ЎФА мутасаддилари Греция футбол федерацияси вакиллари билан учрашишди
Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан Европа мамлакатлари футбол федерациялари билан яқин алоқалар ўрнатиб, ўзбек футболи ривожи йўлида уларнинг бой тажрибасидан унумли фойдаланиш йўлида бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келишмоқда.
Жумладан, ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг маслаҳатчиси Санъат Шарипов ва ЎФА Терма жамоалар департаменти директори Шарофиддин Ҳожиниёзов бугун Греция футбол федерацияси вакиллари - Греция футбол федерацияси Техник директори Харалампос Зеленицас, Греция миллий терма жамоаси менежери Деспоина Папастатопулоус ҳамда ГФФ Терма жамоалар билан ишлаш бошқармаси вакили Антонис Занетопулос билан учрашишди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда.
Греция футболи дунёда ўз ўрнига эга бўлиб, бу мамлакат футбол методологиялари ва мураббийлар тайёрлаш бўйича Европада етакчи мамлакатлар қаторида туради.
2004 йилда Греция Европа чемпионатида ғолиб чиққанидан кейин бутун дунёда Греция терма жамоасининг ўйин услуби ва натижа учун ниҳоятда тартибли ҳаракат қилиш жиҳатлари синчиклаб ўрганилиб, андозалар кўчиришга ҳаракат қилинди.
Грецияда мураббийлик лицензиясига эга бўлиш учун жуда катта талаб қўйилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, бу ерда мураббийлар фаолиятни бошлашдан аввал ўз устида кўп ишлаши ва мураккаб имтиҳонларга тайёр бўлиши керак бўлади.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутасаддилари Греция футболи вакиллари билан учрашув чоғида мураббийлар тайёрлаш тизими ҳақида фикр алмашишди. Грециядаги футбол академияларида йўлга қўйилган иш услуби ўрганилди ҳамда ўзбекистонлик болалар мураббийларини Грецияга юбориб, ўша ерда малака ошириш курсларида таҳсил олишларини таъминлаш бўйича ҳам бир тўхтамга келинди. Шунингдек, келгусида болалар футболи бўйича грециялик мутахассисларни, Про сертификати ҳамда "А" лицензиясига эга, Европада кучли ҳисобланган мураббийларни юртимизга таклиф этиб, улар иштирокида мамлакатимиздаги болалар ва ўсмирлар академияларида турли семинарлар ва ўқув курслари ўтказиш бўйича ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоалари билан Греция терма жамоалари ўртасида ўртоқлик ўйинлари ўтказиш бўйича ҳам келишувга эришилди.
Ўзбекистоннинг кўплаб клублари ва терма жамоалари қиш мавсумида Туркия мамлакатида йиғинлар ташкил этишади. Греция эса жойлашуви ва иқлими жиҳатдан Туркияга яқин бўлгани сабабли, келгусида Туркияда йиғин ўтказадиган жамоалар Грецияга ҳам йўл олиб, бу ерда назорат ўйинларини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Фикрлар