Бугун олий лигада яна мураббий ўзгариши мумкин ёхуд Вадим Абрамов қандай мураббий?
Ads

Бугун олий лига 21-тур учрашувлари старт олади. 15 сентябрь санасида фақатгина битта баҳс бўлиб ўтиши кўзда тутилган. Унда Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби ўз майдонида Фарғонанинг “Нефтчи”сини қабул қилади.

Мазкур ўйинда кўп нарса ўзгариши мумкин. Жумладан, меҳмонлар учун. Вадим Абрамов 5 июнда “Нефтчи” бош мураббийи деб эълон қилингандан бери ҳали ғалаба нималигини билмай келмоқда. Ўзбекистон миллий терма жамоасини Осиёда кучли тўртликка олиб кирган мутахассис фарғоналиклар билан зафар қуча олмаяпти. Деярли 600 кун ишсиз юрган Абрамов бугун сўнгги имкониятдан фойдаланиши ҳақида водий томонлардан хабарлар тарқалди. “Қалдирғочлар”га қарши баҳсда “Нефтчи” 3 очкога эга бўлмаса, катта эҳтимол билан Абрамов учун чиқиш эшиклари кўрсатиб юборилади. Қолаверса, клуб раиси Тоҳир Кападзе ҳам ўз лавозимидан озод этилиши мумкин. Айни пайтда уларнинг ўрнига номзод ҳам тайёр. Бу Мурод Исмоилов!

Водийнинг деярли барча клубларида ишлаган Мурод Исмоилов яна Фарғонага қайтган. Агар бугун “Нефтчи” Тошкентда салбий натижа қайд этса, ушбу мутахассис клубни ўз қўлига олади. 

Шуни айтишимиз мумкинки, Вадим Абрамов “Нефтчи” билан Ўзбекистон чемпионатида 8 ўйин ўтказиб бирор марта ҳам зафар қучмади. Бу статистика Абрамовнинг қандай мураббий эканлигини кўрсатиб қўймоқда. “Бунёдкор”га қарши Тошкентдаги Кубок учрашувида фарғоналиклар бироз уйғонгандек кўринганди. Аммо кейинги беллашувларда "Нефтчи"нинг натижалари яна ўша эски ҳаммом эски тоз бўлиб қолган. Ўзбекистонни Осиёда кучли тўртликка олиб кирган мураббий нега “Нефтчи”да ишлари юришмаяпти? Шундай кучли мутахассис фарғоналиклар билан ҳеч бўлмаса битта ғалабага ҳам эриша олмай, ўз лавозимини тарк этиш арафасида турибди. Бунга балки, жамоадаги ички биз учун номаълум бўлган муаммолар юзага келгандир. Бироқ бу борада қандайдир гап сўзлар бўлганида барчага аён бўларди. Ҳозирча жимликми? Демак тепадан қараганда “Нефтчи”нинг ички муҳитида муаммолар йўқ. Натижага ҳар доим мураббий жавобгарлигини инобатга олсак, Вадим Абрамов Фарғонада кўнгилдагидек ишлай олмаяпти.

Қуйида сиз Вадим Абрамов қўл остида “Нефтчи”нинг Ўзбекистон чемпионатидаги натижалари билан танишишингиз мумкин:

13-тур. “Нефтчи” – “Динамо” 2:3

14-тур. “Машъал” – “Нефтчи” 2:2

15-тур. “Нефтчи” – “Металлург” 0:2

16-тур. “Нефтчи” – “Шўртан” 1:1

17-тур. “Пахтакор” – “Нефтчи” 6:0

18-тур. “Нефтчи” – “Навбаҳор” 1:1

19-тур. “Қўқон-1912” – “Нефтчи” 3:1

20-тур. “Нефтчи” – “Бухоро” 1:2

Кўриб турганингиздек, “Нефтчи” Абрамов бошчилигида 8 ўйиннинг 5тасини уйда ўтказди. Боз устига ўз майдонидаги 5 баҳсдан 2 очко олди холос. Вадим Абрамов ҳақида энди ҳамма ўзи истаганча хулоса чиқарсин.  

Бекзод ИСАЕВ