Марат Бикмаев: Осиё Кубогида финалга чиқа оламиз
“Локомотив” клуби яққол пешқадамга айланган ва чемпионлик сари дадил қадам ташламоқда. Ушбу жамоа ҳужумчиси ва етакчиси – Марат Бикмаев эса ҳам клубида, ҳам миллий терма жамоада голлар уришда давом этмоқда. Ички чемпионатимизда эса 11 та гол билан тўпурарлар пойгасида бормоқда ва у мавсум-2017 тўпурари бўлганини ҳам яхши эсласангиз керак. Тўғриси, айни пайтда Бикмаевни Ўзбекистондаги энг яхши ҳужумчилардан бири бўлиб турибди, десак янглишмаймиз. Куни кеча у билан бир қатор масалалар бўйича ўзаро фикр алмашдик.
“Биз ҳали чемпион бўлмадик”
Маълумки, “Локомотив” олдинги турда “Пахтакор” майдонида жуда муҳим ғалабани қўлга киритганди. Кўпчилик эса темирйўлчиларни мазкур ғалабадан кейин катта эътимол билан чемпионлик масаласини ҳал қилганликлари ҳақида фикр билдиришмоқда. Ўз навбатида Марат Бикмаевдан мазкур вазият ҳақида муносабат билдиришини сўрадик.
- Йўқ, биз ҳали чемпион бўлмадик, ҳозирдан бундай деса бўлмайди. Олдинда яна ўйинлар бор. Шундай экан, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ҳозирги пайтда асосийси, биз фақат ўз ўйинимиз ҳақида ўйлашимиз керак. Қолган жамоалар, масалан, “Пахтакор” ёки “Бунёдкор” қандай ўйнайди, нима қилади, каби вазиятларга қарамасдан, фақат ўз ўйинимизга эътиборни ошириш лозим. Энди бор эътиборимизни «Пахтакор»га қарши ўйинга қаратганмиз.
“Мен ҳужумчи бўлиб туғилганман”
“Локомотив” ҳужумчиси фаолиятидаги урган голлари 100 тадан ошди ва “Навбаҳор” дарвозасига киритган тўпи 103-голига айланди. Ўтган йили тўпурар бўлган ва бу сафар ҳам унда яна шундай имконият бор. Ўзаро мусоҳаба давомида ушбу жиҳатни ҳам эътибордан четда қолдирмадик.
- Мен ҳужумчи бўлиб туғилганман. Барибир исталган ҳужумчига гол уриш ёқимли. Шундай экан, мен ҳеч қачон гол уришдан тўхтамайман. Биласизми, ҳужумчини қанақа ўйнашига эмас, балки урган голларига қарашади. Ўтган йили тўпурар бўлгандим, аммо бош мақсадим бу эмасди. Мен ҳеч кимга қарамаганман. Ҳозир эса шунчаки жамоамиз ўз ўйинларини ютиши керак. Менинг гол уриш ёки урмаслигим эса бу муҳим эмас. Ўтган йили тўпурар бўлдим, бу етади. Олдимизда иккита ўйин кутиб турибди. Мен эса тўпурарлар пойгасига аҳамият бермаяпман.
“Ҳозир менинг вақтим келгандир, аммо абадий эмасман”
Футболимизда ҳужумчи муаммоси борасида кўп гапирилаётганди. Лекин Марат Бикмаев ўз ўйини ва натижаси билан қайсидир маънода ушбу муаммони ёпаётгандек таассурот уйғотмоқда. Аксарият мухлис ва мутахассислар эса Марат Бикмаевни Ўзбекистондаги биринчи рақамли ҳужумчи сифатида эътироф эта бошлашди.
- Бизда ҳам ҳужумчилар бор ва улар кўп. Фақат иқтидорли ёшларни чиқаравериш керак. Уларга тўғри тарбия бериб, футболимиз учун кўпроқ ҳужумчиларни етказиб бериш даркор. Менинг фикримча, биздаги муаммо – бу футбол мактаблари билан боғлиқ. Ёш болалар футболга дастлаб мактаблар орқали кириб келишади. Шу боис таълим соҳасида яхши мураббийларни топиш лозим. Шунчаки, бизда ҳам ҳужумчилар бор, фақат уларни ўйнатиш керак. Ёшларни ҳам ўз вақти келади. Масалан, ҳозирги пайтда менинг вақтим келгандир, аммо мен ҳам абадий эмасман. Қачондир Бикмаевнинг ҳам ўз вақти соати ўтиб кетади. Мендан кейин ҳам яхши ҳужумчилар пайдо бўлади, шунчаки, сабр қилиш керак.
“Энди Купернинг биздан нимани талаб қилаётганини тушуняпмиз”
Миллий терма жамоамизнинг октябрдаги йиғинида анча ўзгариш борлиги сезилди. Айниқса, сентябрь ойида Сурия ва Эронга қарши учрашувларга қараганда КХДР ҳамда Қатар билан беллашувларда терма жамоамизнинг ўйини ижобий томонга ўзгаргани кўринди ва шунга мос равишда ғалабалар қозондик. Бикмаев эса терма жамоамиз сафида ҳам голлар уришда давом этяпти.
- Сурия ҳамда Эронга қарши ўйинлар учун биринчи ўтказган йиғинимизда тўғрисини айтсам, бироз тушунмовчиликлар бўлганди. Бош мураббий янги тактикаларни олиб кирганди. Биз футболчилар эса қандай ўйнаш кераклиги борасида унчалик тушунмагандик. Кейин ўша иккала ўйинни кўриб таҳлил қилдик ва шундан сўнг қандай ўйнаш кераклигини билиб олдик. Купер биздан нимани талаб қилаётганини пайқадик. КХДР ва Қатар билан баҳсларда мураббийнинг қўллаган тактикаси асосида ўйнадик ва бу бизга омад келтирди. Барибир Ўзбекистонда ҳамма футболчилар техник томондан яхши ўйнашади. Шу боис бизга ҳужумкор ўйин керак. Бир томондан қараганда, тўғри қарши ҳужум тактикаси ҳам керак бўлади.
“Мураббийнинг тактикалари ҳақида ҳеч нима дея олмайман”
Марат ҳужумкор ўйинни кўпроқ ёқтиришини айтаётгани ҳам эътиборга молик. Балки мураббийнинг тактикаларига мослашиш қийинроқ кечаётгандир. Шу ўринда Купернинг бошқа мураббийлардан фарқли томонлари қандай? Бу хусусида футболчи қуйидагиларни айтди.
- Ҳозирча Купернинг тактикалари ҳақида ҳеч нима дея олмайман. Кўрамиз, муҳими, Осиё Кубогига оптимал формада етиб боришимиз керак. Насиб қилса, ўшанда мураббийнинг тактикаси иш берса керак ва бунга ишонаман.
“Осиё Кубогида финалга чиқа оламиз”
Ҳаммамиз терма жамоамизнинг Осиё Кубогида муваффақиятли қатнашишига умид қилиб турибмиз. Аммо бу осон бўлмаслиги ҳам аниқ. Лекин биз янги мураббий билан Осиё Кубогида қаергача бора оламиз? Бу борада футболчининг фикрларини билиш ҳам қизиқ туюлди.
- Осиё Кубоги ҳақида ҳозирдан тахмин қилиб нима қиламиз? Муҳими, жисмоний жиҳатдан юқори тайёргарлик эвазига бора олсак, исталган жамоа билан ўйнаса бўлади. Ўзимизга тўлиқ ишонсак, унда албатта ярим финал ва финалга ҳам чиқа оламиз.
“Жепаров? Биз мураббийнинг ишига аралашмаймиз”
Миллий терма жамоамизда узоқ вақт давомида тўп суриб мухлислар меҳрини қозонган Сервер Жепаров айни пайтда Қозоғистон чемпионатида тўп сурмоқда. Аммо ҳозирча Купер уни йиғинларга чақираётгани йўқ. Аслида Жепаров бизга керакми? Бикмаев бунга жавоб беришга ҳаракат қилди.
- Ёшларни қўявериш керак. Мана, Қатар билан баҳсда мураббий бир қатор ёш иқтидорларни майдонга туширди. Рости, Жепаров масаласида нима дейишни ҳам билмайман. Уни чақирса ҳам бўлади, барибир унда тажриба катта. Кўпни кўрган футболчи. Лекин ҳаммасини фақат мураббий билади, биз унинг ишларига аралашмаймиз.
“35-36 ёшгача футбол ўйнашимга ишонаман”
Бикмаевни футболчилик фаолиятидан кейин қандай тасаввур қилса бўлади? Бу ҳам ўзига яраша қизиқ. Ёки унинг бошқа даромад топадиган иши ҳам бордир. Умуман айтганда, кейинги фаолиятидан сўнг режалари қандай бўлади? Бу ҳақида шундай деди:
- Мен ҳали ҳеч нима ҳақида режа тузганим йўқ. Футболни қанча кучим етса, шунча вақт ўйнамоқчиман. 35-36 ёшгача футбол ўйнашимга ишонаман. Шундан кейин нима қилишим ҳал бўлади.
“Оилам мени қўллаб-қувватламаганимда билмадим, ҳозир қаерда бўлардим экан?!”
Ушбу ўйинчи фаолияти давомида турли қийинчиликларни ҳам кўрган. Айниқса, жароҳатлар уни ҳам таъқиб етган. Легионер сифатида Россия ва Қозоғистонда тўп сурганида эса у ярим ҳимоячига айланганди. Аммо вақт ўтиб Бикмаев ҳаммасини енгиб ўтди ва яна ҳужумчига айлана олди...
- Жароҳатдан кейин 2 йил ўйнамадим. Деярли 2,5 йил тузук-қуруқ ўйнаганим йўқ. Ўша пайтларда уйда ётиб зерикардим. Футболни эса кўра олмасдим. Агар футболни кўрсам, мени ҳам ўйнагим келарди. Лекин бунга жароҳат йўл қўймасди. Ўша дамлар ўтиб кетганидан сўнг ўйланиб қолдим. Агар футбол ўйнамасам нима қиламан? Шу боис тезроқ тикланишга ҳаракат қилдим. Худога шукрки, яна спорт формамга кириб олдим. Оилам - ота-онам, бувам, рафиқам ва фарзандларим мени доим қўллаб-қувватлашарди. Агар улар мени қўллаб туришмаганида, билмадим ҳозир қаерда бўлардим?
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.
Фикрлар