Холанд “Сити” раҳбариятидан суперклуб таклифини кўриб чиқишни сўради
“Манчестер Сити” ҳужумчиси Эрлинг Холанд ёзги трансфер ойнаси олдидан клубдан “Барселона” ва бошқа жамоалардан келиши мумкин бўлган таклифларни кўриб чиқишни сўради.
Бу ҳақда Football365 хабар бермоқда.
Манбага кўра, норвегиялик форвард “Реал”га қарши Чемпионлар лигасининг 1/8 финалидаги мағлубиятдан кейин жамоани тарк этиш имкониятини жиддий ўйлаб кўрмоқда.
Шунингдек, “Манчестер Сити” жорий мавсумда Англия чемпионлигини қўлга кирита олмаслиги мумкин. Шу сабабли Холанд жамоа кетма-кет иккинчи йил йирик совринларсиз қолиши эҳтимолидан норози. Унга маълумки, бош мураббий Хосеп Гвардиола ёзда истеъфога чиқишга қарор қилган.
25 ёшли футболчи ҳозирги лойиҳадан кўнгли тўлмаган ва яна бир йил қолиш фикридан қайтган. “Шаҳарликлар” Холандни сотиб, янги ҳужумчи сотиб олиш имкониятини кўриб чиқиши мумкин.
Жорий мавсумда норвегиялик барча мусобақаларда 42 та ўйинда қатнашиб, 30 та гол ва 7 та голли узатма қайд этган. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2034 йил ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt маълумотига кўра, футболчининг бозор қиймати 200 миллион еврони ташкил этади.
Фикрлар