Нега ўзбекистонлик мураббийлар хорижда ишлашмайди?

Футболда ғалаба жамоаники, мағлубият эса мураббийники деган нақл бор. Айтиш мумкинки, футбол оламидаги аксарият мураббийлар ўз чиқишларида ушбу иборадан фойдаланганлар. Ҳамма вақт натижа учун мураббий жавобгар ҳисобланади. Чунки бирор-бир клубнинг натижалари салбийлик томон ўзгариб кетса, дарҳол бунинг чорасини кўриш сифатида мураббий алмаштирилади. Шундай экан, футболда уларнинг ўрни катта. Сезаётган бўлсангиз, мақоланинг асосий мазмуни мураббийларга бағишланган. Айниқса, хорижда ишлаётган мутахассислар ва уларнинг иш фаолияти доимо мухлисларнинг эътиборида бўлиб келган. Биз эса ўзимизнинг мураббийларимизга тааллуқли бўлган жиддий масалага юзланамиз.

Тан олиш керакки, мураббийлик – бу нозик масала. Шунга қарамай, бизда ҳам мураббийлар кўпайиб боряпти. Бу албатта биринчи навбатда унга бўлган қизиқиш билан боғлиқ. Шу боис ҳозирги кунда мураббийларимиз орасида ёшлари ҳам кўпайиб бораётгани эътиборга молик. Масалан, Суперлига клубларига ҳам эътибор қаратсак, уларнинг орасида ёш ва ҳаттоки дебютант мураббийларни ҳам кўриш мумкин. Биз эса бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчимиз ва бу чиндан ҳам ўйлантирадиган муаммодир. Одатда футболчиларнинг легионер мақомига айланишларига табиий ҳол сифатида қарамаймиз. Юртимиздаги ҳар қандай ўйинчи албатта хорижда тўп суришни хоҳлайди. Гарчи ўзебкистонлик футболчилар орасида Европанинг кучли чемпионатларида иштирок этаётганлари бўлмаса-да, ҳар холда Осиё мамлакатлари ҳамда Россияда легионер сифатида фаолият олиб бораётган ўзбек футболчилари бор. Бу йиллар давомида юз бериб келаётган анъана ҳисобланади ва бундан кейин ҳам яна янги легионерларимизни кўрсак бундан ажабланмаймиз. Лекин ўзбек мураббийлари ҳақида гап кетганда, негадир хорижда фаолият олиб бораётган мутахассисларимизни сира кўрмаймиз. Аниқроғ айтадиган бўлсак, четда ўзбек мураббийларига талаб деярли йўқ ҳисоби. Хўш, бу нима билан боғлиқ? Бу чиндан ҳам ўйлантирадиган муаммо шундай эмасми? Лекин илгарилари айрим мураббийларимизнинг хорижда фаолият кўрсатишганини яхши биламиз. Бу борада гап кетганда масалан, Рустам Акрамов, Ислом Аҳмедов, марҳум Баҳодир Иброҳимов кабиларни айтишимиз мумкин. Игорь Шквирин эса “Крилья Советов”нинг мураббийлар штабида фаолият олиб борган. Лекин ҳозирги даврдаги мураббийларимиз-чи? Улар нега хорижда ишлашга ошиқишмайди? Дарвоқе, Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга кирита олмаган Самвел Бабаян Латвия чемпионида “Спартак” жамоасида маълум муддат бош мураббий бўлиб ишлади. Ҳозирда эса мазкур клубда раҳбарлик лавозимларидан бирида ишлаб келмоқда. Лекин энди бу бошқа мавзу. Шунингдек, ўз вақтида Вадим Абрамов ҳам бошқа мамлакатда ишлаш имкониятига эга бўлганини яхши биламиз. Масалан, унга Қозоғистоннинг “Астана” жамоасидан таклиф тушганди ва у розилик билдириб қўшни мамлакатга ҳам кетганди. Лекин бир-икки кун ўтгач, Вадим Карленович яна Тошкентга қайтишга мажбур бўлганди. Боиси, Абрамовни таклиф қилган раҳбар ишдан бўшаб, ўрнини бошқаси эгаллагани туфайли бизнинг мураббий билан ишлашни истамаган. Шунингдек, “Насаф”ни бошқариб келаётган Рўзиқул Бердиев ўз иши билан кўпчиликнинг меҳрини қозонган. У ҳақида кўплаб илиқ фикрларни эшитиб келамиз. “Насаф” билан Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиб юрган кезларида унинг ишига хорижликлар ҳам юқори баҳо беришганди. Адашмасак, бундан уч йилча илгари Эроннинг “Тракторсози” клуби раҳбарияти Рўзиқул Саъдуллаевични бош мураббийликка таклиф қилишганди. Бу чиндан ҳам расмий чақирув эди. Бироқ ўша пайтдаБердиев бундай таклифни рад этиб, бор эътиборини ўз жамоасига қаратишни лозим топганди. Аммо эндиликда “Насаф”да ҳам вазият анча ўзгарди.

Умумий маънода ўзбек мураббийларига нега хориждан талаб камлигини таҳлил қилар эканмиз, аввало хаёлимизга келган нарса шу бўлдики, бирор-бир мураббийимизнинг скаут ёки агентлар билан ишлаганини эшитмаганмиз. Билсангиз, хориждаги мутахассислар ҳам алоҳида агентлар билан ишлашади. Қайсидир клубга мураббий керак бўлса, у ўзи билан эмас, балки агенти билан музокараларга киришади. Бизда эса бундай эмас. Ўзи яқиндан бери футболчиларимиз агент ва скаутлар билан ҳамкорлик қилишни бошлашди. Мураббийларимиз эса ҳали бу ҳақида ўйлаб ҳам кўришмаган бўлишса керак. Бу ҳам ўзига яраша рекламанинг бир тури ҳисобланади. Агар агентингиз бўлмаса қандай қилиб хориж клубларининг эътиборини қозониш мумкин? Бундан ташқари, бизнинг мураббийларда тил билмаслиги муаммоси ҳам бор, бундан кўз юмиб бўлмайди. Ҳозирги замонавий футболда эътибор қаратаётган бўлсангиз, мураббийлар бошқа хорижий тилларни ҳам ўзлаштирганликларига гувоҳ бўласиз. Бу эса сизга бевосита дунё эшикларини очади. Лекин ўзбек мураббийларининг аксарияти фақат ўзбек ва рус тилларида сўзлашадилар. Инглиз ёки бошқа тиллар масаласида жиддий муаммолар кўзга ташланади. Балки мана шу жиҳат ҳам уларни хорижга чиқишга тўсқинлик қилаётган бўлиши мумкин. Тўғриси, биздаги мураббийлар кўпинча босим билан ишлашга ўрганиб қолишган. Улар қайси клубда ишлашмасин асосан натижа кўрсатиш пайига тушадилар. Агар ютқазсам, эртага мени бўшатиб юборишмасмикин деган хадикда улар фақат жамоага эътибор қаратишади. Шу боис бошқа ишларга деярли вақт ҳам ажрата олишмайди. Лекин ҳозирги футболда мураббийларнинг тил билиши ҳамда ўзига махсус агент ёллаши каби масалалар долзарб мавзуга айланган. Чемпионатимизда ўзини кўрсатаётган мутахассисларимиз асосан Ўзбекистон миқёсида бўлиб, уларнинг хорижда ишлашга малакаси ҳали етарли даражадами, буни ҳам ўйлаб кўриш керак. Бу борада улар ўз устиларида кўпроқ ишлашлари ва изланишлари талаб этилади. Балки хорижликлар ўзбек мураббийларининг тажрибаларига шубҳа кўзи билан қараб, уларга иш таклиф қилишмаётгандир. Аммо Миржалол Қосимов, Рўзиқул Бердиев, Вадим Абрамов каби мутахассисларимизда хорижда ишлаш учун тажриба ва салоҳият етарли деб ўйлаймиз. Лекин бу хоҳиш ва интилишга ҳам боғлиқ. Хуллас, бу борада гапирсак гап кўп.  

Шуҳратбек Жўраев тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!