Лопетеги – «Реал»нинг Мойесими?

Испаниялик мураббий клубнинг улкан умидларини рўёбга чиқаришда қийинчиликка учрай бошлади ва у айни вақтда ечими йўқ вазифани бажаришга уринаётгандек кўринмоқда.

Зинедин Зидан «Сантьяго Бернабеу»ни ўзи учун энг тўғри вақтда тарк этди. У қаторасига учинчи марта Чемпионлар Лигасини ютди ва клубдан қаҳрамон сифатида кетди.

Тарих «Реал»ни ажойиб жамоа сифатида эслаб қолади, аммр Европадаги зафарлар ички чемпионатдаги муаммоларни юзини тўсиб турганини яшириб бўлмайди.

Улар ўтган мавсумда Ла Лиганинг 16 ўйинида ғалаба қозона олмади ва азалий рақиби «Барселона»дан 17 очко ортда қолган ҳолда маррага етиб келди. Зиданнинг сўнгги мавсуми старти жуда қўрқинчли тарзда бошланди ва у жамоада мувозанатни сақлаб қола олмади. Мадридликлар «Валенсия», «Леванте» ва «Реал Бетис»ни ўз уйида енга олмади, чемпионат соврини учун курашдан улар Рождестводан олдиноқ чиқиб кетишганди.

Зидан Чемпионлар Лигаси финалида «Ливерпуль»га ютқазиб қўйганида унинг клуб бошқарувидан шармандаларча қувилиши муқаррар эди. Гарчи Чемпионлар Лигаси якунда ўзларида қолган бўлсада, жамоада аниқ муаммолар етарлича эди. Зиданнинг энг севимли сўзига айланган «жабр кўриш» ҳолатини қитъанинг нуфузли соврини босиб кетди. «Қироллик клуби» Қирол Кубоги чорак финалида «Леганес» томонидан чиқариб юборилгандан кейин таркибда жиддий ўзгаришлар қилиш кераклиги барчага аён бўлди.

Чемпионлар Лигасини қаторасига уч бора ютиб олган жамоа ҳақида бундай дейиш бироз ғалати, аммо бу ҳақиқат. Жамоанинг вазифаси бир ўйинлик натижаларга боғланиб қолди. Улар мавсум давомида 40-50 ўйин давом этадиган мусобақаларда очиқ-ойдин қийнала бошлади.

Шунга қарамай Зидан клуб бошқарувидан кетганидан кейин янги мураббий олдида нафақат «Реал»нинг обрўсини сақлаб қолиш, балки уни янада яхшилаш вазифаси топширилди.

Криштиану Роналдунинг сотиб юборилиши Лопетеги келишидан олдин амалга оширилди. Бу бир тарафдан янги мураббий олдидаги топшириқни бажаришни осонлаштириши кутилган эди. Аммо бошқа томондан клубнинг барча даврлардаги энг яхши тўпурарини йўқотиши ҳам энг катта муаммо эди.

Унинг йўқлигини билдирмаслик жуда қийин масала. Карим Бензема, Гарет Бейл ва Марко Асенсиолардан мавсумда 40 талаб гол кутиш маъносиз.

Переснинг сўнгги йиллардаги трансфер сиёсати тайёр «Галактика» қуришдан кўра келажакка сармоя киритиш бўлди. Сўнгги йилларда Хесус Вальехо, Алваро Одриосола, Дани Себальос, Марко Асенсио, Винисиус Жуниор ва Мариано Диас каби ёш иқтидор вакиллари клубга жалб қилинди. Фақатгина Асенсио барча мураббийлар қўли остида асосий таркибдан жой ола билди. Бироқ унинг жамоани сезиларли кучайтириши учун вақт ва тажриба талаб этилади. Бу Лопетегининг хатоси эмас. У Переснинг клубни қайта ёшартириш сиёсати қурбони, холос.

Лопетеги янги мавсумда «Реал»га янгича ўйин услуби жорий қилиши керак эди. Бу мавсум стартида – уч ёки тўрт учрашувларда ўз сўзини айтди. Чемпионлар Лигаси доирасида «Рома»га қарши ўйинда тўлиқ ташаббусга эга бўлди.

Аммо ўшандан кейин «Реал»га бир нима бўлди. Улар ҳамон тўпга кўпроқ эгалик қилишмоқда, уни голга айлантиришга келганида жиддий оқсамоқда. Роналдунинг кетиши бу масалада билинмоқда, Бензема имкониятларни кўкка совуришда давом этмоқда.

Бунга жароҳат олган муҳим футболчиларни ҳам қўшсак, сўнгги мағлубиятларда Лопетегининг ҳолатини жуда яхши тасаввур қиламиз.

Ўтган ҳафта «ЦСКА»га қарши ўйинда Дани Карвахал, Марсело, Гарет Бейл, Иско ва Лука Модричлар жамоага ёрдам бера олишмади. Рамос эса учрашувга йўл олмади. Бундай таркиб Зиданни ҳам қийин аҳволга солиб қўйган бўларди. Чунки ҳар қандай мураббий бундай йўқотишлар билан омадсизликка учрайди. Бундай йўқотишлар Ла Лига доирасидаги баҳсларда ҳам бўлмоқда.

Камига таркибнинг бир неча футболчилари – Рафаел Варан ўз спорт формасида эмас, Модрич янги мураббийни нималарга қодирлигига ишонтира олмаяпти, Зидан кашфиёти Каземиро эса янги мураббий қўли остида ўз позициясини ўзгартиришга мажбур бўлди ва бу унинг ўйинига таъсир қилмоқда.

Клуб афсонаси Зидан кабиларни муносиб тўлдириш вазифаси умуман осон эмас. Ҳатто унинг тақдири жорий ой якунида бўлиб ўтадиган «Эль Классико»даги натижага боғлиқ бўлиши ҳақидаги миш-мишлар болалай бошлади.

Сэр Алекс Фергюссон «Манчестер Юнайтед»ни охирги марта чемпион қилиб кетганига ҳам беш йил тўлди. Унинг ўрнига келган Девид Мойесга қолган мерос ва Хулен Лопетегининг айни вақтдаги ҳолати ўртасида боғлиқлик бор. Чунки муаммо жуда чуқур илдиз отган.

Наҳотки у «Реал»нинг Мойеси бўлса? Буни тез орада билиб олишимиз аниқ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!