
“Челси”га қўйилган таъқиқ Азар трансферига қандай таъсир қилади? (Эркин Ғайбуллаев таҳлили)
“Челси”га янги трансферларни амалга ошириш бўйича қўйилган таъқиқ клубнинг яқин келажакдаги режаларига кескин таъсир қиладиган бўлди. Аммо навбатдаги икки трансфер бозорида иштирок эта олмайдиган клуб билан бирга бу Азарга ҳам таъсир қилиши мумкин.
Бельгиялик ҳужумчи ёзда Мадриднинг “Реал”идан тушган таклиф туфайли клубда қолиш ёки қолмаслиги ҳақида узоқ ўйлаганини айтди. Шу билан бирга ҳақиқатдан имкон туғилса Испания пойтахтига кўчиб ўтишни маъқул кўришига шаъма қилди.
Агарда ишлар шу тариқа ривожланса 28 ёшли футболчининг эҳтимолий трансфери амалга ошиши мумкин. Бироқ “Челси” ҳеч қандай хатоликка йўл қўймаганига ишонмоқда ва таъқиқ камайтирилишига ёки камида қайта кўриб чиқилишига умид қилмоқда.
Ҳудди шундай ҳолат “Барселона” билан ҳам содир бўлганди. Каталонияликлар якунда бу ишни бироз кечиктиришга эришганди ва 2014-йил ёзида бир қатор йирик трансферларни – Луис Суарес, Иван Ракитич ва Марк-Андре Тер Штегенларни олиб келганди.
Ўша мавсумда “кўк-анорранглилар” мавсумни юқори кайфиятда ўтказиб, якунда треблга эришганди. Мадридликлар эса икки трансферлик таъқиқни биттагача камайтиришнинг уддасидан чиққанди. 2017-йил январида “қаймоқранглилар” ўз сафини тўлдира олмади ва бу уларга унчалик жиддий таъсир қилмади.
Агарда “кўклар”га қўйиладиган таъқиқ ортга суриладиган бўлса, келаётган ёзда Азар клубни тарк этиш учун ажойиб имкониятга эга бўлади.
Лондонликлар етакчиси учун 100 миллион фунтдан ортиқ таклиф тушадиган бўлса “аристократлар” ҳеч иккиланмай ўз етакчисини қўйиб юборади ва унга муносиб ўринбосар олиб келишга уриниб кўради.
“Стэмфорд Бридж”дагилар ҳамон футболчининг янги шартнома имзолашига умид қилмоқда. Аммо бу мадридликларнинг “Лилл” клуби собиқ етакчисига қанчалик қизиқиш билдираётганига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Мадридликлар Азар ушбу трансферга рози эканлигини сезиб турибди. Бироқ испан жамоаси мавсумнинг қолган қисми қандай кечишини кузатмоқда, шунингдек трансфер бозорида эҳтимолий бошқа бир етакчи футболчининг номи пайдо бўлиш вариантини ҳам зимдан кузатмоқда.
Ўтган ёзда Криштиану Роналдунинг “Ювентус”га кетиши ортидан мадридликлар нишонидагилардан бири айнан Эден Азар бўлганди. Аммо у билан бирга “ПСЖ” етакчилари Неймар ва Килиан Мбаппелар ҳам Флорентино Переснинг нишони эди. Азар трансферини мадридликлар жуда қиммат дея баҳолади.
28 ёшли футболчининг шартномаси 2020-йилда ўз ниҳоясига етади. Шу туфайли бу ёзда клуб уни арзонроқ нархга ҳам қўйиб юбориши мумкин. Бундай қилмаса лондонликлар ундан сариқа чақа ҳам ишлай олмайди.
Камига Лондон жамоасига қўйилаётган таъқиқ ўз кучида қолиш-қолмаслиги ҳам Азарнинг келажагига жиддий таъсир қилиши мумкин.
Боз устига клубда айни вақтда ижара асосида тўп сураётган Матео Ковачич ҳам таъқиқ ўз кучида қолса доимий асосда клуб вакилига айлана олмайди. Агарда бундай бўлмаса келаётган ёзда хорватиялик футболчи “Стэмфорд Бридж”да қолади.
Хуллас, Абрамович клубига нисбатан қўйилаётган таъқиқ нафақат “Челси”га, балки бир қатор футболчиларининг келажагига ҳам таъсир қилмай қўймайди.
Фикрлар