Эркин Ғайбуллаев блоги: Ла Лигадан узоқлашган «Реал» ЕЧЛ га яқинлашмоқда

Сўнгги йилларда «Реал Мадрид»нинг тарихи бир хил бўлди, десак муболаға бўлмайди. Мадридликлар охирги беш йил ичида Чемпионлар Лигасини ютган мавсумида Ла Лигада барқарорликни топишда қийналиб қолишди.

Ла Лиганинг «Вильярреал»га қарши қолдирилган учрашувида Сантьяго Солари шогирдлари янги йилни ғалаба билан бошлаб «Барселона»ни чемпионлик пойгасида қувиш имконияти бор эди. Аксинча «сариқ сувости кемаси»га қарши «қироллик клуби» ҳамон кучли жамоа эмасликларини яна бир марта намойиш қилди.

Турнир поғонасининг пастки бурчакларида жон сақлаб юрган клубни мадридликлар ютиши шарт эди.

2-2 ҳисобидаги натижа уларнинг фойдасига бўлмади. 2018-йилни Абу Дабида бўлиб ўтган клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатини ютиш билан якунлаган «қаймоқранглилар» 2019-йилни қониқарсиз тарзда бошлашди.

«Ҳақиқатга қайтиш» – дея изоҳлади АS нашри Соларининг дурангидан кейин. 17-турдан кейин мадридликлар азалий рақибидан нақ етти очкога ортда қолиб кетмоқда.

Marca нинг реакцияси эса ундан ҳам ёмонроқ бўлди. «Ла Лигадан воз кечишга қарор қилишди» – дея ёзди пойтахт нашри. Сўнгги ўн йилликда клуб чемпионликка бўлган интилишини буткул йўқотиб бормоқда.

Октябрь ойи охиридан Хулен Лопетегидан жамоани қабул қилиб олган Солари рухият ва натижалар бўйича анча муваффақиятга эришганди. Аммо улар намойиш қилган ўйин шуни кўрсатдики, улар яна эски муаммоларига қайтишган.

«Вильярреал»га қарши ўйинда Марсело яна бир марта ўз ўйинини намойиш қилолмади. Бразилиялик футболчи ўз стандартидан паст бўлган ўйинни кўрсатмқода. Охирги ўйинда ҳам айнан унинг қўпол хатолари Санти Касорлага икки марта гол уришига сабаб бўлди.

Чап қанот ҳимоячисининг тартибсиз ҳимояланиши мадридликларга қимматга тушди. Ўтган август ойида Испания Суперкубогида «Атлетико»га қарши бошланган иш Ла Лигада давом этиб келмоқда. Агарда «Реал» мавсум якунида совринлар ютишни истаса ҳозироқ бунақанги ўйинини тўхтатиши шарт.

Ярим ҳимояда Каземиронинг қайтиши ҳимояни бироз кучайтиргандек бўлди. Декабрь ойида ажойиб ўйинларини намойиш қилган Маркос Льоренте эса йўқолиб қолди.

Учрашув Гарет Бейлнинг навбатдаги жароҳатини олгани билан ҳам ёдда қолди.

«Ҳаммаси ўз қўлимизда эди. Биз ўйинни эртароқ сўндиришимиз зарур эди. Аммо улар босим уюштиришди ва ҳисобни тенглаштиришди. Уларга очко зарур эди ва кўплаб ҳужумлар уюштирди. Биз эса Бейлнинг чиқиб кетишига боғланиб қолдик» – деди Солари ўйиндан кейин берган интервьюсида.

Вингер рақибдан зарбани қабул қилиб олди ва танаффусда алмаштирилди. Иккинчи таймда эса «Реал» усиз хавфли вазиятлар яратишда қийналди. Яратилган вазиятлар эса яна кўкка совурилди. Айниқса Лукас Васкеснинг Серхи Асенхо қўриқлаётган дарвозага гол уриш учун қулай вазиятдан фойдалан олмагани мухлисларни қаттиқ ранжитди. Бензема ҳам бир ўзи ҳеч нарса қилолмади.

«Танқидлар адолатданмас, деб ўйлайман. Биз кўп танқид қилинган даврлар бўлди, мухлислар бизга ишонишмади. Аммо охирида биз вазиятни ўзгартира олдик ва Чемпионлар Лигаси, чемпионатни ва КЎЖЧ ни қўлга киритдик» – дейди Лукас ўйиндан кейин.

Ички чемпионатни ютиш мадридликлар учун тобора қийин бўлиб бормоқда. Сўнгги 10 йилда улар атиги икки марта Ла Лигани ютиб олди. Ҳатто Криштиану Роналду жамоада эканлигида ҳам «Реал» ички мусобақада ҳам ҳумкронлик қилишнинг уддасидан чиқолмаган.

Португалиялик юлдуз «Ювентус»да жавлонураётган бир пайтда бу вазифа янада қийинлашгандек. Бейлнинг соғлиғи муаммоси давом этмоқда, Марсело ўз ўйинини йўқотиб бормоқда, бошқа футболчилар спорт формасида эмас, захирада эса ҳужумор муқобилларнинг етишмаслиги каби сабаблар клубга ёзда, ҳатто январдан бошлаб таркибни жиддий кучайтириш борасида иш олиб боришлари кераклигини англатади.

Чемпионат тугашига 21 тур қолган бўлсада, каталонияликлардан 7 очкога ортда қолиш кўп нарсани англатади ва Чемпионлар Лигаси улар учун навбатдаги бор муҳим турнирга айланиши кутилмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!