Фозил Мусаев япониялик журналистларга япон тилида интервью берди ёхуд терма жамоамизнинг ўйинига қизиқиш катта
Миллий терма жамоамиз эртага гуруҳдаги охирги ўйинини Японияга қарши ўтказади. Ушбу беллашув эса Ал Айн шаҳридаги “Халифа бин Зайд” стадионида бўлиб ўтади. Биз кеча ҳам ушбу стадионга келиб терма жамоамизнинг машғулотини кузатган эдик. Биз борган пайтда “Халифа бин Зайд” стадионида Сурия ҳамда Австралия терма жамоалари ўртасидаги муҳим беллашув бошланиш арафасида эди. У ерда “Ал Айн” жамоасига қарашли бир нечта машғулот майдонлари бор ва аҳамиятлиси, барча майдонларнинг сифати юқори даражада. Футболчиларимиз “Халифа бин Зайд” стадионининг 3-машғулот майдонида шуғулланишди. Бугун эса иккала жамоанинг бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Айтиш мумкинки, “Халифа Бин Зайд” стадионининг медиа марказида иш жуда қизғин. Айниқса, япониялик ва ўзбекистонлик журналистлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Ҳар доим япониялик ҳамкасблар халқаро мусобақаларда катта бригада билан қатнашишларига ўрганиб қолганмиз ва Осиё Кубогида ҳам кўплаб япониялик ОАВ ходимларига кўзимиз тушмоқда. Шу боис бу сафарги матбуот анжумани ОАВ ходимлари билан гавжум бўлмоқда. Шубҳасиз, япониялик юзлаб журналистларнинг иштирок этаётганини инобатга олсак, албатта бу борада улар етакчилар ҳисобланишади.
Япониялик ҳамкасбларимиз Ўзбекистон терма жамоасига катта эътибор қаратишмоқда. Улар бунгача ўтказган ўйинларимиз ҳамда футболчиларимизнинг имкониятлари ҳақида маълумотлар тўплашмоқда. Чунки бу ўйин гуруҳда биринчи ўрин эгасини аниқлаб беради. Шунинг учун беллашувга бўлган қизиқиш жуда катта. Қолаверса, миллий терма жамоамиз сафида Япониянинг “Жей” лигаси клуби – “Жубило Ивата” жамоасида тўп сураётган ҳамюртимиз Фозил Мусаев ҳам бор. Табиийки, япониялик журналистлар бу масалага ҳам ктата эътибор қаратишмоқда. Масалан, куни кеча Ал Айнда терма жамоамиз истиқомат қилаётган меҳмонхонага япониялик журналистлар келиб, Фозил Мусаевдан интервью олишган ва эътиборлиси Фозил япон тилида гаплашган.
Хуллас, “Халифа бин Зайд” стадионида матбуот анжумани қизиқарли ва кўтаринки кайфиятда ўтди. Доимгидек, Эктор Купер саволларга самимий ва қатъий ишонч билан жавоб қайтарди. Матбуот анжумани якунлангач, терма жамоамизнинг машғулоти бошланди. Айтиш керакки, Купер матбуо анжуманини якунлаб стадион томон кириб кетаётган маҳалда Япония терма жамоаси машғулотларини якунлаб автобусга чиқишаётганди. Орадан бироз вақт ўтгач, терма жамоамизнинг машғулоти бошланди. Кутилганидек, япониялик кўплаб ҳамкасбларимиз жамоамизнинг машғулотини катта қизиқиш билан кузатиб боришди. Футболчиларимиз эса машғулотларни кўтаринки кайфиятда ўтказишди. Ишонамизки, Япония билан бўладиган ўйинда Эктор Купер томонидан сюрприз кўрамиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар