
Ўзбек футболчиларига уч кунда икки марта ютқазган терма жамоа мураббийи истеъфога чиқди
Тошкентда Ўзбекистон U-20 терма жамоаси қозоғистонлик тенгқурлари билан иккита ўртоқлик учрашувини ўтказди. Дастлабки, баҳсда Фирдавс Абдураҳмонов томонидан киритилган ягона гол ўйин тақдирини ҳамюртларимиз фойдасига ҳал қилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари ўртасидаги иккинчи учрашув анча кескин ва муросасиз ўтди. Илк учрашувдаги мағлубият учун реванш олишни кўзлаган Қозоғистон U-20 терма жамоаси саккизинчи дақиқадаёқ Али Тургановнинг аниқ зарбаси эвазига ҳисобни очди.
Бироқ танаффусга Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси футболчиси Абдуғофур Ҳайдаров рақиб дарвозасига иккита тўп киритиб, мағлубиятни ғалабага айлантирди. Иккинчи бўлимда Асилбек Жумаев ҳисобни йириклаштирди – 3:1.
Қозоғистон U-20 терма жамоаси катта мураббийи Денис Мамонов Ўзбекистоннинг ёш футболчилари билан бўлиб ўтган иккита учрашув бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди ва лавозимидан истеъфога чиқишини эълон қилди.
- Тошкентда биз Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига қарши иккита ўртоқлик учрашувини ўтказдик. Бунақа имконият пайдо бўлганида, биз иккита учрашув форматини танладик. Чунки йигитларимизга кўпроқ халқаро тажриба керак.
Шунингдек, бу ўйинларда захирадаги ўйинчиларнинг салоҳиятини ўрганиш учун барча номзодларга футбол ўйнаш имконини беришга қарор қилдик.
Афсуски, иккала учрашувда ҳам имкониятни бой бердик. Андоррадан учралган аламли мағлубиятдан кейин мураббийлар штаби бу ўйин футболчиларнинг кайфиятига салбий таъсир қилганини сезган эди.
Ўзбекистонга қарши ўтказилган биринчи учрашувда футболчиларимиз Андоррадан учралган мағлубиятдан кейин ўзларига бўлган ишончни қайтариш, ҳар томонлама тикланиб олиш ва мухлисларни хурсанд қилиш учун ижобий натижа қайд этиш кераклигини яхши билишарди. Аммо учрашув охирида гол ўтказиб юбориб, 0:1 ҳисобида ютқаздик.
Иккинчи ўйинда эса, дастлабки дақиқалардан рақибга босим ўтказишга ҳаракат қилдик, бунинг самарасида тезкор гол ҳам урдик. Якунда эса, яна мағлубиятга учрадик. Бунинг сабаби шуки, баҳс давомида ўзимиз яратган хавфли вазиятлардан унумли фойдалана олмадик.
Ўзбекистон билан бўлган иккинчи ўртоқлик учрашувидан сўнг кийим алмаштириш хонасида футболчиларга Қозоғистон ёшлар терма жамоаси катта мураббийи лавозимини тарк этишимни эълон қилдим.
Ўйинчиларнинг профессионаллиги учун уларга миннатдорлик билдирдим, олдинда бўладиган Европа чемпионати саралаш турнири учрашувларида муваффақиятли иштирок этишларини тиладим, тез орада ҳозирги вазият ижобий томонга ўзгаришига умид қилишимни айтдим, - деди Денис Мамонов.
Ҳусанов ҳам “Сити” топ-рейтингга киришига ҳиссаси қўшди
Тезкор: Ҳусанов қачон сафга қайтиши маълум бўлди!
Ўзбекистон ягоналигича қолди: Биз кутган яна бир терма жамоа жаҳон чемпионатига чиқолмади
Ўзбекистонга қарши саф тортадиган Уругвай нимаси билан кучли?
Ҳусанов машҳур футболчининг мундиалга йўлини тўсиб қўйди
“Манчестер Сити”нинг Ҳусанов бўйича якуний қарори маълум бўлди
Фикрлар