Суперлига 22-тур учрашувлари якунланди
Суперлига 22-тур учрашувлари якунланди.
Турни марказий баҳс очиб берди. Ушбу марказий баҳсда “Навбаҳор” ўз уйида “Динамо”ни қабул қилди ва қийинчилик билан ғалабага эришди. Учрашув старти голларга бой бўлди.
Дастлаб беллашувнинг 7-дақиқасда Азизбек Омонов тзекор гол билан ҳисобни очисга эришди. Ушбу голга тезлик билан Шоҳруҳ Абдураҳмонов қайтариб, мувозанатни тиклади. Учрашув тенг курашлар остида давом этди. Биринчи бўлимнинг ўрталарида Жалолиддин Жумабоев “Динамо”ни яна олдинга олиб чиқди. Бироқ “Навбаҳор”нинг кетма-кет ҳужумларидан сўнг Георги Жгеренаиа ҳамда Шоҳруҳ Абдураҳмоновнинг голлари эвазига камбек амалга оширди. Ўйиндан сўнгги матбуот анжуманида “Динамо” клуби ҳакамликдан норози эканлигини билдирди. УзФҲМ эса ушбу шикоятга кулгили изоҳ берди.
Элит Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби билан дуранг қайд этган “Шерлар” 22-турда “Машъал” стадионига сафар уюштирди. Учрашув бошиданоқ “Пахтакор” футболчиси Мортеза Панжи 10-дақиқада қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Фламарион “Ал Аҳли” билан ўйиндагидек, ушбу учрашувда ҳам қаҳрамонга айланди. Шунингдек, ҳужумчи дублни расмийлаштирди. Ҳумоюн Муртазоев учрашувнинг сўнгги дақиқасида гол уриб, фарқни қисқартирган бўлса-да, ҳисобни тенглаштириш учун вақт етарли эмасди. Шу тариқа, “Пахтакор” очколар сонини 49 тага етказиб, чемпионат пойгасини давомм эттирадиган бўлди .
Кутилмаганда “Бунёдкор” “Бухоро”ни 2:1 ҳисобда мағлуб этди. Учрашув қизиқарли баҳсларга бой ўтди.
Шахзоджон Нематжонов 8-дақиқада “Бунёдкор”ни олдинга олиб чиққан бўлса, ушбу голга Темур Мамасиддиқов тезлик билан жавоб берди. “Бухоро” жамоасида биринчи бўлимдан сўнг чарчоқ аломатлари сезила бошлади. “Бухоро” клуби бир қатор имкониятларни бой бергандан сўнг, Абдулҳамид Икромов “Бунёдкор”ни олдинга олиб чиқди. Ушбу ғалаба жамоа учун ўта муҳим эди, чунки қалдирғочлар 11 ўйиндан бери ғалаба қозона олмаётган эди. Узоқ кутилган ғалабани “Бунёдкор” Жар стадионида мухлислар билан кўтаринки руҳда нишонлади.
Осиё 2 мусобақасида Баҳрайн клуби билан куч синашган “Насаф” тўғридан-тўғри Андижон томон йўл олди. Учрашув голлар ва хавфли вазиятларга бой бўлди. “Андижон” Рустам Турдимуродовнинг пеналтидан киритган голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ушбу голга “Насаф” тўрт бор жавоб берди. Голларга Аденис Шала, Аббосжон Ғуломов, Юсуф Отубанжо ҳамда Абдувоҳид Неъматов муаллифлик қилди. Эътиборлиси шундаки, ушбу гол Абдувоҳид Неъматов учун тўртинчи голи ҳисобланади. У бунга қадар “Пахтакор”, “Навбаҳор”, “Динамо” ва ушбу гол орқали “Андижон” дарвозаларини ишғол қилди. Бобур Аренада бўлиб ўтган баҳсдан сўнг Рўзиқул Бердиев шогирдлари ўз очколарини 34 тага етказиб, олтинчи ўринга кўтарилган бўлса, “Андижон” 30 очко билан саккизинчи ўринни банд этиб турибди.
“Қўқон-1912” клуби Термизда “Сурхон” клуби меҳмони бўлди. Учрашув икки клуб учун олти очколик ўйин бўлса-да, жамоалар юқори савиядаги ўйин намойиш қила олишмади. “Сурхон” футболчиси Торнике Дзебниаурининг голи учрашувга якун ясади. Жамоалар баҳсда бошқа гол киритишмади. “Сурхон” клуби ўн иккинчи ўринни банд қилган бўлса, қўқонликлар ушбу мағлубиятдан сўнг турнир жадвалининг ўн бешинчи поғонасини банд этиб турибди.
22-турда яна бир эътиборга лойиқ баҳс бўлиб ўтди. Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби ўз уйида ОКМКни қабул қилди. Ўйин кўплаб тўқнашувлар билан эсда қолди. Филип Ивановичнинг голи “Сўғдиёна”ни олдинга олиб чиққан бўлса, ушбу голга Гиорги Папаванинг ўз голи билан жавоб берди. Учрашув сўнгида Нодирбек Абдураззоқов саҳнага чиқди. Ярим ҳимоячи 86-дақиқада гол уриб, жамоасининг ғалабасини таъминлади. Шунингдек, Абдураззоқов Фабио Каннаварога қўнғироқ жести орқали хабар йўллади. Нодирбек ушбу мавсумда 21 бор майдонга тушиб, 6 та гол ва 3 та ассист амалга оширган. ОКМК клуби ушбу ғалабадан сўнг кучли тўртликка чиқиб олган бўлса, “Сўғдиёна” ўз очколарини 28 тага етказиб, ўнинчи поғонани банд этган.
Амалдаги чемпион “Нефтчи” “Локомотив” стадионига сафар уюштирди. Марко Еличич шогирдлари грандларга қарши учрашувларда юқори савиядаги ўйин намойиш этади. Ушбу ўйинда ҳам Еличич шогирдлари ёрқин ўйин намойиш этди. Учрашувда Зоран Марушич бир қатор имкониятларни бой берган бўлса-да, ўз мақсадига эришди. Форвард 62-дақиқада гол уриб, “Нефтчи” учун муҳим очколарни тақдим этди. “Локомотив” клуби сўнгги дақиқаларда юқори сифатли ҳужумларни амалга оширган бўлса-да, учрашувда бошқа гол урилмади. Шу тариқа, Фарғона клуби 51 очко жамғариб, “шерлар”ни ортда қолдирди ва жадвал пешқадамига айланди.
Турнинг сўнгги ўйинида “Хоразм” “Қизилқум”ни қабул қилди. Учрашув тенг курашлар остида давом этди. Ўйиннинг 30-дақиқасида Рафаел Тавареш ҳисобни очган бўлса, Отабек Жўрақозиев ҳисобни тенглаштирди. “Хоразм” футболчиси Улуғбек Ҳошимов 60-дақиқада қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Қизил карточка учрашувга ўз таъсирини кўрсатган бўлса-да, “Хоразм” клуби курашди. “Қизилқум” клуби 76- ва 89-дақиқалардаги голлари эвазига ғалаба қозонди.
Шу тариқа, Суперлига 22-тур учрашувлари ўз якунига етди.
Эслатиб ўтамиз, лиганинг 23-тур учрашувлари ФИФА кунларидан сўнг бўлиб ўтади.
Абдуғаффоров Саййид Абдуллоҳ.

Фикрлар