинг шундай бўлишини хоҳлайди. Аммо бу қоида бизга жуда катта қийинчилик туғдирмоқда. Менимча, бу қоидани бироз юмшатиш керак.
Бугун “Галатасарой”да Илкай Гюндоған турк футболчиси мақомида ўйнаяпти, мен эса Керем Демирбайни легионер мақомида ўйнатяпман. Биз мажбурий қарорлар қабул қилишимизга тўғри келяпти.
Бугун майдонга тушиб, ўз голи жамоага жуда катта ҳисса қўшган Диабате каби футболчидан воз кечишимизга тўғри келади. Клуб ёш футболчиларга инвестиция қилди, улардан воз кеча олмаймиз.
Бугун Туркия паспортига эга футболчи Косово миллий жамоасини ёки Босния ва Герцеговина миллий жамоасини танлай олмайдими? У ана шу терма жамоалардан бирини танласа, қандай қилиб легионер мақомида ўйнайди?
Клубларни бошқараётганлар билан федерацияни бошқараётганлар қандай қилиб бир қарорга кела олмаяпти? Биз йиллар давомида бу инсонларга ҳомийлик қилмадикми? Улар бошқа мамлакат терма жамоаларини танлаганида турк футболчиси мақомида ўйнай олмайдими?
Нега Элдор Шомуродов каби зўр футболчи турк футболчиси мақомида ўйнай олмайди? Бу қарорни қабул қилганлар турк футболчиларини ҳимоя қилаётгандек кўринган бир пайтда, уларни шунчалик дангаса қилиб қўядиган тизимни яратаётганини англамаяптими?
Мен Керемни легионер мақомида ўйнатяпман, “Галатасарой” эса Илкайни турк футболчиси мақомида ўйнатяпти. Қоидада 2015 йилгача, 2015 йилдан кейин туғилган, деган сана белгиланган. Икки футболчининг ҳам отаси турк, онаси ҳам турк. Мен буни тўғри деб ҳисобламайман, - деб масалани ўткир қўйди Эмре Белезўғли.
Раҳмоналиев ва жамоадошлари “Швеция мўъжизаси”ни такрорлашга тайёр
Шомуродов супергол билан тўпурар баҳсида юқори кўтарилди
Беҳруз Каримов ўйнаган учрашувдан кейин “Лугано” биринчи ўринга кўтарилди
"Сити" Ҳусановга жароҳат етказган юлдузни 99 миллион еврога оляпти
Ўзбек футболчиси нега Россияни тарк этди?
Ҳусанов қозоқ клуби бош мураббийига мурожаат қилди
"Манчестер Сити" Ҳусановга муҳим хабар юборди

Фикрлар