Ислом Аҳмедов: Бизнинг раҳбарларга индамасдан, хўп дейдиган мураббийлар керак
Айни пайтда Тошкентда мураббийлар учун ОФКнинг “А” лицензиясига ўқув-курслар давом эттирилмоқда. Тажрибали инструктор Ислом Аҳмедов бошчилик қилаётган гуруҳда 24 нафар бўлажак мураббийлар таҳсил олишяпти. Жумладан, Шерзод Шарипов, Юрий Сиянов, Неъматилло Қуттибоев, Алишер Бозоров, Виктор Карпенко, Собир Ходиев, Виталий Лушачев, Анвар Алматов, Хайрулла Каримов, Аббос Абдуллаев, Шуҳрат Қорабоев, Зокир Хаётов, Асрор Алиқулов, Абдумажид Тоиров, Дурбек Умаралиев, Диёр Мирзабоев, Темур Турдиев, Науфал Бобоев, Абдумалик Ҳакимов, Александр Ежов, Элдор Мойлиев, Тимур Кападзе, Юрий Арслонов, Рустам Орипов каби мухлисларимизга яхши таниш бўлган собиқ футболчиларни учратиш мумкин. Кўпни кўрган ва кўплаб шогирдлар етиштирган Ислом Аҳмедов билан бир қатор муҳим масалаларда фикр алмашдик.
Мураббийларимиздаги муаммо ҳақида
- Бизда катта муаммо бор. Нимагадир раҳбарларимиз ўзимизнинг мураббийларга ишонишмайди. Нимага деганда, барча раҳбарларга индамасдан хўп деб ишлайдиган мураббийлар керак. Ваҳоланки, хориждан келган мураббий қандай талаблар қўйса, раҳбарлар барчасига хўп дейишади. Ваҳоланки, худди шундай талаб ва истакларни ўзимизнинг мураббийларимиз айтишса, ҳар доим мутасаддилар йўқ дейиш учун қандайдир сабаблар топишади. Шу боис улар маҳаллий мураббийларни унчалик ёқтиришмайди. Лекин мураббийлар нима талаб қилишса ҳам фақат ишлаш учун сўрашади-да. Айтайлик, яхши майдон, шароитлар эга бўлган ётоқхона, овқатланиш, автобус, хуллас, футболчилар қийналмаслиги учун ҳамма шароитлар бўлиши лозим ва мураббийга шулар керак. Бизни мураббийлар шу нарсалар ҳақида сўраса, доим раҳбарлар ҳамма нарса бор, фақат ишла дейишади. Ҳамма нарсага хўп деб кетаверадиган мураббийларни ўзингиз тушанасиз. Бундай тоифадагилар мутахассис эмас.
Ўқув-курси хусусида
- Бизда ҳозир ажойиб гуруҳ бор. Курс бошланганига икки ҳафтадан ошди, уларга дарс ўтиб маза қиляпман. Ҳар доим ҳам бундай гуруҳ йиғилавермайди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Куперни ҳам ўқув курсимизга таклиф қилдим. Мен бунинг учун қўл остимда ўқиётган мураббийларни тайёрлаб қўйдим. Купер ўз тажрибаси билан ўртоқлашади ва савол-жавоб қиламиз. Бу гуруҳимизда ўз вақтида тажрибали ҳисобланган собиқ футболчилар йиғилишган. Эндиликда улар бўлажак мураббийларга айланишяпти. Улар катта-катта мусобақаларни кўришган, шу боис дунёқарашлари ҳам кенг. Футболни яхши тушунишади. Фақат бир нарсадан ҳавотирдаман. Уларда келажак йўқ. Ҳозирда қўл остимдагиларга тўғри нарсаларни ўргатяпман ва буни ўқувчилар тушунишяпти. Лекин биздан олган билимларини кейин қаерда ишлатишади? Ким маҳаллий мураббийга имконият беради? Раҳбарларимиз ўзини йўлига юрадиган, хўп дейдиган мураббийларни ишга олишади. Кейин эса гапиришади, Ўзбекистонда яхши мураббийлар йўқ деб. Лекин бизда ақлли ва истеъдодли мураббийлар авлоди етишиб чиқишяпти. Шунчаки, уларга имконият яратиб бериш даркор. Тимур Кападзе иш бошлашга тайёр, унинг дунёқараши ҳам кенг. Футболни атрофлича тушунади. Муомаласи ҳам жойида. У келажакда хорижда ҳам бемалол ишлай олади деб ўйлайман. Виктор Карпенко ва Хайрулла Каримов масаласида ҳам шу фикрларни айтишим мумкин. Уларни “С” лицензиясидан бери ўқитиб келяпман. Имкониятларини яхши биламан, ўсиш кўзга ташланиб турибди, бемалол ишлаб кетишади. Бизда мураббийлар етарли.
Аҳмедовни ўйлантираётган яна бир муаммо
- Биласизми, иш юзасидан кўплаб мамлакатларда бўламан. Очиғи, бошқа юртдаги футболчилар билан ўзимиздагиларни солиштираман. Тан олиш лозим, биздаги иқтидорли йигитлар кучлироқ. Шунчаки, уларни янада кўпроқ ишлатиш керак. Хўш, бунинг учун мураббийлар керак, тўғрими? Бизда мураббийлар кўп деймиз. Аммо шу кунгача менинг қўл остимдан қанчадан-қанча мураббийлар чиқди, аммо қани улар? Мураббийга иш берилдими, унга умуман аралашиш керак эмас. Хорижлик мураббий ишласа унга яқинлаша ҳам олишмайди. Аммо маҳаллий мураббий ишласа, унга ҳамма ўргата бошлайди. Футболда ҳамма ўз ишини бажариши шарт. Лекин бизда бировларнинг ишига аралашиш одатлари кўп. Бу футболимиздаги муаммолардан бири. Ўзини ҳурмат қилган мураббий эса бундай жойда ишламайди.
Юртимиздаги хорижлик мутахассислар ҳақида
- Юқорида айтганимдек, хориждан келган мутахассисга ҳамма шароитларни яратиб беришади. Аксинча, маҳаллий мураббийларга эса етарли даражада эмас. Ҳар бир мураббийнинг иши – бу жамоаси майдонда қандай ўйин кўрсатаётганида билинади. Тўғриси, Арвеладзе ва Канчельскиснинг қандай ишлашаётганини билмайман. Жамоаларини эса қандай ўйин кўрсатаётганини кўряпман. Мураббийларнинг ишига ўз жамоасининг қандай ўйин намойиш этаётгани орқали хулоса чиқариш керак. Лекин юртимизда ишлаётган хорижлик мураббийлар тўғрисида бир нима дейиш мен учун ноқулай. Уларга сиз журналистлар четдан кутазиб баҳо берсанглар бўлади. Агар мен нимадир десам нотўғри бўлади. Мендан маҳаллий мураббийлар тўғрисида сўрасангиз етарли даражада жавоб бераман. Бизда ҳам кучли мутахассислар бор, шунчаки етарлича имконият бериш ва мураббийларга қулоқ солиш керак.
Мураббийларимиз учун хориждан ишлаш қийинми?
- Футболда ишлаётган агентлардан сўрасангиз ҳам бўлади. Клублар ўзларига биринчи навбатда Европадан мураббий исташади. Қачонки, бизнинг мураббийлардан кимдир четда ишламоқчи бўлса, унинг ортида кучлироқ одам бўлиши керак. Лекин бизнинг мутахассисларимиз араб клубларида, умуман Осиёда ишлашлари мумкин. Бироқ Осиё жамоаларида пул бўлса улар ҳам биринчи навбатда Европадан мураббий чақиришади. Шунинг учун мутахассисларимизга четга кетиш қийин. Савияси паст чемпионатларга ким боради? Ҳиндистон ва Бангладеш каби чемпионатдаги клублар мураббий сўрашяпти, аммо у ерга ким боради? Кимга керак, бу? Савияси паст, футбол ҳам унчалик ривожланмаган. Аксинча, қитъамиздаги футболи ривожланган чемпионатларда эса асосан хориждан келиб ишлашяпти. Аслида улардаги мураббийлар ҳам у қадар кучли эмас. Шунчаки, уларда Европа паспорти бор, холос. Четга чиқиш учун тил муаммо бўлиши ҳақида айтишяпти. Аммо тил билиш унчалик муаммо саналмайди. Чунки буни ўрганиб олиш мумкин.
Кейинги режалар
- Бундан кейин бизда “Про” лицензияси учун курс бошланади. Европадан инструктор келади, мен эса унга ёрдамлашаман. Сўнг ФИФА йўналиши бўйича бир ҳафтага Қирғизистонга бориб келаман. Декабрда Осиё Кубоги мусобақаси учун ҳам йиғилиш бўлади ва унга ҳам бориб келаман. Сўнгра 2 ёки 3 январда БААга бир ойга жўнаб кетаман. У ерда Осиё Кубоги мусобақасида таҳлилий гуруҳ марказида ишлаймиз.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.
Фикрлар