Мабодо Зидан Моуриньонинг ўрнида бўлса МЮ асосий таркиби қандай бўларди?

Зинедин Зидан «Олд Траффорд»да Жозе Моуриньони алмаштириши ҳақидаги миш-мишлар пайдо бўлгач, Squawka нашри «Манчестер Юнайтед»нинг асосий ва захираси қай кўриниш ҳосил қилиши мумкинлиги ҳақида таҳлил қилиб кўрди.

Зидан «қироллик клуби»да қаторасига уч бор Чемпионлар Лигасини ютиб мисли кўрилмаган муваффақиятлар остида қолиб кетди. «Қизил иблислар» эса Сэр Алекс Фергюсоннинг 27 йиллик бошқарувидан кейин шонли даврини қайта тиклашда қийинчиликка дуч келмоқда.

«Ўзгача»нинг клуб ижрочи директори Эд Вудворд билан совуқ муносабатлари, мухлисларнинг мураббий тактикасидан норозилиги, ўтган мавсумдаги «қуруқ ўйин» туфайли букмекерлар португалиялик мураббий ўз лавозимидан кетишга даъвогар биринчи Премьер Лига бош мураббийи бўлишини тахмин қилишмоқда. Унинг ўрнига катта эҳтимол билан 98-йилги Жаҳон Чемпиони Зидан келиши айтилмоқда.

Зидан «Реал»да қўли остида дунёнинг энг яхши футболчилари билан ишлади: беш карра «Олтин тўп» соҳиби Роналдудан Бейл, Кроос, Рамос ва сўнгги Жаҳон Чемпиони Модричгача!

«Манчестер Юнайтед» таркиби эса амалдаги Чемпионлар Лигаси соҳиби учун ажойиб таркиб ҳисобланмас, бироқ клубда бир қатор иқтидорлар талайгина.

Қуйида Зизу «Олд Траффорд»га келгудек бўлса, асосий таркиб қай кўринишда бўлади, деган саволга жавоб излаб кўрамиз.

Дарвозабон: Давид Де Хеа

Дунёнинг энг яхши дарвозабонларидан бири Де Хеа узоқ вақт «Реал»нинг асосий трансфер нишони бўлиб келди. У ўтган мавсумнинг «Олтин қўлқоп» совринига эга чиқди. Факт шуки, Зидан ушбу чизиқда ҳеч қандай ўзгаришга эҳтиёж сезмайди.

Ўнг қанот ҳимояси: Антонио Валенсия

Фергюссон давридан қолган камёб футболчилардан бири. Жамоа сардори Валенсия ҳозирда ўнг қанот ҳимоясига ўтказилган ва у бу позицияда энг яхшилардан бири бўлиб келмоқда.

Марказий ҳимоячи: Эрик Байи

Ўтган мавсумда жароҳатлар сабаб ўзини кўрсата олмаган ивуарлик ҳимоячи сафда бўлганида клубнинг энг яхши ҳимоячиси ҳисобланади.

Марказий ҳимояси: Крис Смоллинг

Байига муносиб шерик топиш қийин масала. Моуриньо ҳам ўтган мавсумда бу муаммони ҳал қилишда қийналди. Байидан ташқари Смоллинг, Фил Жонс, Маркос Рохо ва Линделёфлар марказий ҳимояда ўйнай олишлари мумкин.

Чап қанот ҳимоячиси: Люк Шоу

Эшли Янг МЮ нинг ўтган мавсумдаги энг яхши футболчиси бўлди ва чап қанотда анча мустаҳкам ўйин намойиш қилди. Шунга қарамай, ўнгақай бўлган футболчи идеалликдан анча узоқ.

Таянч ярим ҳимоячиси: Фред

«Манчестер Юнайтед»нинг ушбу ёздаги энг юқори салоҳиятли трансфери бу Фред бўлди. У орқа чизиқда «Каземиро» ролини бажариши мумкин.

«Реал»даги ҳамюрти каби Фред жамоадошларини ҳужумга чорлай олади. Бундан ташқари у рақиб ҳужумини тўхтатишда ҳам беназир.

Марказий ярим ҳимоячи: Поль Погба

Клубнинг энг қиммат футболчиси А Серияда кўрсатган ўйинини намойиш қила олмаяпти. Бу эса португалиялик устозининг жаҳлини чиқармоқда. Зидан эса ҳамюртининг салоҳиятини бемалол юзага чиқара олиши мумкин.

Марказий ярим ҳимоячи: Неманья Матич

Агарда Погба Зидан учун янги Модрич бўлса, Матич янги Кроос бўлади. Гарчи немис футболчиси билан орадаги фарқ сезиларли бўлсада, Матич ўйинни бошқара олиши қобилиятига эга.

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Жессе Лингард

Лингарда клубда борган сари ривожланиб бормоқда. «Реал»даги Искодек 25 ёшли футболчининг ҳаракатларини олдиндан ўқиб бўлмайди.

Хуан Матанинг ёши ўтиб бормоқда, ёш Лингард эса «Олд Траффорд»да муҳим футболчига айланиб бормоқда.

Ҳужумчи: Алексис Санчес

Санчеснинг янги жамоасига мослашиб кетиши қийин бўлмоқда. Январ ойида келиб қўшилганидан бери «Арсенал»да кўрсатган ўйинини Манчестер шаҳрида давом эттириш чилилик ҳужумчининг бош оғриғига айланган.

Ҳужумчи: Ромелу Лукаку

Лукаку ўтган мавсумдагидек тўпурарлик салоҳиятини тиклай олмаяпти. Шунга қарамай бельгиялик ҳужумчи Премьер Лига ҳимоячилари учун асосий хавф бўлиб қолмоқда.

Мағлублар

Моуриньо кучли ҳимоявий ўйин намойиш қиладиган футболчиларни афзал кўради. Агарда Зидан клуб бошқарувига келадиган бўлса, мақсадлар ҳам ўзгариши аниқ. Демак франциялик мутахассиснинг келишидан жабр кўрадиганлар ҳам топилади.

Маруан Феллайни

Пахмоқ сочли бельгиялик футболчи Девид Мойес уни 2013-йилда «Олд Траффорд»га олиб келганидан бери кичик вазифани бажариб келмоқда.

30 ёшли ярим ҳимоячи жамоаси мағлубиятга учраётганида ёки ҳисобни ушлаб қолиш керак бўлганда майдонаг туширилмоқда. Бу эса баъзан ўз мевасини бермоқда. Бироқ клубда унинг вазифасини унданам яхши бажарадиганлар бор. Зиданнинг келиши унинг йўлларини ёпиб қўйиши мумкин.

Скотт МакТомини

Шотландиялик футболчи ўтган мавсумда катта умид уйғотди ва Моуриньо уни «Йилнинг энг яхши футболчиси» дея эътироф этди.

МакТомини тўпга эгалик қилишда уста, ҳимояда ҳам ёрдам беради, бироқ Скотт Погба, Матич, Эррера, Фред ва Перейра каби футболчилар борлиги сабаб асосий таркибда ўйнаши қийин масала.

Камига Зиданнинг ҳужумкор ўйин услуби сабабли Скоттнинг асосий таркибга кириш имкониятлари пасайиб кетади.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!