«Гимнастика барча учун». Навоийда катта мусобақа ташкил қилинди

 

Навоий шаҳридаги «Ёшлар» спорт мажмуасида хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини мустахкамлаш, уларни жисмоний тарбия ва спорт билан оммавий тарзда шуғулланишга жалб қилиш мақсадида «Гимнастика барча учун» номли вилоят биринчилиги ўтказилди. Мусобақада Навоий вилоятининг барча туманларидан 300 нафардан зиёд гимнастикачилар иштирок этишди.

Беллашувлар турли ёш тоифаларида ташкил этилди. 12-16 ёшли спортчилар ўртасида Навоий шаҳри вакиллари биринчи ўринни банд этишди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Зарафшон шаҳри ва Хатирчи тумани гимнастикачиларига насиб этди.

17-18 ёш тоифасида кечган баҳсларда ҳам навоийликлар тенгсиз бўлишди. Иккинчи поғонадан Зарафшон шаҳри ва Нурота тумани спортчилари жой олишди. Учинчи ўринни Нурота тумани жамоаси эгаллади. 20-25 ёшли гимнастикачилар баҳсида Хатирчи тумани жамоаси биринчи бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринлар мос равишда Нурота ва Кармана тумани жамоаларига насиб қилди.

Жамоавий баҳсларда эса 90 балл жамғарган Хатирчи жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўриндан Зарафшон шаҳри (60,8 балл) банд этди. Учинчи ўриндан эса Нурота тумани (59,5 балл) жой олди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!