Мана шулар айбдор! “Барса”нинг шармандали мағлубиятига сабабчилар номи айтилди
Испаниянинг амалдаги чемпиони “Барселона” яна биринчи ўринга кўтарилиб олиш имконини қўлдан чиқарди. Ла Лиганинг саккизинчи турида “Севилья” ўз майдонида каталонияликларни янчиб ташлади – 4:1.
Экспертлар Ханс-Дитер Флик жамоасини қайси ўйинчилар шарманда қилганини таҳлил қилиб берди.
ЖЕРАР МАРТИН – Европа Чемпионлар лигаси доирасидаги учрашувда омадсизликка юз тутган бу ўйинчи Ла Лигада ҳам уялиб қолди. Қанотда ўйнаган бу футболчи ҳимояланишни ҳам, ҳужумга қўшилишни ҳам уддалай олмади. Ёши ўтиб қолганига қарамай, Алексис Санчес Жерардан осонликча ўтиб кетди.
РОНАЛЬД АРАУХО – Бу футболчи ҳам Жерар Мартин сингари бир бўлим тўп тепди. Ханс-Дитер Флик уни иккинчи бўлимда майдонга туширишни истамади. Рональд рақиб ҳужумчиси Исаак Ромеронинг гол уришига қаршилик қила олмади. Пенальти белгиланган вазиятда ҳам уругвайлик ҳимоячи Ромерога нисбатан қоида бузди. Бундан ташқари, Араухо офф-сайд ташкил қилишда икки бор орқада қолиб кетди.
ЖЮЛЬ КУНДЕ – Бу ҳимоячи ҳам жуда кўп хато қилди. Кунде кетма-кет иккинчи учрашувда ишончни оқлай олмади. “Севилья” иккинчи голини айнан Кунденинг хатосидан кейин уюштирилган ҳужумда киритди. Қанотда Варгасга имкониятни бой берган франциялик футболчи ҳимоя марказида ҳам тўққиз марта тўп йўқотди.
РОБЕРТ ЛЕВАНДОВСКИ – Польшалик форвард пенальтини аниқ бажарганида ҳисобни 2:2 қилиши ва камбэкка пойдевор яратиши мумкин эди. Дарвозани тўғри нишонга ололмаган футболчи жамоа руҳини синдириб қўйди.
Пенальтидан ташқари ҳам Левандовски кўп хато қилди. Ўйин давомида атиги олтита аниқ пас узатди, 11 та яккакурашдан фақат учтасида ғолиб чиқди, иккита қулай имкониятини барбод қилди, учта уринишдан бирорта зарбаси дарвозага боргани йўқ.



Фикрлар