Ғалаба ўз номи билан ғалаба…

Ҳозирда кенг жамоатчилик вакиллари Ўзбекистон – Уммон ўртасидаги ўйинни таҳлил қилишаётган бўлса ажаб эмас. Ўйиндан олдин терма жамоамизнинг ғалаба қозонишини ҳамма кутаётганди ва амалда ҳам шундай бўлиб чиқди. Бунинг учун Яратган шукрлар айтамиз. Осиё Кубоги кутилмаган натижалар билан бошлангани боис терма жамоамизнинг мазкур учрашувидан олдин ҳам бизда қандайдир ҳавотирлар йўқ эмас. Мана, энди бироз енгил тин олсак бўлади. Лекин ўйинни ҳамма кўрди, биз учун қанчалик қийин бўлганини. Ҳайриятки, кутилмаган натижалар билан бошланган жараён бизни четлаб ўтди ва жамоамиз уч очкони қўлга киритди. Энг муҳими ҳам шу.

Агарда кеча терма жамоамиз зўр ўйнаб ғалаба қозона олмаганида нима қилган бўлардик ёки ҳозир қандай аҳволда қолардик? Ўз-ўзидан имкониятларимиз пасайиб кетиши муқаррар эди. Лекин энди бундай эмас. Ахир кеча Ўзбекистон ютди, қандай ўйнади, ким ўйнади, нима қилди ёки ким хато қилди, булар ўйиннинг бир қисми ҳисобланади. Факт шуки, кеча Эктор Купер ва унинг жамоаси Уммонни мағлуб эта олди. Шу боис ушбу мақолани кеча дарҳол ўйиндан кейин шоша-пуша ёзишни истамагандим. Аввал кечаги ўйиндаги асабларни жойига келтириб олиб, чуқур таҳлилни амалга оширгач, бафуржа ёзишни истадим.

Бутун Ўзбекистон ўйинни кўрди. Табиийки, ғалабадан ватандошларимиз бизга табрикнома битилган хабарларни юборишяпти. Ҳамманинг фикри бор, аммо аксарияти жуда қийналганимизни ёзса, яна айримлари ақлли ўйнашганини, баъзилар эса фақат омад биз томонда бўлганини ёзишмоқда. Энди бевосита ўйиннинг «ичига» кирадиган бўлсак, дарҳақиқат Уммон оддий рақиб эмаслигини бизга кўрсатиб қўйди. Аслида вазият қандай эди? Уммон бош мураббийи голландиялик Пим Вербек терма жамоамиз ва унинг бош мураббийи Куперга юқори баҳо берган. Чунки у ўз ҳамкасбининг нималарга қодирлигини яхши биларди. Шу боис улар биз билан учрашувга ҳаддан ортиқ юқори даражада тайёргарлик кўришган. Улар ушбу учрашувда фаворит Ўзбекистон эканлигини яхши билишарди. Натижада муносиб қаршилик кўрсатиш учун ҳам улар биз билан учрашувда ўзларининг энг яхши ўйинини кўрсатишга ҳаракат қилишди. Чиндан ҳам учрашув давомида Вербек ўз жамоасини ўйинга муносиб тайёрлагани кўриниб турди. Уммоннинг ўйинида мураббийнинг имзоси кўринди, буни тан олишимиз керак. Дарвозамиз олдида голга тортадиган имкониятларни яратишди. Аммо Игнатий Нестеровнинг жони соғ бўлсин, у бизнинг халоскоримизга айланди. Ўтказиб юборилган голда эса аввало ҳимоячиларимиз назорат қила олишмади.

Биз нима учун кечаги учрашувда қийинчиликларга дуч келдик? Аввало рақиб бизга кучли ўйин таклиф этди. Биз бунга тайёр эмасдик дея олмайман, шунчаки, биз бу ўйингача назорат учрашувини ўтказмадик. Натижада футболчилар дастлабки расмий беллашувда ўз ўйинларини топиб олиши қийинроқ кечди. Эктор Купер эса ҳаммасини режа бўйича бажаряпти. Яъни, унинг танлови билан ўртоқлик учрашуви ўтказилмади, аммо бу энди муҳим масала эмас. Биз учрашувдаги иккита голни ҳам индивидуал маҳорат эвазига киритдик. Дастлаб Одил Аҳмедов стандарт вазиятдан ажойиб голни урди. Ўйин охирида эса Икром Алибоев билан Элдор Шомуродов Уммон ҳимоячиларини парчалаб ташлади. Айниқса, Шомуродов шу қадар совуққонлик билан ўйнадики, мана сизга Россия чемпионатининг савияси. Бу нарса Элдорга жуда яхши фойда бўлганини айнан Уммон дарвозасига киритган голида яққол намоён бўлди. Ростини айтганда, Шомуродов ўша голи билан Куперни ҳам, жамоамизни ҳам қутқариб қолди. Лекин шу ўринда бош мураббийнинг топқирлигига ҳам қойил қолиш керак. У айнан учрашув охирларида Шомуродовни захирадан майдонга туширди, гол уриб ғалабани таъминлаб бериши учун. Футболчи эса бу ишни аъло даражада уддалади. Кўпчилик Шомуродовни асосий таркибда майдонга тушириш керак эди деб ҳисоблаяпти. Балки у бошланғич таркибда майдонга тушганида шундай фойда келтира олармиди? Балки Купер ҳаммасини олдиндан билгани ва Элдорни мана шундай тарзда ёрдам беришини сезгани учун асосий таркибга киритмагандир. Бу унинг иши. Шунингдек, бошланғич таркиб ва тактика масаласида ҳам баҳс-мунозаралар бўлди. Аммо мураббийнинг ишига аралашмаймиз, натижага у жавоб беради. Ўйин охирларида Кримецнинг қизил карточка туфайли майдондан четлатилгани келсак, у жамоамизни қутқарди. Агарда ўша вазиятда рақиб ўйинчиси ундан ўтиб кетганида билмадим, нима бўларди? У охирги чорани кўрди ва тўғри қилди.

Қисқаси, кеча ютдик, демак ҳаммаси тўғри бўлган экан дейиш ҳам мумкин. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, бир қанча факторлар ҳам шу куни бизнинг фойдамизга ишлади. Аввало омад биз томонда бўлди. Агарда Япония билан биринчи турда тўқнаш келганимизда нима бўларди деган савол туғилади. Лекин кеча японлар қўшнимиз Туркманистонни зўрға ютишди. Очиғи, Япония ўз кучини у қадар кўрсата олмади. Биз эса Уммон тўсиғидан ўтдик ва энди Туркманистонни ҳам ютиб олсак гуруҳдаги охирги учрашувгача футболчиларимиз ўз ўйинларини анча тартибга келтириб олишади. Ишонинг, Ўзбекистон ўйиндан-ўйинга кучайиб бораверади. Купер ҳаммасини режа бўйича бажаряпти ва назорат қилиб боряпти. Ғалаба барибир ўз номи билан ғалаба-да…

Шуҳратбек Жўраев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
saidbuxoro
10/01/2019 15:10
Эххе
&
Davlatov Sherzod
11/01/2019 00:12
"Hujumda o'ynaylik" Hamidovning fikriga qo'shilaman
&
Лео Месси
10/01/2019 19:20
Ниҳоят рўйхатдан ўтдим. Ураааа
Махбуба Хамидова
10/01/2019 18:08
Албатта галаба бу хурсандчилик. Лекин уйиндан кейин мен карвалол ва валидоларни ичмаганимга билмадим бугун юрармидим?.
Футболчиларимиз умуман таёрэмас на чопишга на пас беришга на бир зарба беришга.
Худога шукр дейманки Нестеров кеча борини берди бизлар учун. Камида 3 та 100 фозлик голлардан куткарди.
Тасано ва баракалох Нестеров