Бугун паралимпиячиларимизни Параосиё ўйинларига кузатиш маросими бўлиб ўтди
Анъанага кўра, мусобақа ниҳоясига етгач, орадан бир қанча вақт ўтиб Параосиё ўйинлари бўлиб ўтади. Бу йилги Параосиё ўйинлари 6-13 октябрь кунлари ўтказилади. Ўйинларда ўзбекистонлик паралимпиячилар ҳам иштирок этишлари режалаштирилмоқда.
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясида Индонезиядаги Параосиё ўйинларига расмий кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Паралимпия ассоциацияси раҳбарияти, яқинлашиб келаётган ўйинларда иштирок этувчи спортчиларимиз ва уларнинг мураббийлари ҳамда оммавий ахборот воситаси ходимлари иштирок этишди.
Миллий олимпия қўмитаси раҳбари Умид Аҳмаджонов сўзга чиқар экан, Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этиш навбати паралимпиячиларимизга келгани ҳақида гапирди:
«Вақт жуда ҳам тез ўтяпти. Яқиндагина паралимпиячиларимизнинг Рио Олимпиадасидаги муносиб иштирокларини катта шодиёна билан қарши олгандик. Энди эса бошқа бир катта мусобақа — Осиё Олимпиадасида ватанимиз шарафини ҳимоя қилишга тайёргарлик кўрмоқдамиз.
Барчангиз гувоҳи бўлганингиздек, Жакарта мезбонлик қилган Осиё ўйинларида спортчиларимиз юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, тарихий натижа қайд этишди. Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев талаблари билан спортда катта ўзгаришлар бўлгани Жакартдаги мусобақада ўз исботини топди. Ўзбекистон терма жамоасининг қитъамизда бешинчи бўлиши ҳамда тарихда илк бор йигирмадан зиёд олтин медалнинг қўлга киритилишида катта меҳнат ва машаққат ётибди. Барчангиз кўрдингиз, ватандошларимиз умумий ҳисобда 70 та медални қўлга киритиб, ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатишди.
Энди эса навбат сизники. Худди Рио Олимпиадасида бўлгани каби, бу сафар ҳам мамлакатимиз паралимпиячилари ўзларининг нималарга қодир эканликларини кўрсатиб қўйишларига ишонамиз. Мусобақа давомида халқимиз ишончи ва Президентимиз мадади доим сизлар билан бўлади. Умид қиламизки, яна бир неча кундан сўнг барчангизни Тошкент халқаро аэропортида катта шодиёна билан кутиб оламиз. Биз сизга доимгидек ишонамиз! Бўш келманг, азаматлар!», – деди Умид Аҳмаджонов.
Фикрлар