Бундеслига тўпурари учун курашга "Барселона" ҳам қўшилди

Каталониянинг "Барселона" клуби "Айнтрахт" форварди Лука Йович учун курашга қўшилди. Бу ҳақда Bild нашри хабар тарқатмоқда.

Юқоридаги манбаанинг ёзишича, “кўк-анор ранглилар” скаутлари куни кеча УЕФА Миллатлар лигаси доирасида бўлиб ўтган Сербия – Черногория баҳсида 20 ёшли сербиялик футболчининг ўйинларини кузатиб боришган. Қайд этиб ўтамиз, Йовичнинг трансфер ҳуқуқи “Бенфика”га тегишли. У франкфуртликлар сафида ижара асосида тўп сурмоқда.

Эслатиб ўтиш лозимки, бундан аввалроқ Йовичга “Бавария” ва “Ливерпул”дан ҳам қизиқишлар борлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Унинг тахминий трансфер нархи эса 20 млн еврога баҳоланмоқда.

Маълумот учун, Йович жорий мавсум “Айнтрахт” сафида жами 15та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 12та гол ҳамда 3та голли узатма ёздириб қўйишга эришган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!