Эктор Купер Япониядан учралган мағлубиятдан сўнг нималар деди?
"Терма жамоа мағлуб бўлганда ҳамиша ўзингни ёмон ҳис қиласан. Аммо менга бугун намойиш қилган ўйинимиз ёқди. Гол киритиш учун бизда вазиятлар кўпроқ бўлди. Тўпни ҳам биз кўпроқ назорат қилдик. Япония кучли прессинг намойиш қилди. Шунга қарамай футболчиларимизнинг ҳаракатларидан бугун қониқиш ҳосил қилдим.
Энди плей-оффда Австралияга қарши ўйнаймиз. Австралия кучли жамоа. Аммо биз кўпроқ ўз жамоамизга эътибор қаратамиз. Ўз ўйинимизни намойиш қилсак, натижага эришамиз. Тикланиш учун уч кун вақтимиз бор. Ўйлайманки, бу вақт давомида хатоларимизни таҳлил қилиб, камчиликларимиз устида ишлашга бизга вақт етади.
Австралия терма жамоаси тикланиш учун бизга қараганда икки кун кўпроқ вақтга эга бўлади. Аммо мен бу ҳолат аҳамиятли деб ҳисобламайман. Биз кучли ўйин намойиш қилишимиз керак. Таркибдаги барча футболчилар Австралияга қарши ўйингача яхши ҳолатда бўлишади. Биз ғалаба учун барча ҳаракатни амалга оширамиз.
Таркибдаги барча футболчилар профессионал. Японияга қарши ўйиндаги мағлубият бизни тушкунликка тушира олмайди. Биз Австралияга қарши яхши тайёрланамиз. Агар битта мағлубиятдан кейин жамоанинг ўзига бўлган ишончи йўқолиб қолаверса, бу жамоа профессионал эмас. Биз кейинги босқич масаласини ҳал қилиб бўлганмиз. Шу сабабли бу мағлубиятдан фожеа ясаш керак эмас", - деди аргентиналик мутахассис.
Фикрлар