Тезкор: Ҳусанов қачон сафга қайтиши маълум бўлди!

  • 15 октябрь, 06:26
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Англия Премьер-лигасининг саккизинчи турида “Манчестер Сити” чемпионатнинг ўртамиёна, лекин ҳар қандай рақибга сюрприз тайёрлай оладиган “Эвертон”га қарши муҳим учрашув ўтказади.

Tecno

“Шаҳарликлар” ўз мухлислари кўз ўнгида бўладиган тўқнашувда ғалаба қозониб, Европа Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи кучли тўртликка киришга уриниб кўради.

Ушбу баҳс олдидан Хосеп Гвардиола олдида кадрлар муаммоси вужудга келган эди. Асосий таркибнинг бир неча вакили жароҳатга йўлиққани боис муҳим учрашувларда жамоага ёрдам бера олмади.

Нуфузли манбалардан бири – standard.co.uk портали “Манчестер Сити”да жароҳатлар билан боғлиқ вазиятни ўзгариб чиқиб, етакчи ўйинчилар қачон сафга қайтишига ойдинлик киритди. Sports.uz портали ушбу маълумотларни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.

- “Манчестер Сити” халқаро танаффусдан жароҳатланганлар бўйича яхши хабарлар билан чиқмоқда. Хосеп Гвардиола кутаётган ўйинчилардан Родри охирги жароҳатидан кейин Испания терма жамоаси таркибида бир неча дақиқа ўйнади. Жароҳати узоқроқ вақтдан бери давом этаётган бир неча муҳим футболчиларнинг ҳам майдонга қайтадиган пайти яқинлашиб қолмоқда.

Франциялик ҳужумкор футболчи Райан Шерки аввалги турда “Брентфорд” билан бўлган ғалабали ўйин қайдномасига киритилган эди, бироқ майдонда кўриниш бермади. Шерки Хосеп Гвардиола қайтишини энг кўп кутаётган ижрочилардан бири ҳисобланади. Чунки жамоа чемпионатнинг муҳим палласига кириб боряпти.

Жароҳати бироз жиддийроқ бўлиб чиққан Умар Мармуш, Райан Айт-Нури ва Абдуқодир Ҳусанов ҳақида ҳам ижобий хабарлар бор.

Райан Айт-Нури

Ёзда “Вулверхэмптон”дан трансфер қилинган жазоирлик футболчи август ойида “Этиҳад”да “Тоттенхэм”га қарши ўтказилган учрашувда шикастланганидан бери тўп тепгани йўқ. Райан қаторасига саккизта ўйинни ўтказиб юборишга мажбур бўлди.

Жазоир миллий терма жамоаси чап қанот ҳимоячисини октябрь ойидаги йиғинга чақирмаган бўлса-да, Айт-Нури халқаро танаффусдан кейин “Манчестер Сити” таркибига қайтишга тайёрлиги айтилмоқда.

Умар Мармуш

Сентябрь ойидаги ФИФА кунлари Миср терма жамоаси сафидаги учрашувда тиззасидан жароҳат олган ҳужумчи бир ойдан ортиқ вақт давомида даволанишга мажбур бўлди.

Хосеп Гвардиола Мармуш октябрь ойидаги халқаро танаффусдан аввал сафга қайтишини айтганди. Амалда ундай бўлиб чиқмади. Бироқ сўнгги маълумотларга қараганда, Умар Мармуш жароҳатидан тўлиқ фориқ бўлган ва формасини тиклаб олиш учун машғулотларга киришишга шай. Мармуш 18 октябрь куни “Эвертон” билан бўладиган учрашувда майдонга тушишни истаяпти.

Абдуқодир Ҳусанов

Хосеп Гвардиоланинг универсал ҳимоячига айланиб бораётган Абдуқодир Ҳусанов қачон сафга қайтиши ҳақидаги башорати ҳам ўзини оқлагани йўқ. Пеп ўзбек ҳимоячиси учта ўйинни ўтказиб юборишини маълум қилганди.

Бош мураббий тахминидан келиб чиқиб, 21 ёшли легионернинг 5 октябрь куни “Брентфорд” билан бўлган учрашув олдидан жамоага қўшилиши кутилганди. Аммо вазият кутилганидек осон ҳал бўлгани йўқ.

Абдуқодир Ҳусанов халқаро танаффусгача тўлиқ тиклана олмади ва бунинг оқибатида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Кувайт ва Уругвайга қарши ўртоқлик ўйинларида ҳам қатнашмади.

Шунга қарамай, Ҳусанов ҳафта охирида бўладиган учрашувлар олдидан сафга қайтади. Бу ҳимоячи ҳам жамоадоши Умар Мармуш сингари 18 октябрда “Эвертон” билан бўладиган баҳсда майдонга тушиш имконига эга, - деб ёзди standard.co.uk журналисти Оли Жент.

Англия Премьер-лигасининг саккизинчи туридан ўрин олган “Манчестер Сити” ҳамда “Эвертон” ўртасидаги учрашув 18 октябрь куни Тошкент вақти билан 19:00 да бошланади.

Ўзбек футболчиларига уч кунда икки марта ютқазган терма жамоа мураббийи истеъфога чиқди

Ўзбекистон ягоналигича қолди: Биз кутган яна бир терма жамоа жаҳон чемпионатига чиқолмади

Ўзбекистонга қарши саф тортадиган Уругвай нимаси билан кучли?

Ҳусанов машҳур футболчининг мундиалга йўлини тўсиб қўйди

“Манчестер Сити”нинг Ҳусанов бўйича якуний қарори маълум бўлди

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!