Ўзбекистон футзалида қандай ўзгаришлар ёхуд ЎФФ президенти ўтказган йиғилиш ҳақида
Ўзбекистон футзал федерацияси (ЎФФ) президенти Бекзод Маматқулов Федерация масъуллари иштирокида навбатдаги ишчи йиғилишни ўтказди. Анжуманда Федерациянинг октябрь–ноябрь ойларида амалга оширган ишлари, шунингдек ноябрь ойининг сўнгги ҳафтаси ва декабрь ойидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Бу ҳақида ЎФФ матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда миллий чемпионат – Олий лиганинг 4–5-турлари юзасидан ҳисобот тингланди. Чемпионат давомида кузатилган баҳсли ва мунозарали вазиятлар батафсил муҳокама қилинди. Хусусан, айрим жамоаларда тартиб-интизом сусайгани, мураббийлар, футболчилар ўртасидаги низоли ҳолатлар кўзга ташланаётгани, бундай муаммоли вазиятлар трансляциялар орқали барча мухлислар кўз ўнгида содир бўлаётгани танқид қилинди. Шунингдек, ҳакамлик даражаси чемпионат учрашувлари савиясидан ортда қолаётгани таъкидланди.
Федерация масъуллари ва тегишли комиссияларга чемпионат савиясига путур етказаётган, интизомни қўпол тарзда бузаётган жамоалар, ўйинчиларга нисбатан қатъий чоралар кўриш вазифаси юклатилди. Аввало огоҳлантириш, вазият барқарорлашмаса, мусобақадан четлатиш каби кескин чоралар кўришга тайёр туриш зарурлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, ЎзФҲМ билан ҳамкорликда чемпионат учрашувларига жалб этиладиган ҳакамлар ва назоратчилар билан пухта иш олиб бориш, ЎзМТРК ва ЎФФ YouTube каналларидаги жонли эфирларда мутахассис, мухлис, оддий томошабинларда эътирозларга ўрин қолдирмаслик, адолат ва шаффофлик мезонларига қатъий амал қилиш вазифаси топширилди.
ЎФФ раҳбари декабрь ойида старт оладиган Биринчи лига мусобақаси юзасидан ҳам маълумот олди. Ҳисоботга кўра, 8 та жамоа мамлакат биринчилигида иштирок этишга тайёр, ҳужжатлар топширилиши эса якуний босқичга кирган. Бекзод Маматқулов жамоаларнинг ЎФФ талабларига тўлиқ жавоб беришини қатъий назорат қилиш, қуръа ташлаш жараёнини онлайн тарзда шаффоф ўтказиш, турлар тақвимини ишлаб чиқиш ва манзилларни белгилаш бўйича масъулларга аниқ кўрсатмалар берди.
Йиғилишда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё кубоги финал босқичига тайёргарлиги масаласи ҳам муҳокама этилди. Бош мураббий Нодир Элибоевнинг ҳисоботи тингланди. ЎФФ Тиббиёт департаментига терма жамоага номзод футболчиларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини доимий назорат қилиш, зарур тиббий ёрдам кўрсатиш ва мураббийлар штабини хабардор қилиб бориш вазифаси юклатилди. "Осиё кубоги–2026" мусобақалари ўтказиладиган қопламага мос иншоотларда – Бухоро ва Андижон шаҳарларидаги “Универсал” спорт мажмуалари ҳамда ЎФА Терма жамоалар маркази спорт залида машғулотлар ва назорат ўйинларини ўтказиш тавсия этилди.
ЎФФ президенти Ёшлар ва Ўсмирлар терма жамоаларини шакллантириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. 2029 йилги Осиё ёшлар ўйинларининг Ўзбекистонга топширилгани Федерация зиммасига ҳам катта масъулият юклаши таъкидланди.
Бекзод Маматқулов Янги мавсумига қадар мураббийлар штабини аниқлаш, 2013 йил ва ундан кейин туғилган истеъдодларни излаб топиш, ёшлар ўйинларига босқичма босқич тайёрлаб бориш муҳим эканини таъкидлади. Шу мақсадда Португалия каби футзали ривожланган мамлакатларда ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилиши режаси борлигини маълум қилинди. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Константин Свиридовга иқтидорли ёшларни миллий терма жамоага етказиб бериш борасида янада фаол ва фидойи ишлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилиш якунида футзал мавсуми якунлари бўйича ўтказиладиган анъанавий “Futsal Awards–2025” тадбирига тайёргарлик ҳисоботи тингланди. Тадбирни юқори савияда ўтказиш учун зарур кўрсатма ва тавсиялар берилди. Шунингдек, ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. ЎФФ Бош котиби лавозимида ишлаб келган Марупов Иномжон Исломович бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан лавозимидан озод этилди.



Фикрлар