ЎФА Ўзбекистон терма жамоасининг янги либоси бўйича расмий баёнот берди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Германиянинг Jako компанияси томонидан тайёрланган либосларда Осиё Кубогида иштирок этади. 27 декбарь куни ушбу либосларнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди ва футбол мухлислари ва журналистларга миллий терма жамоанинг янги либослари намойиш қилинди.
 
Тақдимот маросимидан кейин баъзи мухлислар ва журналистларда янги либосларга нисбатан танқидий фикрлар пайдо бўлди. Миллий терма жамоанинг Jako компанияси томонидан тақдим қилинган либосларининг дизайни гўёки оддий бўлиб, терма жамоамизга мос эмаслиги айтиб ўтилмоқда. Баъзи оммавий ахборот воситалари ходимлари ушбу либосларнинг сифатини пастга урувчи материаллар ҳам эълон қилишди. Бу эса “оловга сепилган мой” каби мухлисларнинг Ўзбекистон футбол ассоциациясига бўлган фикрларини салбий томонга буришга қилинган ҳаракат ҳисобланади.
 
Мухлисларга қуйидаги мурожаатни йўлламоқчимиз: “Ўзбекистон миллий терма жамоаси катта мусобақа остонасида турибди. Футболчиларимиз янги мураббий қўлостида сентябрь ойидан бери машғулотлар олиб боришмоқда, бир қатор ўртоқлик ўйинларида майдонга тушишди. Янги мураббийнинг фалсафасини аста секин ўзлаштириб боришяпти. Осиё Кубоги жуда катта майдон. Мана шу майдонда муносиб ҳаракат қилиб, Ўзбекистон номини юксакларга кўтариш учун жуда кўплаб инсонлар томонидан катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда. Муҳими мусобақага тайёргарлик режа асосида олиб борилди. Қилинган меҳнатнинг самарасини кўрадиган пайт яқинлашиб қолди. Шундай вазиятда турли салбий фикрлар билан умумий кайфиятни туширмай, биргаликда терма жамоамизни қўллаб-қувватлайлик. Биз Осиё Кубогида терма жамоамиздан ижобий натижа кутаётган эканмиз, бунга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Миллий терма жамоа либослари машҳур компания томонидан юқори сифатли матолардан тайёрланган бўлиб, энг муҳими бу либослар майдонда тўп суриш, ҳар қандай об-ҳаво шароитида машғулотлар ўтказиш қулай. Терма жамоа аъзолари модалар намойишига эмас, Ватан шаъни учун курашишга йўл олишмоқда. Шундай вазиятда “тирноқ остидан кир қидирмай”, биргаликда йигитларимизни, терма жамоамизни, умуман, ўзбек футболини қўллаб-қувватлаб турайлик! Бир-биримизни айбимизни қидириб, мазах қилиб, ўзимизни ўзимиз ерга уриш билан футболимиз ривожига ҳисса қўша олмаймиз!  Биз халқаро майдонларда юқори натижалар кўрсатиб, катта ғалабаларга эришиш учун бирлашишимиз, бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз зарур!
 
Журналистларга мурожаат: “Бугунги замонда замонавий журналистика, айниқса, интернет журналистика ниҳоятда ривожланиб, аудитория учун рақобат кучайиб кетди. Аудитория – бу интернет журналистикада асосий даромад манбаи ҳисобланади. Қанча кўп ўқувчи сайтга ташриф буюрса, шу сайтда бериладиган реклама нархи шунча ошади. Шу сабабли аудитория учун кураш қаттиқ кечиб, ўқувчиларни жалб қилиш учун сайтлар ҳамма нарсага тайёр бўлишмоқда. Ижобий фикрлар билдирилган мақолалардан кўра, мухлисларни танқидий руҳдаги материаллар кўпроқ жалб қилиши ҳаммага маълум. Аммо буни суистеъмол қилиб, ўқувчилар ташрифини ошириш мақсадида асоссиз хабарлар, фақатгина “лой чаплаш”дан иборат материаллар бериб, мухлислар сонини оширишга бўлган ҳаракат нотўғри, бизнингча. Интернет сайтлар тезкор ахборот ва таҳлилий материаллар билан аудиторияни ўзига жалб қилиши зарур. Муҳим мусобақалар, Ватан шаъни ҳимоя қилинадиган катта турнирлар олдидан умумий кайфиятни салбий томонга бурадиган, бирор ташкилот обрўсини туширишга, мухлисларда ўша ташкилотга нисбатан ишончсизлик кайфиятини туғдиришга қаратилган материалларни чоп этиш ва бу орқали фақат сайт манфаатини кўзлаш профессионал журналистларга мос келмайдиган иш. Ўзбекистон футбол ассоциацияси юртимиздаги оммавий ахборот воситаларидан Осиё Кубоги давомида миллий терма жамоамизни руҳлантирадиган, уларни катта ғалабалар сари ундайдиган материаллар, мақола ва репортажлар чоп этиб, терма жамоамиз ғалабаларига ҳисса қўшиб боришни сўраб қолади!”

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Абдул
29/12/2018 10:46
Яхши ва тўғри ёзилган мақола форма масаласида ғаламисла роса ковлашди айниқса СА юзерлар ахлат ковлидигпн саид тег туги билан йў қатиш кераг бу саид ни хамма галамислар йғилган ўфа ўфф ходимлари ишлшдан чарчамайлар тўғри йўлдасизлар ишлаватган ходимларга тош отишади Янги йил билан
zohir_t
29/12/2018 12:48
formayam saaal sifatli boʻsindaa