Оралиқ маррадаги ўйлар ёхуд биринчи босқичда чемпионатимизда нималар рўй берди?

Биласиз, айни пайтда Суперлиганинг иккинчи босқичи старт олмоқда. Биз эса ортда қолган босқич борасида фикр-мулоҳаза юритамиз.

РЕГЛАМЕНТ

Ортда қолган босқични “Пахтакор” биринчи ўринда якунлади. Аммо янги даврани пешқадам сифатида “Навбаҳор” бошлайди. Чунки “лочинлар” чемпионлик учун курашадиган рақибларини кўпроқ мағлуб этишди. Охирги турларга келиб Илҳом Мўминжонов жамоасига керак бўлмаган беллашувларда очколарни “улашди”. Бу эса турнир жадвалида наманганликларнинг эгаллаб турган ўринларига ҳеч қандай таъсир қилмади. Ўша Фарғона ва Навоийдаги мағлубиятлардан фожеа ясалмади. Қайтанга, асосий футболчиларга дам, захирадагиларга имконият берилди.

Шота Арвеладзе эса сўнгги учрашувларда ҳам иложи борича зафар қучиб, даврани яхши кайфиятда тамомламоқчимиз деди. Аммо бу шунчаки юпанч сўзлар эди. Буни унинг ўзи ҳам жуда яхши биларди.

Ўтган мавсумнинг энг яхши хорижлик мураббийи учун синов энди бошланади. Футболчилик пайтида яқин ўтмишнинг ёрқин юлдузларидан бири бўлган афсонавий ҳужумчининг мураббийликдаги билимларини чемпионлик йўлида курашадиган жамоаларга қарши “жанг”ларда кўрамиз. Турнинг барча баҳслари муҳим аҳамият касб этади. Шотага бир нарса фойда бериши мумкин. У ҳам бўлса, “Металлург”нинг кучли олтиликда қолгани. Чунки “шерлар” бекободликларни икки ўйинда мағлубиятга учратиб, олти очко ишлашганди. Боз устига, “Пахтакор”дан ижарага олинганлар Арвеладзе жамоасига қарши майдонга тушмайди.

Кўриб турганингиздек, икки босқичли тизимнинг ҳам салбий томонлари бор. Пешқадамларга қарши ўйинларни ўтказиб бўлган жамоалар қуйи олтиликдагилар билан расмиятчилик учун майдонга тушишди. Чунки етакчиларга улардан олинган очколардан фойда йўқ эди. Бу амалда ҳам кўриниб қолди. Якунда Суперлигада ғалаба нималигини билмаётган “Нефтчи” грандлар кушандаси “Навбаҳор”ни Фарғонада енгди ва ўзининг нохуш анъанасига барҳам берди.

Бундай натижалар учун мураббийлар айбдор эмас. Ҳар қандай регламентда ҳам мутахассислар ўзлари учун қулай ҳолатларни топиб олишади.

Аммо бир нарса ҳанузгача кўпчиликни ўйлантириб келади: “Цементчи”нинг “Нефтчи”га айлантирилиши! Биринчи лига ғолиби бўлиб, ўз мухлислари ва ҳомийси бор жамоа тақдиридаги бундай бурилиш қуйи лига вакилларининг Суперлигага интилишини камайтиради. Чунки шунча меҳнат қилсанг-да, бошқа клуб номи билан бошқа шаҳарда тўп тепишингга тўғри келса. Қувасойликлар ғалаба қозонишганида ЎФА биринчи вице-президенти бориб табриклаб келганди ва уларга Суперлигада ҳам мана шундай учрашувларни ўтказишларини тилаганди. Аммо орадан вақт ўтиб, ўша билдирилган фикрлар клубга насиб этмади. Тўғри, футболчилар мамлакат биринчилигида тўп тепишмоқда. Аммо қувасойлик мухлисларда нима айб?

ТАҚВИМДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

ПФЛ янги мавсумга қуръа ташлаш маросимидан олдин тақвим ўзгармаслиги ҳақида ваъдалар берганди. Бу йилги тақвим терма жамоанинг ўртоқлик ўйинлари инобатга олинган ҳолда тузиб чиқилгани эътироф этилди. Аммо мавсум бошидан бери ҳозирги кунгача жорий тақвим ПФЛнинг аввалги раҳбарлари шунча йил ўзгартиргандан ҳам кўп алмашди. Қолаверса, Суперлиганинг иккинчи босқичида ҳам бу ишлар бўлмаслигига ишониш қийин.

Дарвоқе, “Наполи” мухлислари Гонсало Игуаин “Милан”га кўчиб ўтганидан сўнг унга атаб баннер кўтаришди. Унда шундай сўзлар ёзилганди: “Сен футболкангни ички кийимингдан ҳам кўпроқ алмаштирасан”.

СТАДИОНЛАР

Йил бошида ПФЛ стадиони талабларга жавоб бермайдиган жамоалар чемпионатда қатнашмаслигини маълум қилганди. Шу боис Муборакнинг “Машъал” клуби Суперлигадан четлатилди. Ваҳоланки, Бекободнинг “Металлург” ва Қўқоннинг “Қўқон-1912” клубларининг уй майдонлари дастлабки тур учрашувларига тайёр бўлмади. Натижада, ушбу икки жамоа дастлабки ўйинларини сафарда ўтказди. Уларга ҳеч қандай чора ҳам кўрилмади.

Боз устига, яқинда ПФЛ кўплаб стадионларда майсанинг аҳволи ёмонлигини тан олди, яъни айрим ўйингоҳлар мутасаддилари огоҳлантирилди.

ҲОМИЙЛАР

Мамлакатимиздаги кўплаб клубларга “Ўзбекнефтегаз” ва “Ўзтрансгаз” ҳомийлик қилади. Бу компанияларнинг футболдан бошқа соҳаларда ҳам амалга ошириладиган ишлари жуда кўп. Бошқа компаниялар нега футболга эътибор қаратмаяпти. Масалан, Самарқандда “Ман” заводи бор. Лекин “Динамо”нинг ўзи бир аҳвол. Асакада автомобиль заводи мавжуд, бироқ “Андижон” биринчи лиганинг етакчиси, холос. Қорақалпоғистонда ҳам камида битта клубни бемалол кўтара оладиган имконият бор, аммо у ерда Суперлигада иштирок этадиган жамоанинг ўзи йўқ. Бошқа вилоятларда ҳам шу каби вазиятни кўриш мумкин.

Айтганча, бу йилдан чемпионатимизнинг титул ҳомийси бор деб баралла, оғзимизни кўпиртириб мақтаняпмиз. Pepsi Суперлига деб. Аммо ўша “Pepsi” компанияси билан имзоланган шартномадан жамоаларга фойда борми? Келишувдан сўнг клуб­ларимизга ваъда қилинган мавсум якунида оладиган мукофот пуллари кўпайдими? Бу борада ҳеч қандай маълумотлар йўқ. Шаффофликни таъминлаймиз дегандик. Аммо...

ЛЕГИОНЕРЛАР ЛИМИТИ

Ушбу масалага тўхталмасликнинг иложи йўқ. Чунки доим бу бизнинг оғриқли нуқтамиз деймиз. Аммо ҳар сафар яна хорижлик футболчиларни олиб келишда адашамиз. Янглишишимизни билсак ҳам уларни клубга қўшиб оламиз. Зўр тасодиф. Устига-­устак, легионерлар лимитини ошириб, 4+1 қилиб қўйдик (маълумот ўрнида, Осиёда 3+1). Бундан ўзбек футболига нима наф? Олиб келинган қайси легионерни “зўр” эмас, балки ҳеч бўлмаганда “яхши” деб аташ мумкин? Ушбу саволларга мураббийларнинг ўзи ҳам жавоб бера олмаса керак. Боиси легионерларнинг кўпи захира ўриндиғини иситишдан бошқасига ярамаяпти. Ёки сизга маъқул келган чет эллик ўйинчи борми? Менимча, “Пахтакор”нинг Тиаго Безерраси пичоққа илинади, холос.

Мавқсум бошида “Қизилқум” ҳужумчиси Элгужа Григалашвилини мақтагандик. Аммо у ҳам клубнинг натижаларига ўхшаб сўниб қолди. Бошқалар борасида гапиришни ўзимизга эп кўрмадик.

МУРАББИЙЛАР ТАНҚИСЛИГИ

Яхши мураббий ўз иш жойида кўп йиллар меҳнат қилади. Афсуски, бундайлар бизда кам. Олдин бор эди. Лекин ҳозир улар ҳам бошқа жойларда фаолият юритишмоқда.

Мутахассисларнинг футболчиларимиз каби “кўчиб юришлари” етарлича учрайди. Масалан, “Нефтчи”ни Сергей Ковшов бошқараётганди. Орадан оз вақт ўтиб, унинг ўрнини Баҳром Ҳайдаров эгаллади. “Сўғдиёна”га Александр Мочинов олиб келинди. Жиззахда ҳам фарғоналиклардаги каби ўзгариш бўлди. Мочинов нима мақсадда олиб келингани бизга қоронғу, лекин ҳозир “Сўғдиёна”ни Сергей Лушчан бошқармоқда.

Бу каби мисолларни яна давом эттиришимиз мумкин. Эртага шу мураббийлар бошқа жамоаларда пайдо бўлишса ҳам ажабланманг. Чунки бизда яхши мураббийлар жуда кам.

МАРКЕТИНГ

Маркетинг борасида ҳам йил бошида хорижий давлатлар билан кўплаб келишувлар имзоланди. Айрим клубларимизнинг маркетингидаги ходимлари чет элга бориб, уларнинг иш услубини ўрганиб келишди. Аммо бирор клубимизда маркетинг тизимининг иши яққол кўзга ташланмаяпти.

Бу борада “Навбаҳор” истисно дейиш мумкин. Наманганликлар клубнинг атрибутикаси сотувидан даромад кўрмоқда. Жамоанинг натижалари яхшиланиши билан мухлислар ташрифидан билетларни яхшигина пулламоқда. Клуб ўзини-ўзи боқишга ҳаракат қилмоқда. Бошқаларда-чи?

Клублар ўзлари пул ишлаб топсин дейилмоқда. Аммо ўйин­гоҳларга ишқибозларнинг киришини текин қилиб қўйилди. Шунда ҳам томошабинлар ташрифи камайди. Демак, футболчиларимиз тақдим этаётган махсулот сифатсиз, деган фикрни билдиришимизга туртки бўлмоқда.

Шунингдек, стадионларда майдон четидаги баннерларнинг нархи қанча? У ерда катта ташкилот ёки кичик тадбиркорнинг рекламаси туширилган ёзувлар мавжуд. Ҳўш, катта маблағи бўлмаган ОАВ қанчага баннер қўйиши мумкин? Бу борада на клуб, на ПФЛ нархларни ошкор қилмаган.

МУХЛИСЛАР

Мавсум бошида стадионларимизга кўплаб ишқибозлар ташриф буюраётганди. Ҳамма Суперлигага қизиқмоқда деган хаёлга борди. Вақт ўтгани сари булар ўткинчи эканлиги кўриниб қолди.

Айрим ҳудудларимиздаги клуб­лар стадионга ташриф буюрган мухлислар сонини қўшиб ёзиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, бу каби ҳолатлар Фарғона ва Қўқондаги стадионларда учраб турди. Ушбу вазият ОАВ учун мавзу бўлди. Юқоридаги гапни такрорлашдан бошқа чорамиз йўқ. Агар ўйинларимиз яхши бўлганида мухлислар стадионларга ўз-ўзидан оқиб келарди.

ҲАКАМЛАР

Ўтган йили ўйинларда хато қилган ҳакамлар ёппасига футболдан бутунлай ёки номаълум муддатга четлаштирилди. Бу йил ҳам реферилар ишида камчилик­лар кузатилди. Фақат жазолар ўтган йилги каби бўлмади. Ёки аввалги йили бутунлай футболдан четлатилганларга ҳам бу мавсумдаги каби енгилроқ чоралар кўрилмади.

Ҳасан Рўзиев “Қизилқум” иштирокидаги беллашувда ўйин натижасига таъсир қиладиган хатоларга йўл қўйди. Агар “Пахтакор” ёки “Қўқон-1912” клубларининг ўйинларида шу каби ҳолатлар бўлганида ўша куни кечқурун йиғилиш ўтказилиб, жазолар эълон қилинарди. Нима Умид Аҳмаджоновни Жакартадан қайтиб келиб, чора кўришини кутиш шартми?

Навоийликларнинг ўша пайтдаги аҳволи турнир жадвалида унчалик ҳам катта ўзгаришларга сабабчи бўлмасдир. Лекин Ҳасан Рўзиев матбуотда Ҳамиджон Актамовдан менсимагандек кечирим сўради. ПФЛ эса бунга ҳанузгача эътибор қаратмаяпти.

Балки клубларга, футболчиларга қўлланилаётган моддий жарималар ҳакамларга ҳам қўлланилгани яхшидир.

Ҳуллас, биринчи босқичда мана шундай камчиликлар кўзга ташланди. Энди кейинги босқични кутиб қоламиз. Бу каби тушунмовчиликлар, регламент ва тақвимлар ўзгаради деган гаплар бўлмайди, деб чин чилдан хоҳлаймиз. Аммо ишониш жуда қийин...

Биз камчиликларга кўпроқ эътибор берганимиз бежиз эмас, чунки ютуқларимиз ўзимизники, вазиятни яхшилаш учун эса йўл қўйилган хатоларни таҳлил қилиш ва уларни тузатиш чораларини кўриш зарур.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!