ЎФА томонидан ОФКнинг халқаро “А” сертификати учун мураббийлик ўқув курслари давом этмоқда

Ўзбекистон футбол ассоциацияси майдонида  ОФКнинг халқаро “А” сертификати учун мураббийлик ўқув курслари бўлиб ўтаётгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик.   Ўқув курсида 24 нафар мураббий иштирок этяпти.
 
Ўқув курсини ФИФА ва ОФК инструктори Ислом Аҳмедов олиб бормоқда. Унга координатор Ойбек Давлетмуратов ёрдам беряпти. Ушбу курсларни муваффақиятли тамомлаганлар 2019 йилдан бошлаб Про-лигада бош мураббий, Суперлигада ёрдамчи мураббий, терма жамоаларда эса мураббий бўлиб ишлаш ҳуқуқини қўлга киритадилар. Шундан сўнг мураббийлар икки йил давомида мураббий сифатида фаолият юритиб, кейин "Pro" лицензияси учун ўқишни давом эттиришлари мумкин бўлади.
 
Ушбу ўқув курсларида яқин ўтмишнинг машҳур футболчилари, ҳозирги кунда мураббийлик соҳасида фаолият олиб бораётган Темур Копадзе, Виктор Карпенко, Асрор Алиқулов, Неъматулло Қуттибоев, Хайрулла Каримов, Абдумажид Тоиров  каби футболчилар иштирок этишяпти. Шунингдек, "А" лицензиясини қўлга киритиб бўлган мутахассислар - Улуғбек Бақоев, Жасур Абдураимов ва Жафар Ирисметовлар эркин тингловчи сифатида мазкур курсларда қатнашиб, билимларини янгилашмоқда. 
 
Мураббийлар иштирокида назарий дарслардан сўнг майдонда амалий машғулотлар олиб борилмоқда. Ўқиш якунида иштирокчилар амалий ва назарий имтиҳонлар билан бирга ўзларига юклатилган вазифани тақдимот шаклида ҳимоя қилишади. 
 
Ушбу ўқув курслари  18 ноябрь кунига қадар давом этади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!