Оғир атлетикачиларимиз ЖЧга қизғин ҳозирлик кўришмоқда

Туркманистон пойтахтида 1-10 ноябрь кунлари 2018 йилги жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Бундай нуфузли мусобақа эркаклар ўртасида 84-маротаба, аёллар ўртасида эса 27-бор ўтказилмоқда.
Оғир атлетика бўйича дастлабки жаҳон чемпионати 1891 йил 28 март куни Лондонда ташкил этилган бўлиб, ўшанда 6 мамлакатдан 7 атлет совринлар учун баҳс олиб борган эди. 1905 йили спортчилар илк маротаба вазн тоифлалари бўйича алоҳида мусобақалашишган. 70 кг (енгил вазн), 80 кг (ўрта вазн) ва 80 кгдан зиёд (оғир вазн) тоифаларида чемпион ва совриндорлар аниқланган.
Ашхободдаги чемпионат аввалги йилгисидан кескинлиги билан ажралиб турибди. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Жумладан, 2017 йил 30 сентябрда Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) Россия, Қозоғистон, Хитой, Белоруссия, Озарбайжон, Арманистон, Туркия, Украина ва Молдавия терма жамоаларини 2008 йилги Пекин ва 2012 йилги Лондон олимпиадаларида иштирок этган камида учтадан спортчилари допингдан фойдалангани аниқлангани боис халқаро мусобақалардан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. 2017 йил 1 ноябрь куни IWF 500 минг доллар миқдорида белгиланган жарима пулини тўламагани учун Болгария термасини бир йил муддатга халқаро мусобақалардан четлатди. АҚШнинг Анахайм шаҳри қабул қилган 2017 йилги жаҳон чемпионатига сабабларини кўрсатмай КХДР термаси ташриф буюрмади.
Ўтган йилги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари жами 5 та медаль соҳибига айланишган эди. Спортчиларимиз битта олтин, иккитадан кумуш ва бронза медаллари билан мукофотланганди.
Олтин медални термамизга -69 кг вазн тоифасида Достон Ёқубов келтирганди. У силтаб кўтариш машқида 179 кг натижа билан биринчи ўринни эгаллаганди.
Бу йил Ашхободда атлетлар янги вазн тоифаларида муобақалашишмоқда.
Достон -67кг вазн тоифасида супачага чиқди. Вазн ташлаш якуний натижага таъсир кўрсатди. Спортчимиз иккинчи уринишда 180 кг натижани қайд этди ва камида иккинчи ўринни нақд этиб қўйди. Учинчи уринишда эса 184 кг тош спортчимизга бўйсунмади. Агар мана шу уриниши муваффақиятли чиққанида Достон силатб кўтаришда олтин, икки машқ якунига кўра эса кумуш медаль соҳиби бўларди. Ёқубов энди уч карра жаҳон чемпионига айланган хитойлик Чэнь Лицзюнгагина ютқазгани эътиборга молик.
Дарвоқе, натижаларини муттасил яхшилаб бораётган Достон ўтган йили Ашхободда Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида ҳамда шу йил август ойида Индонезияда ўтказилган Осиё ўйинларида кумуш совриндорга айлангани диққатга сазовор.
Бугун бизникилардан Турсуной Жабборова (-81) ва Акбар Жўраев (-102) ўз омадини синаб кўради. Ҳар иккала атлетимиз – ўз вазн тоифасида кучлилар гуруҳида энг ёш иштирокчи эканини таъкидлаб ўтиш даркор.
Масалан, 16 ёшли Турсуной амалдаги жаҳон чемпиони (-75) испаниялик машҳур Лидия Валентина Пересдан 17 ёш кичик.
19 ёшли Жўраев бугун қозоғистонлик машҳур Илья Ильин ва эронлик жаҳон чемпиони (-105) Али Хошимий билан баҳслашади.
Жаҳон чемпионати арафасида Ильин саломатлигидаги муаммолар туфайли Ашхободда ёш жамоадошига кўмак бериши ва ўзига хос “ўйновчи мураббий” сифатида иштирок этишини билдиргани эътиборга молик.
Бизнинг энг катта умидларимиз эртага ва индинга баҳсга киришадиган олимпия чемпиони ва рекордчиси Руслан Нурудинов (-109) ва Рустам Жангабоев (+109) билан боғлиқ.

Мирзаҳаким Тўхтамирзаев,
Ашхобод

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!