Майдондаги генерал ёхуд Франция Германияни енгганда
Париждаги учрашув анча очиқ ва шиддатли тус олди. Амалдаги Жаҳон чемпионлари беллашув стартида гарчи бироз сусткашликка йўл қўйган бўлсада, ўз майдонида кечган ўйиннинг якуний натижасига кўра ғалабани қўлга киритди.
Улар кечаги ғалабадан кейин ўз гуруҳлари пешқадамига айланиб олди. Хўш, бу ўйиндан яна қандай хулосалар чиқаришимиз мумкин?
Гризманн – майдондаги генерал
Французларнинг барча ҳужумчилари ўз омадларини нақ бир соат кутишларига тўғри келди. Бироқ ҳаммасидан кўра Антуан Гризманн анча фаолроқ бўлди.
Жамоани етаклашда сусткашликка йўл қўйишда танқидларга учраб келаётган Гризманн Германияга қарши ҳақиқий генерал вазифасини бажариб берди. Унинг жамоадошлари ўзларини йўқотиб қўйган бир вақтда «Атлетико» юлдузи мунтазам равишда тўп узатишларини талаб қилди. У Германиядан қўрқмади.
У жамоасининг дастлабки голини жуда чиройли тарзда урди. Чап қанотдан ёриб кирган «Атлетико”даги жамоадоши Люка Эрнандес дарвозадан нақ 12 метр узоқликда бўлган Гризманнга тўпни ҳаводан етказиб берди. Ҳужумчи эса тўпни Мануэл Нойернинг устидан ошириб дарвозага жойлаб қўйди.
Ғалаба тўпи эса пеналтидан киритилди. Бу борада олдиндан танқидларга дучор бўлиб келган Гризманн Францияга ғалаба келтирди.
ВАР қани, илтимос
УЕФА Миллатлар Лигаси Жаҳон Чемпионати ортидан ВАР тизимини йўлга қўймаганидан ҳайрон қолишингиз мумкин. Аксарият чемпионатлар ўзларида ушбу технолгияни жорий қилаётган бир пайтда гранд жамоалар ўртасидаги учрашувда бу йўлга қўйилмагани бироз ғалати.
ВАР ушбу ёзда тўғри қарор қабул қилишига мислсиз ёрдам беришини кўрсатиб қўйди. Элита жамоалар ўртасидаги учрашувларда доим ҳакамларнинг ишига эътироз билдирилиши табиий хол. Бу Франция – Германия учрашувида ҳам содир бўлди.
Биринчидан, Германия ўйиннинг бошида пеналти ишлаб олди. ВАР бўлганда бунга изн бермаслиги аниқ эди. Боиси Кимпембе Сане зарба йўллаётган бир пайтда унга жуда яқин масофада эди. Аммо бу гол бутун ўйинга таъсир қилди.
Франциянинг ғалабасига сабабчи бўлган пеналти ҳам ВАР тизимида содир бўлмаслиги кафолатланган эди. Блез Матюиди йиқилган пайтда у Матс Хуммелс билан кичик контакт тугул, умуман тўқнашув содир бўлмаганди. Аммо тезкор қарор қабул қилинди ва немислар дарвозаси томон пеналти белгиланди. Натижада бу қарор францкзларнинг фойдасига ишлади.
Лёв ютқазди, аммо ўз формуласини ишлаб чиқди
Ёахим Лёв жамоасини бошидан бошлаб етаклаб келаётган мураббий. У бир ғоя топди ва бунинг устида иш олиб борди. У ғояни, тизимни мукаммалштириб борди ва у ишдан чиққунича фойдаланди. Германиянинг ўйин тизими ишдан чиқди. Улар мусобқаларда сўнгги олти учрашувдан атиги биттасида ғалаба қозонди. Яна бир анти-рекорд ўрнатилди. Улар қаторасига икки ўйинда мағлуб бўлди.
Кечаги мағлубиятга қарамай Германия хафа бўлмаса ҳам бўлаверади. «Манншафт» Евро – 2020 га олиб борадиган янги ғоя ва структурани амалда муваффақиятли синаб кўрди.
Германия учрашувда ёшарган таркиб билан ўйнади. Уч кишилик ҳимояда Никлас Зюле ҳимоя юрагига айланди. Бундай ҳолат икки кишилик ярим ҳимояда Тони Кроосга катта имкониятларни очиб берди ва бу терма жамоа ҳужумчиларига ижобий таъсир кўрсатди. Лерой Сане, Серж Гнабри ва Тимо Вернерлар ўзларини ижобий тарафдан кўрсатишга эришди. Хуллас Германия тўғри йўлдан бормоқда.
Биз билган Канте яна қайтадими?
Антуан Гризманндан ташқари «кўклар»нинг бирорта футболчиси ўз савиясига яқин ўйинини намойиш қила олмади. Аммо Нголо Канте ҳаммадан кўра ёмонроқ ўйнади ва Франция таркибидаги келажагига болта уришни бошлади.
Канте бутун учрашув давомида куч-ғайратга тўладек кўринди. Франция уни ҳеч қандай тактик ўзгариш билан чеклаб қўйгани йўқ. Россиядаги Мундиалда қандай позицияда ўйнаган бўлса ўша жойда ҳаракат қилди. Бироқ у ўз савиясидан кўра анча оддийроқ футболчидек таассурот қолдирди.
Унда дадиллик, тезлик, энергия етишмади. Тони Кроосга қарши эса франциялик ярим ҳимоячи босим уюштиришда қийналди.
Ривожланишда давом эт ёки даф бўл, Дешам!
Дидье Дешам муҳим учрашувда ғалаба қозонди, аммо Жаҳон Чемпионатида бўлгани каби унинг яна омади келди. Албатта у 1998-йилги Эме Жакеникидан кўра мустаҳкамроқ ҳимоя тизимини ишлаб чиққан. У ўз жамоасига бирозгина янги ғоялар қўша олмаяпти. У кўпроқ Килиан Мбаппенинг тезлиги эвазига ғалаба қилишга умид қилаётгандек
Тўғри Жаҳон Чемпионатида бу иш берди, Германия тўсиғидан ҳам ўта олди, бироқ қачонгача индивидуал моҳирлик эвазига ғалаба қозониши мумкин? 4-3-2-1 ўйин услуби муҳим қуролига айланмоқда, аммо Франция ўйнашнинг бошқача йўлини қидириб кўриши керак. Улардан олдинги Жаҳон чемпионлари ўйин услуби инқирозга юз тутишини амалда исботлаб бердилар. Агарда Германия кечаги учрашувдаги устунлигини сақлаб қолиб Францияни ўз уйида енгганида барча Дешам ўз жамоасида ўзгаришлар қилиши кераклиги ҳақида бонг ура бошлашарди.
Бунинг учун бир қатор ечимлар бор. Масалан Оливье Жируни Александр Ляказеттга алмаштириш. Ёки Усмон Дембеле ва Килиан Мбаппеларни бирга ўйнатиш варианти. Улар қарши ҳужум тактикасида жуда қадрли футболчилар ҳисобланишади. Муаммо шундаки бу вариантларнинг барчаси катта таваккалчиликни талаб қилади. Ҳеч ким бу иш беради деб кафолат ҳам бермайди. Бироқ ўрта ва узоқ муддатли келажакда инқирозга юз тутмаслик учун ҳозирданоқ янги ғоялар ўйлаб топиш ва уни жорий қилишни бошлаш керак.
Фикрлар