Мундиал иштирокчилари қайси шаҳарда яшайди?

Жаҳон чемпионатида терма жамоаларнинг ўйинидан ташқари уларнинг қайси шаҳарда истиқомат қилиши ҳам кўпчилик мухлисларни қизиқтирадиган мавзу, десак муболаға бўлмаса керак. Маълумки, Россия Федерацияси дунёдаги энг йирик давлатдир. Ташкилотчилар беллашувларга мезбонлик қилувчи шаҳар ва стадионларни мамлакатнинг Европага яқин бўлган қисмидан ажратди. Умуман олганда, Россиянинг ўзи мундиалга мезбонлик қилиши маълум бўлгач, давлатнинг ғарбий қисмида жаҳон стандартларига тўлақонли жавоб бера оладиган стадионлар қурила бошланди. Бу эса ўша йирик шаҳарларда туристик соҳага бўлган эътиборни янада тортди. Ҳар бир терма жамоа мундиал давомида ўзи муқим истиқомат қиладиган жой танлашда, шубҳасиз, ўйинлари ўтказиладиган шаҳарларга ҳам эътибор қаратади. Қолаверса, шаҳарда халқаро аэропорт бўлиши яна бир муҳим фактордир. Демак, қуйида 32 терма жамоа қайси шаҳарларни танлагани ҳақида фикр юритамиз.

Москва

Табиийки, пойтахт шаҳарга аксари гигант терма жамоалар аввалдан буюртма бериб қўйишади. Бунда ўйинларнинг қайси шаҳарларда бўлиши иккинчи планга чиқиб қолади. Москвадан Эрон, Португалия, Аргентина, Перу, Франция, Тунис, Мексика, Германия ва Бельгия терма жамоалари жой олишади.

Санкт-Петербург

Шимолий пойтах. Энг ривожланган шаҳарларидан бирининг Моксвадан сира қолишадиган жойи йўқ. Кеча шаҳарнинг илк меҳмон делегацияси Саудия Арабистони вакиллари етиб келишди. Ташкилий ишлар шу даражада йўлга қўйилганки, меҳмонхона ходимлари ҳам қитъадош, ҳам диндошларимизга барча етарли шарт-шароитларни тахт қилишган. Айни Рамазон ойида Саудия Арабистони делегацияси аъзоларига диний амалларини бажариши учун барча нарса шай. Эртага шаҳарнинг иккинчи меҳмони Хорватия терма жамоаси ҳам етиб келади. 12 июнь куни эса бир йўла 3 делегация: Коста-Рика, Англия ва Корея Республикаси ҳам ўзлари учун ажратилган меҳмонхоналарга жойлашишади.

Сочи

Бу шаҳарда йирик спорт тадбирларини қабул қилиш бўйича катта тажриба бор. Ёдингизда бўлса, 4 йил муқаддам XXII  қишки олимпия ўйинлари Сочи шаҳрида, очилиш ва ёпилиш маросимлари эса “Фишт” стадионида ўтган. Бугун ушбу иншоот жаҳон чемпионатларининг гуруҳ босқичидан 4 та (шубҳасиз, булар орасида Испания – Португалия ўйини энг қизиғи), шунингдек, нимчорак ва чорак финаллардан биттадан ўйинларга мезбонлик қилиши белгиланган. Шаҳарнинг ўзидан эса Бразилия ва Польша терма жамоалари қўним топишади. Пентакампионлар эртага Сочига етиб келишади. Польяклар эса қўшни бўлгани учун ҳам 13 июнь куни етиб келади.

Қозон

Қозон шаҳри ҳам сўнгги йилларда йирик спорт тадбирларини ўзида қабул қилиб, меҳмондўстлик борасида юқори баҳо олиб бўлди. 2013 йили бутунжаҳон ёзги Универсиадаси, 2014 йил қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионати, 2015 йили сув спорти турлари бўйича жаҳон чемпионати, қолаверса, ўтган йили Конфедерациялар кубогига мезбон бўлди. Хуллас, Австралия, Колумбия ва Япония терма жамоалари ўзлари учун ушбу шаҳарни танлашган.

Геленжик

Қора денгиз бўйича жойлашган Геленжик Швеция ва Исландиядан ташриф буюрувчиларнинг эътиборини тортди. Бу ҳудуд курорт шаҳарлиги икки мамлакат вакилларига манзур бўлган бўлса керак. Шведларни ҳам, исландларни ҳам унчалик фаврит санамассиз, лекин унутманг Швеция Италия терма жамоасини плей-оффда мундиалсиз қолдирган бўлса, исландлар Хорватия, Украина, Туркия каби термалар орасида гуруҳ босқичини биринчи ўринда якунлаб, Россияга йўлланма олган. Уларнинг 2 йил муқаддам Франция яшил майдонларида қилган ишларини унутмагандурсиз. 

Шунингдек, қолган терма жаоаларнинг ўзлари учун танлаган шаҳарлари билан танишинг:

Панама – Саранск;

Испания – Краснодар;

Марокаш – Воронеж;

Миср – Грозний;

Уругвай – Нижни-Новгород;

Дания – Анапа;

Нигерия – Ессентуки;

Сербия – Калининград;

Швейцария – Самара;

Сенегал – Калуга.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!