Лутфулла Тўраев: ОКМКда қолишни истагандим, аммо…

Тажрибали футболчи Лутфулла Тўраев ўтган йили ОКМК жамоасининг сардори сифатида иштирок этиб Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди. Лекин янги мавсумда олмалиқликлар сафида катта ўзгаришлар юз бергани боис жамоадан бир қатор ўйинчилар кетишди. Уларнинг орасида эса Лутфулла Тўраев ҳам бор. Кубокнинг қўлга киритилишида катта ҳисса қўшган ярим ҳимоячи эндиликда «Бунёдкор» жамоасининг машғулотларида иштирок этяпти. Биз эса унинг ОКМКдан нима учун кетганининг сабабларини билишга қизиқдик ва суҳбатни миллий терма жамоа ҳақидаги савол билан бошладик. Чунки Тўраев ҳам ўз вақтида терма жамоамиз сафида кўплаб учрашувларда иштирок этган. Шу боис у терма жамоамизнинг омадсиз иштироки ҳақида ўз фикрларини билдирди.

- Миллий терма жамоамизнинг собиқ футболчиси сифатида вакилларимизнинг Осиё Кубогидаги иштирокига қандай баҳо берасиз?

-  Терма жамоамизнинг ҳамма ўйинларини кўрдим. Уммонга қарши биринчи учрашувда жамоамиз қийинчиликларга дуч келди. Бунга эса менимча Осиё Кубогигача терма жамоамизнинг ўртоқлик учрашувини ўтказмагани сабаб бўлди деб ўйлайман. Туркманистонга қарши беллашувда эса жамоамизнинг кўрсатган ўйини менга ёқди. Учинчи турда Японияга ютқазиб қўйдик. Аммо ўша учрашувда тенгма-тенг ўйин бўлди. Австралия билан баҳсда эса жамоамиз биринчи бўлимда яхши ўйин кўрсатганди. Иккинчи бўлимда йигитларимизнинг жисмоний тайёргарлиги етарлича бўлмагани учунми, ҳар ҳолда ташаббус рақиб томонида бўлди. Ўйин назоратини Австралияга бериб қўйишди. Лекин асосий ва қўшимча вақтларда кучлар тенг келди. Ҳаммаси пенальтилар сериясида аниқланди. Бу эса шунчаки лотореяга ўхшайди. Унда ким ютишини аниқ айтиб бера олмаймиз. Бироқ омад Австралияга кулиб боқди. Энди бор эътиборимизни кейинги мусобақаларга қаратишимиз керак. Бу мағлубиятдан эса фожеа ясамаслик керак. Эктор Купер биз учун янги мураббий эди ва унга вақт беришда давом этишимиз лозим. Олдимизда жаҳон чемпионатининг саралаш баҳслари турибди. Бутун эътиборни ушбу ўйинларга қаратиш лозим.

- ОКМК клубидаги ўзгаришлардан кейин сиз ҳам у ердан кетдингиз. Воқеалар ривожи қандай тус олганди?

- У ерга янги мураббий келди. Миржалол ака Қосимов билан олдин ҳам бирга ишлаганмиз. Аммо бу сафар жамоада олиб қолишни лозим топмади. Бунинг устига ОКМК билан тузилган шартномам ҳам тугаганди. Шу боис эндиликда йўлларимиз кесишмади. Бундан кейин ҳам ОКМК жамоасига омад тилайман. Осиё Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичидан муваффақиятли ўтишини хоҳлайман.

- Демак, клубдан кетишингизнинг ташаббуси сиздан чиқмаган, шундайми?

- Ҳа, тўғри.

- Кейинги тақдирингиз юзасидан Миржалол Қўшоқович билан гаплашмадингизми?

- Йўқ.

- ОКМК билан Ўзбекистон Кубогини қўлга киритиб, ўзига яраша тарих ёздинглар. Шу боис бу жамоани қандай ҳиссиётлар билан тарк этдингиз?

- Албатта, бу жамоани бошимизни тик тутган ҳолда тарк этдик. Олмалиқ жамоасида бир ярим йил ўйнадим ва қийинчиликларга қарамасдан Кубок соҳибига айландик. Бизда ажойиб мураббийлар ва футболчилар жамланганди. Гарчи Суперлигада ишларимиз унчалик юришмаган бўлса-да, Кубокни қўлга киритишга муваффақ бўлдик. Ҳамма кўрди, ўшанда ярим финалда «Бунёдкор»ни, финалда эса «Пахтакор»ни мағлубиятга учратдик. Ваҳоланки, улар ғолиблик учун асосий даъвогарлар эди. ОКМКга келган пайтимдаёқ бирор-бир совринни ютиш учун келганимни айтгандим. Бу гапимдан ҳамманинг хабари бор. Худога шукрки, чиндан ҳам ОКМК билан ажойиб муваффақиятга эриша олдик.

- Эндиликда ОКМК клубида рўй бераётган ҳозирги ўзгаришларга муносабатингиз қандай?

- Энди мен бу жамоанинг аъзоси эмасман. Билишимча, улар Дубайда машғулотларни давом эттиришяпти. ОКМК бор эътиборини Тожикистоннинг «Истиқлол» жамоаси билан кечадиган ўйинга қаратган. Бу учрашув осон бўлмайди деб ўйлайман. Нима бўлганда ҳам барча ўзгаришлар яхшиликка бўлса керак деб ўйлайман. Миржалол Қосимовдек таниқли мураббийни ҳам бежизга чақиришмагандир.

- Қосимов бош мураббий этиб тайинланганидан кейин сизни унинг жамоасида кўраётгандик. Чунки боя ўзингиз ҳам айтганингиздек, бирга ишлагансизлар…

- Ҳа, ўзимнинг ҳам ниятим жамоада қолиш эди.

- Демоқчиманки, аслида Қосимов билан муосабатингиз қандай?

- Муносабатларим жуда яхши. Жамоага хориждан иккита ўйинчи келди, балки шунинг учун мен билан ҳамкорлик қилишмагандир.

- Айни пайтда «Бунёдкор» клубида шуғулланяпсиз…

- Ҳа, «Бунёдкор»даман.

- У ерга сизни Вадим Абрамов таклиф қилдими?

- Аслида менинг Индонезиядан вариантим бор ва шуни кутиб ўтирибман. «Бунёдкор»да шуғулланиб спорт формамни сақлаб турибман. Агарда Индонезия варианти ўхшамайдиган бўлса, «Бунёдкор»да қолиш ниятим бор. Ҳар ҳолда менга Вадим Абрамов билан бирга ишлаш қизиқ ва ёқади. Тўғриси, Индонезияга бориш ёки бормаслигим 50х50 бўлиб турибди.  

-  Янгиланаётган «Бунёдкор»нинг ҳозирги ҳолати қандай?

- Асосан ёшларга катта эътибор бериляпти. Кунига икки маҳалдан машғулотларда қатнашяпмиз. Вадим Карленович жамоа ўйинига ўзининг фалсафасини олиб киришга ҳаракат қиляпти. Жамоадаги кайфият эса аъло даражада. Лекин кўча-куйда ҳар хил гап-сўзлар юрибди. «Сурхон» Суперлигада қатнашар экан, деган миш-мишларни эшитяпмиз. Аммо «Бунёдкор»ни Суперлигадан чиқариб юборилиши учун бирор-бир сабабни кўрмаяпман. Клуб астойдил янги мавсум учун тайёргалик кўрмоқда.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!