Бири ўзгариши мумкин деса, иккинчиси рад этса... ПФЛ нима қиляпти ўзи?
Ads

Профессионал футбол лигаси атрофида айтилаётган гап-сўзлар тинмаяпти. Мухлисларнинг ўзаро мулоқотларида, турли ижтимоий тармоқларда ва ОАВда ПФЛ аёвсиз танқидга учрамоқда ва бундай ҳолатга тушиб қолишига фақат унинг ўзи сабабчи. Суперлиганинг 20-туридан кейин дастлабки босқич тугашига икки тур қолганида ПФЛнинг ўзи ҳамманининг диққат-эътиборини тортиб, вазиятни чалкаштирди. Ташкилот бош директори Омон Ғофуровнинг регламент ўзгариши мумкинлиги ва бу борада “олтин очколар” қоидасига ўзгартириш киритиши истисно қилинмаган ҳолда клубларга хат юборилгани ҳамда улардан маълум вақт ичида жавоб келиши сўралган. Шундан кейин эътирозлар янада кўпайиб кетганди. Кейинчалик эса ПФЛ бош директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаев бундай хабарлар асоссиз эканлигини айтиб, Суперлига ўйинлари ўша-ўша ҳолатда ўтказилишини маълум қилди. Бу эса яна бир қатор саволларни келтириб чиқарди. Тўғриси, тушунарсиз вазият кузатилди. Жумладан Диёр Имомхўжаев ўзининг телеграмдаги каналида шундай ёзади:

- Аллақачон 20-тури якунига етган Ўзбекистон Суперлигасининг формати ўзгармайди. Аввалдан белгилаб қўйилганидек, Суперлига клублари 22-турдан кейин иккига бўлинади. Дастлабки олти ўрин эгалари кейинги 10 та тур давомида чемпионлик курашини ўзаро давом эттиради. Кейинги олтилик эса Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолиш учун рақобат ҳосил қилади. Бунда “олтин очко” қоидаси ўз кучини сақлаб қолади. Профессионал футбол лигаси мавсумнинг қоқ ўртасида чемпионат формати ўзгаришини мантиқсиз иш деб ҳисоблайди. Бунгача бўлган гап-сўзлар эса ҳеч қандай асосга эга эмас”.
Ўз навбатида ПФЛ бош директори Омон Ғофуров регламент ўзгариши мумкинлиги борасида қуйидагича фикр билдирганди:

- Эрталабдан шу аҳвол. Ҳаммаёқда ваҳима. Одамлар регламент ўзгараркан деб гап тарқатишяпти. Аввало шуни айтишим керак, нимадир ўзгарадиган бўлса, биз буни расман эълон қиламиз. Қолаверса, Суперлига клубларига хат борди дегани регламент аниқ ўзгаради дегани эмас. Биз фақат клубларнинг ҳам “олтин очколар” қоидасига фикрини билиш мақсадида хат жўнатдк. Чунки ҳозирда юқори ва қуйи олтилик жамоалари деярли ҳал бўлиб улгурди ва бунинг натижасида баъзи клубларнинг кейинчалик ўзи билан битта гуруҳда бўлмайдиган клубларга қарши ўйини “керакмас”га ўхшаб қоляпти. Уларда ғалабага бўлган иштиёқ кўринмаяпти. Маълумки, ПФЛнинг мақсади Суперлигани имкон қадар юқори савияда ўтказиш, бунинг учун барча таклифларни кўриб чиқишга тайёрмиз”.

Ана энди Ғофуров билан Имомхўжаевнинг фикрларини бир-бирига таққослаб кўринг, фарқи қилади, тўғрими? Омон Ғофуров клубларга хат юборилгани регламент аниқ ўзгаради дегани эмас, дея фикр билдирди. Бундан чиқди, унинг регламент ўзгариши мумкинли борасида билдирган фикрида ҳа ёки йўқ, деган жавоб сезилиб турибди. Унинг маслаҳатчиси Имомхўжаев эса формат ўзгармаслигини, мавсумнинг ўртасида ўзгартириш киритиш мантиқсизлигини айтган ҳолда бунгача бўлган гап-сўзлар асоссиз эканини билдириб ўтган. Бир-бирига қарама-қарши фикрлардан кейин ким қандай ўйлаётгани-ю, хулосаси қай ҳолатда эканлигини ҳамма ўзи билади. Лекин аниғи шуки, ПФЛ бундай тушунмовчиликлар орқали халқ олдидаги обрўсини тушириб юборяпти. Қизиқ, Диёрнинг гапига ишониб, бу хабарлар асоссиз бўлса, унда нега ПФЛ клубларга хат жўнатган? Мабодо, ўша юборилган хатлар сохта бўлса, у ҳолда нима учун ПФЛ ўшандаёқ бу хат сохта дея баёнот билан чиқмади? Лекин бундай қила олмасди. Чунки ўша хатлар чиндан ҳам ўз эгаларига юборилган. Яна бир қизиқ томони шундаки, Диёр Имомхўжаев ПФЛда фаолият олиб бораётгани учун табиийки, ўз ташкилотини ҳимоя қилади. Шундай экан, у ҳолда нега хабарлар асоссиз эканини расмий тарзда ПФЛ сайтида ёки телевидение орқали баён қилмади. Ахир унинг телеграмдаги каналини ҳамма ҳам ўқимайди-ку! Ўз номи билан профессионал футбол лигаси бўлган ташкилотнинг бундай тарздаги ишлари профессионалликка мос тушармикин?

ПФЛнинг регламентни ўзгартириши мумкинлиги ҳақидаги хабардан кейин мухлислар томонидан норозиликлар кўпайиб кетгани сабабли Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновни бевосита ушбу ишга аралашишини сўраб, бу вазиятга фикри қандай эканлиги билан қизиққандик. Умид Муҳаммаджонович эса бундай хабарлар қаердан чиққанига ҳайрон қолганини, ўзи ҳам танқидлар бўлаётганини эшитганини айтган ҳолда бу вазиятни ўрганиб чиқаётганини маълум қилганди ва ҳар қандай ҳолатда ҳам қарор менсиз қабул қилинмайди дея фикр билдиргани ёдимизда.

Айнан Умид Аҳмаджоновнинг ушбу сўзларидан кейин Диёр Имомхўжаев регламент ўзгариши ҳақидаги хабарларни асоссиз деб чиқди. Эътибор берган бўлсангиз, ПФЛ ўзгариши мумкин деган регламентни кейинчалик яна ўзи инкор қилмоқда. Қизиқ, агар ушбу хабарлар ростдан асоссиз бўлганига ишонадиган бўлсак, унда нима учун Омон Ғофуров клубларга регламент ўзгаришига муносабатини билдиришлари учун хат юборади? Умуман олганда, саволлар кўп. Баъзи-бир чиқараётган қарорлари борасида ҳам баҳслашиш мумкин. Тушунамиз, ПФЛ футболимизнинг ривожланиши учун ҳаракат қиляпти, лекин у ерда ўз ишининг усталари фаолият юритишса мақсадга мувофиқ бўларди. Балки ана шунда ПФЛда бугунгидек тушунмовчиликлар бўлмасмиди? Чунки ҳозирги пайтга келиб ушбу ташкилотга ишонч йўқолганини мухлисларнинг гапларидан билиб олиш қийин эмас. Аслида мавсум ўртасига келиб регламент ўзгариши мумкинлиги ҳақидаги хабар чиқдими, демак, аввалдан регламент ҳар жиҳатдан пухта ишлаб чиқилмагани маълум бўлмоқда. Тўғри, эндиликда яна ўша “олтин очколар” қоидасига амал қилинади ва ҳеч нима ўзгаргани йўқ. Бироқ унгача ПФЛ кўплаб танқидларга дучор бўлди. Аслида ўша “олтин очколар” тизимининг қўлланилишига жамоалар қандай муносабатда? Бу қоида уларга ёқадими ёки аксинами? Масалан, бу борада “Пахтакор” клубининг спорт директори Жаъфар Ирисметов очиқ-ойдик ўз муносабатини билдирди.

- “Пахтакор” жамоаси “олтин очколар” қоидасининг амал қилинишига қарши. Чунки бу вазиятда спорт тамойиллари ўз кучини йўқотади. Масалан, кучли олтиталикка кира олмаган жамоа билан ўйнаш учун иккинчи таркибимни олиб боришим мумкин. Ёки сарик карточкалари тўпланиб қолаётган футболчиларимни айнан ўша ўйин учун майонга туширмаслигим мумкин. Бу эса мухлислар учун ҳам ёқимли ҳолат эмас. Айтайлик, бугунги кунга Жиззах ёки Фарғонада маҳаллий мухлислар “Пахтакор”нинг асосий таркибини кўришни хоҳлаётган бўлиши мумкин, бироқ биз мавжуд вазиятдан келиб чиқиб у ерга асосий таркиб ўйинчиларисиз боришимиз мумкин. Хуллас, “олтин очколар” қоидасида мана шундай ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин. Футболчи ҳам кераксиз ўйинда бор кучи билан ўйнамаслиги ҳеч гап эмас. Шунинг учун бу қарорни нотўғри деб ўйлайман. Ишқибозлар эса стадионга футбол кўриш учун келадилар. Охирги пайтларда эса айрим стадионларимизда мухлислар камайиб қолишди. Айниқса, кучли олтиталикка кира олмаслиги маълум бўлиб қолган жамоалар бор кучи билан ўйин кўрсатишмаяпти. Улар ўйин танлаган ҳолда қайси жамоага қарши қандай ўйнаш ва қандай куч сарфлашни ҳисоб-китоб қилиб ўйнаши мумкин. Бу эса томошабинлар ташрифининг камайишига олиб келяпти. Менимча, бу жараён Ўзебкистон футбол ассоциацияси биринчи марта янги таркиб билан иш бошлагани учун синаб кўрилди. Мен уларнинг бу қарори хато ёки хато эмас, деб айта олмайман, шунчаки, ушбу вазиятга ўз муносабатимни билдиряпман. Юқорида келтирилган сабабларга кўра ҳам айнан спорт тамойилларига зид бўлиб қоляпти. Масалан, “Пахтакор” олтиталикка кира олмаган клубга қарши у қадар жиддий эътибор қаратмаслиги мумкин бўлса, ўша рақибни ҳам бизга қарши жон куйдириб ўйнаши амримаҳол бўлиб қолади. Кейинги ўйини эса асосий рақиби билан ўтказилиши боис, бу учрашувга жиддий қарашмайди, айнан мана шундай факторлар ҳам сабаб бўлиш аниқ. Лекин мен “Пахтакор”да ишлаётганим учун шуни аниқ айтишим мумкинки, биз ҳар бир учрашувга максимал даражада тайёрланамиз. Шунчаки, биз “олтин .очколар” тизимининг қўлланилишига қаршимиз. Биз бу билан кимгадир қарши чиқаётганимиз ҳам йўқ. Фақат шахсий фикримизни билдиряпмиз. Аслида эса жамоамиз ушбу тизим қўлланилса ҳам, қўлланилмаса ҳам ўйнайверади. Лекин агар мана шу қоида тўғри бўлиб чиқса, бундан фақат ўзбек футболи ютади. Бу вазиятда бирор-бир клубларни ҳам айбламоқчи эмасман, - деди Ирисметов.

Биз шунингдек, ушбу масала юзасидан яна бошқа клублар билан ҳам боғланишга уриниб кўрдик, аммо аксарияти бундай вазиятда тинчгина фикр билдиришни исташмайди. Чунки улар нимадир деб қўйишса, эртага ПФЛдан гап эшитишга қўрқишса керак-да. Умуман олганда, “олтин очколар” тизими бўйича клублар ПФЛнинг ҳар қандай қарорига бўйсунишларига шаъма қилишмоқда. Мисол учун “Қизилқум” бош мураббийи Ҳамиджон Актамов шундай деди:

- Бизга фарқи йўқ, футболимиз раҳбарлари нимани эп кўришса, ўшани бажараверамиз. Ундай ёки бундай қилиш керак эди, деган фикрлардан йироқдамиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу “Қизилқум” жамоасига таъсир қилмайди. Қолаверса, регламент ўзгаргани ҳам йўқ. Очиғи, соғлигим яхши эмаслиги учун бунга қизиққаним ҳам йўқ.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Mirali Hcerali
16/08/2018 00:28
Узимзни олий табак,а яхши эди. Супер ва про табак,алардан