Дубайдан гапирамиз…(ФОТО)
Эртага бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ҳамда Уммон терма жамоалари ўртасидаги учрашув биз учун жиддий аҳамият касб этиши боис бугун яна бир гуруҳ мухлислар гуруҳи БААга етиб келдилар.
Маълумки, бугун ўйиндан олдинги матбуот анжумани ўтказилади. Шу боис учрашув бўлиб ўтадиган «Шаржа спорт клуб» стадионига йўл олдик. Дубайдан Шаржа томон йўл олар эканмиз, шаҳарда Осиё Кубоги муҳитини сездириб турадиган бирор-бир баннер, рекалама ёки шунга ўхшаш нарсаларни кўрганимиз йўқ. Токи Шаржадаги стадионга етиб боргунимизга қадар шу ҳолат давом этди. «Шаржа спорт клуб» стадиони БАА чемпионатида «Шаржа» жамоасининг уй стадиони ҳисобланиб, анча ихчамгина жойлашган. Ўз бағрига 12 минг мухлисни сиғдиради. Эртагалик ўйин учун стадионни тайёр ҳолатда дейиш мумкин. Унинг атрофи тўлалигича Осиё Кубоги эмблемалари билан бурканган. Бизнинг дастлабки ишимиз ўз аккредитацияларимизга эга бўлиш эди ва шу мақсадда аввало стадиондаги аккредитация марказига йўл олдик. Бир гуруҳ ўзбекистонлик оммавий ахборот воситалари билан биргаликда ўзимизга тегишли бўлган аккредитацияларни қўлга киритганимиздан сўнг медиа марказига бордик. У ерда эса табиийки иш қизғин эди. Қувонарлиси, Ўзбекистондан келган журналистлар уммонликларга қараганда кўпчиликни ташкил этарди.
Шуни ҳам айтиш жоизки, ОФК томонидан журналистлар учун ҳамма шароитлар яратилган. Шунингдек, стадионни ҳам обдон кўздан кечирдик, у ерда ишчилар охирги тайёргарлик ишларини олиб бормоқдалар. Майдоннинг сифати эса аъло даражада. Ўйинолди матбуот анжумани учун ҳамма нарса тайёр қилиб қўйилган.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар