Муҳаммад Юсуф ал Мана федерацияга ташриф буюрди (фото)
Бугун куннинг иккинчи ярмида Осиё оғир атлетика федерацияси Президенти Муҳаммад Юсуф Ал Мана Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси офисига ташриф буюрди. Маълумки, мамлакат федерациясига алоҳида бино берилгач, бу ерда каттагина қурилиш, бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Федерация идорасидан ташқари, мажмуа таркибида машғулот зали, спортчи ва мураббийлар учун дам олиш хоналари, ошхона ва бошқа қулайликлар яратилди. Бир сўз билан айтганда, мажмуада терма жамоа сараланган таркибда, муайян мусобақа олдидан сўнгги тайёргарлик машғулотларини бемалол ўтказса бўлади. Айни пайт, Федерация залида Миср ва Қатар оғир атлетикачилари жаҳон чемпионати олдидан сўнгги босқич машғулотларини ўтказишяпти. Машғулотлар жараёнини Осиё ОАФ вице-президенти, Ўзбекистон ОАФ раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов билан биргаликда кузатган қитъа ташкилоти раҳбари бу ерда яратилган шароитларга юқори баҳо берди. Ўз навбатида, Ш.Маҳмудов мартабали меҳмонга юртимиз оғир атлетикачиларига нисбатан бундай ғамхўрлик мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга қаратилган юксак эътибор, Юртбошимизнинг бевосита ташаббуси билан барча Олимпия спорт турлари қатори оғир атлетикани ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар маҳсули эканини таъкидлади.
Фикрлар