Нўъмон Ҳасанов: ПФЛнинг "олтин очко" тизими менга ёқмади
Pepsi Суперлиганинг 21 тури доирасидаги "Қўқон-1912"-"Пахтакор" учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисми ўз якунига етди. Унда "Қўқон-1912" устози Нўъмон Ҳасанов ва Қувондиқ Рўзиевлар иштирок этишди.
- Ўйин анча томошабоп бўлди. Йигитларга ғалаба учун майдонга тушишимизни айтгандим. Бироқ очиқ футбол учун бизга футболчи етишмади. Хурсанд ҳам эмасман, хафа ҳам. Жавоҳир Сиддиқовнинг олимпия терма жамоасига қўйиб юбориш ҳақида гап кетганда анча нарсани кўриб чиқиш мумкин. Жавоҳир биз учун муҳим ўйинчи эди. Унинг йўқлиги тактикани анча ўзгартириб юборди. Мен аслида узун пасларни умуман ёқтирмайман. Бунда 90 фоизга рақиб ҳимоячиларининг имконияти баланд бўлади. Футболчи тўпни ушлаб турганда унда 5-6 та вариант бўлиши керак. Футбол фақат югуришдан иборат эмас. Бунда мияни бироз ишлатиш керак. Ижарага олинган ўйинчининг ўз жамоасига қарши майдонга тушиш тушмаслик масаласини ассоциация кўриб чиқиши керак. Бу амалиёт кўпчилик жамоаларга зарар келтиряпти. Ҳисобни тенглаштиргандан сўнг ҳужумга ўтиш масаласига келсак, тактик захирани амалга оширдик. Бу амалиётни иккита учта қўлладик. Тўп киритганингиздан сўнг, кучингизга куч қўшилади. Қувондиқ Рўзиевнинг шартномаси бугун тугайди. Кетмоқчи бўлган футболчини ушлаб турмаймиз. Унга ҳам Россия чемпионатидан таклиф бор. Кўрамиз буёғи нима бўлади. Футболчиларимизга кўплаб таклифлар тушмоқда. Раҳмат, жамоага садоқат билдириб, ўйнаб юришибди. Футболчи нима, пулни яхши кўради-да барибир (кулгу). Олтин очколар масаласида ПФЛнинг бу таклифи бизга бироз ёқмади. Ўзи ҳаммаси ҳал бўлиб бўлган. Менимча ҳар бир ўринга маълум имтиёзлар берилиши керак эди. Масалан, биринчи ўриндаги "Пахтакор" шу кунгача оз-мунча меҳнат қилдими?!
Қувондиқ Рўзиев:
- Бугунги ўйин анча қизиқ бўлди. Жавоҳир Сиддиқовнинг ўрни жуда билинди.
Фикрлар