Игуаин: Аргентина ҳақли равишда 1/8 финалга чиқди

Аргентина терма жамоаси форварди Гонсало Игуаин Нигерияга қарши (2:1) кечган ЖЧ–2018 гуруҳ босқичи сўнгги тур ўйинидан кейин ўз фикрларини билдирди.

“Аргентина ҳақли равишда 1/8 финалга чиқди, деб ҳисоблайман. Кўп нарсага чидашга тўғри келди, кўп азият чекдик. Айниқса Нигерия пенальтидан ҳисобни тенглаштирганидан кейин. Менда ҳам қулай вазият бўлганди, тўп пастдан ҳаракатланаётган эди ва мен пастлатиб зарба бермоқчи эдим, аммо зарба ўхшамади.  Бироқ Рохонинг голи бутун Аргентинага бахт олиб келди.

Рақиб жуда ҳам кучли эди, шу сабабли ғалабадан фахрланамиз. Мухлислар бизга ёрдам беришди – уларни эшитдик, ҳис қилдик ва бу ажойиб муҳит бўлди. Улар ҳар ерда биз билан. Рохо қўли билан ўйнади? У ерда пенальти бўлди деб ўйламайман. VAR ҳакамга тўғри қарор қабул қилиш имконини берди.

Энди бизни Франция кутиб турибди – хавфли рақиб ва унга жиддий тайёргарлик кўриш лозим. Бугунги ўйиндаги каби руҳий жиҳатдан ўзимизни тайёрлай олсак, чорак финалга чиқиш учун барча имкониятга эга бўламиз”, – деди Игуаин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!