Фазлиддин Ғоибназаров: Тажрибали чапақай боксчилар билан спарринг жанглар ўтказдим
Ads

Хабар бериб ўтганимиздек, Олимпия ўйинлари чемпиони, бугунги кунда проф рингда фаолиятини давом эттираётган ҳамюртимиз Фазлиддин Ғоибназаров 20 октябрь куни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўзининг навбатдаги жангини ўтказади. Ўша куни унга мезбон боксчи Уилберт Лопес рақиблик қилади.

Миллий олимпия қўмитаси Матбуот ва Медиа департаменти боксчимиз билан боғланиб, ушбу жангга тайёргарлик қандай кетаётгани билан қизиқди.

- Навбатдаги рақибим профессионал рингда яхшигина тажрибага эга. Чапақай. Мен ҳар бир рақибга қарши алоҳида тайёргарлик олиб бораман. Тўқнаш келадиган рақибимни ўрганмай рингга чиқмайман. Тайёргарликни унинг чапақайлигини ҳисобга олган ҳолда олиб боряпмиз. Машғулот залларини ҳам шунга қараб ўзгартириб турибмиз. Тажрибали чапақай боксчилар билан спарринг жанглар ўтказдим. Бир сўз билан айтганда, тайёргарлик рақибни тўлиқ ўрганишга қаратилган. Ўйлайманки, бу менга асқотади. 20 октябрь куни томошабоп жанг ўтказиб, ғалабага эришмоқчиман, – деди боксчимиз.

Маълумот учун, Фазлиддин шу кунгача профессионал боксда бешта жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Иккита ғалабани муддатидан олдин қўлга киритган. Тажрибали Лопес эса 34та жанг ўтказиб, уларнинг 23тасида ғалабага эришган. (15тасида нокаут эвазига). Тўққиз маротаба мағлубиятга учраган (1 маротаба нокаут бўлган).