Эктор Купер: Биз ҳар қандай вазиятга тайёрмиз
Хабарингиз бор, шу кунларда БААда футбол бўйича Осиё Кубоги бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси мусобақадаги иштирокини эртага Уммон терма жамоасига қарши бошлайди. Бугун учрашув олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер ва терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов иштирок этди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар бермоқда.
- Уммон билан ўйинга қандай тайёргарлик кўрдингиз?
- Биз фақат Уммон билан ўйинга эмас, бутун бошли мусобақага тайёргарлик кўрдик. Шунчаки, Уммон бизнинг илк рақибимиз. Ўйинга тайёргарлигимиз анча яхши. Биз эртага ўзимизни кўрсатишга тайёрмиз. Эртага ҳар икки жамоа учун қизиқарли ўйин бўлади. Биз ғалаба қозонишни истаймиз.
- Уммон терма жамоасини қай даражада ўргандингиз?
- Терма жамоанинг ўйинини кўрдик. Аммо, барча нарса майдонда ҳал бўлади. Мусобақага фақат кучли терма жамоалар ташриф буюрган. Барча яхши натижа учун ўйнайди. Футболнинг қизиқарли эканлиги ҳам шундадир. Натижани олдиндан билиб бўлмаслиги билан ҳам спортнинг ушбу тури қизиқдир. Биз ҳар қандай вазиятга тайёрмиз. Аммо, Уммон ҳам кучли терма жамоа. Барчаси эртага майдонда ҳал бўлади.
- Рақибларнинг асосий дарвозабони Ал Хабсининг йўқлиги Ўзбекистонга ёрдам берадими?
Одил Аҳмедов: -Бу ҳақиқатдан ҳам катта йўқотиш. Мен унинг нималарга қодир эканлигини жуда яхши биламан. Ушбу йўқотиш бизга ёрдам берадиган бўлса, мен бундан хурсанд бўламан.
- Ўзбекистон Жанубий Кореяга қарши ўйиндан сўнг деярли 50 кун давомида ўртоқлик ўйини ўтказмади. Бу Куперни ҳавотирга соладими?
- Бу мени ҳавотирга солаётгани йўқ. Бундай ўйинларда жароҳат олиш эҳтимоли кўп. Осиё Кубогида қатнашадиган терма жамоа бўлганида албатта ўртоқлик ўйинида майдонга тушардик, бироқ бундай жамоа топилмади.
Хеч қайси мураббий жамоага келиб, бирданига бутунлай ўзгартиришларни амалга ошира олмайди. Биз қўлдан келганича ўзгаришларни амалга оширдик. Биз кўп нарсага тайёрмиз. Энди ўзимизни кўрсатишимиз лозим.
- Терма жамоанинг жисмоний ҳолатига қай даражада баҳо берасиз?
Одил Аҳмедов: – Ким кўпроқ тўп билан бўлса ўша жамоа ғалаба қозонади. Шунинг учун, жисмоний тайёргарликка алоҳида эътибор қаратганмиз. Ўйлайманки, бу мусобақа давомида биз учун муаммо бўлмайди.
Фикрлар