Барчани бирлаштирган спорт ҳафталиги

Спорт жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий камолотини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда жисмоний тарбия ва спорт юртимизнинг ҳар қайси туман ва маҳалласига, ҳар бир хонадонига кириб боришига эришиш, шу асосда ҳаётимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш бизнинг олижаноб орзу-интилишларимизнинг узвий бир қисмига айланиши зарур.

Ана шундай мақсадларни кўзлаган ҳолда, оммавий спортнинг инсон ва оила ҳаётидаги муҳим аҳамияти, унинг жисмоний ва маънавий соғломликнинг асоси эканини ҳар бир фуқаронинг онгига сингдириш мақсадида мамлакатимизда “Спорт ҳафталиклари” жорий этилди. Йил давомида узлуксиз равишда ташкиллаштирилиши режалаштирилган мазкур ҳафталикларнинг, жумладан “Ёшлар ҳафталиги”, “Хотин қизлар ҳафталиги”, “Маҳалла ҳафталиги”, “Нуронийлар ҳафталиги” ва “Таълим муассасалари ҳафталиги” бўйича оммавий спорт тадбирлари режаси белгиланди.

Биринчи ой синов тариқасида ўтказилган спорт ҳафталиклари олий мақсад сари илк қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди. Биргина Тошкент шаҳрини таҳлил қилсак, 2018 йил 1 октябрдан старт олган мазкур ҳафталиклар доирасида болалар-ўсмирлар спорт мактабларида ва таълим муассасаларида жами 72 та оммавий спорт тадбирлари ташкиллаштирилди. Унда жами 6800 нафарга яқин фуқароларимиз иштирок этди. Шундан 4700 нафарини, ёки 70 фоизини ёшларимиз ташкил этади.

Шунингдек, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, эрталабки бадантарбия машғулотлари мақсадида Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларида ҳамда маданият ва истироҳат боғларида оммавий равишда эрталабки бадантарбия машғулотлари ташкиллаштирилди. Жумладан, Мирзо Улуғбек тумани “Ёшлик” спорт мажмуаси олдида, “Эко-боғ”да, Миробод тумани Сайилгоҳ кўчасида, Шайхонтохур тумани Хадра майдони, А.Қодирий кўчаси, “Анҳор-Локоматив” боғида, Чилонзор тумани Халқлар дўстлиги майдонида, “Миллий” стадиони атрофида, Яшнобод туманида “Авиасозлар” маданият уйи олдида, Юнусобод тумани Олимпия шон-шуҳрати музейи олдида, Шахидлар хотираси майдонида бўлиб ўтди. Унда жами 1400 нафарга яқин турли ёшдаги фуқаролар иштирок этишди.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳридаги барча болалар-ўсмирлар спорт мактабларида ушбу ҳудудларда яшовчи аҳоли, айниқса, ёшлар иштирокида ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари оммавий бадантарбия ва гимнастика машғулотлари ўтказилиб борилмоқда. Аҳолини ёшига қараб, умумий жисмоний тайёргарлигини белгиловчи меъёрларини ўз ичига олган “Алпомиш” ва “Барчиной” тестларини аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, уюшмаган ёшлар ўртасида мусобақа тарзида ўтказилди.

Туманлардаги мавжуд болалар-ўсмирлар спорт мактабларида ташкил этилган “Алпомиш” ва “Барчиной” тест синовларида жами 1150 нафарга яқин ёшлар иштирок этишди. Ҳафтанинг ҳар жума кунлари умумтаълим мактабларида, ўрта махсус касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар билан таниқли спорт фахрийлари, Олимпиада, жаҳон ва Осиё чемпионлари бўлган маҳаллий спортчилар иштирокида учрашувлар ўтказилмоқда. Шу кунга қадар, 6 та яъни Учтепа, Олмазор, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Яккасарой туманларида жами 84 та таълим муассасаларида бўлиб ўтди.

Оммавий спортнинг инсон ва оила ҳаётидаги муҳим аҳамияти, унинг жисмоний ва маънавий соғломликнинг асоси эканини жойларда тарғиб-ташвиқ қилиш мақсадида маҳалла аҳолиси билан учрашувлар ташкил этилди. Жумладан, мазкур учрашувлар Бектемир туманининг Роҳат, Миришкор маҳаллаларида, Миробод туманининг Мовароуннаҳр, Фурқат, Ойбек, Мирзо Улуғбек туманининг Катта қорасув, Авайхон, Яшнобод туманининг Наврўзабод, Катта қўйлиқ маҳаллаларида, Олмазор туманининг Себзор маҳалласида, Шайхонтоҳур туманининг Белтепа, Камолон, Олимхўжаев, Боғ кўча маҳаллаларида, Чилонзор туманининг Хирмонтепа, 1-Чарх Камолон, Новза, Юнусобод туманининг Хасанбой маҳалласида ва Учтепа туманининг Журжоний, Қўрғонтепа маҳаллаларида бўлиб ўтди. Унда жами 1420 нафарга яқин маҳалла аҳолиси иштирок этди.

Сиз ҳам спорт ҳафталикларида фаол иштирок этинг!

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги 

Матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!