Осиё кубоги – 2019. Танишинг, Таиланд терма жамоаси
Қитъамизнинг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz интернет ахборот портали Осиё кубогида иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришда давом этади. Таништирувни Таиланд терма жамоасидан давом эттирамиз.
Таиланд номини маҳаллий аҳоли “Пратхет Тхай” деб аташади. Мазкур мамлакат Жануби-Шарқий Осиёда ўз тарихида мустақилликни сақлаб қола олган ягона давлатдир. Давлат иқтисодиётининг асосини шоликорлик ташкил этади.
Мамлакат тузуми Конститусион монархия.
Ушбу минтақада футбол маҳаллий аҳолининг кўнглидан у қадар жой ола билмаган (футзал бундан мустасно) ва шу боисдан ҳам улар кўпроқ бокс спорт турига қизиқишади. Шунингдек сўнгги вақтларда Таиланднинг спортнинг оғир атлатика тури ҳам кенг ривожланиб бормоқда.
Асримизнинг дастлабки ўн йиллигида Таиланд футболида кучли легионерлар пойгаси авж олиб кетган эди. Ҳозир ҳам Таи лигасида хорижлик футболчилар етакчи ўрин тутади. Жумладан тўпурарлар рўйхатига назар ташласак, унинг юқори ўринларида бирорта маҳаллий футболчини кўрмаймиз.
Таиланд ҳақида бироз бўлса ҳам маълумотларга эга бўлган бўлсангиз, таништирувимизни мамлакат терма жамоаси билан давом эттирамиз.
Таиланд терма жамоаси ўзининг илк ўйинини 1948 йилнинг 20 августида Хитойга қарши ўтказган. Бангкок шаҳрида кечган учрашувда хитойликлар 6:1 ҳисобида ғалабага эришади.
Таиланд учун БАА майдонларида ўтадиган Осиё кубоги саккизинчиси бўлади. Жамоанинг мазкур мусобақадаги энг яхши натижасини 1972 йилда қайд этган. Ўшанда таилар ўз майдонларида ўтган қитъа биринчилигида 3-ўринни эгаллашади. Тўғри, у вақтлар турнирда 6 та терма жамоа қатнашган холос.
Шундан сўнг Япония (1992), БАА (1996), Ливан (2000), Хитой (2004) ва 2007 йил ўз уйлари ва яна уч қўшни мамлакатда (Малайзия, Индонезия, Ветнам) ўтган Осиё кубогида иштирок этган. Сўнгги икки қитъа биринчилигига чиқа олмаган.
Таиландликлар 2019 йилда ўтадиган мусобақада иштирок этиш ҳуқуқини 2016 йилдаёқ қўлга киритишган эди ва бу нарса маҳаллий мухлисларга олам-олам қувонч улашгани шубҳасиз.
Яхши биласиз, Таиланд терма жамоаси ўтган йили ёзда Тошкентда Самвел Бабаян бошқарувидаги Ўзбекистон миллий терма жамоасига 0:2 ҳисобида мағлуб бўлишган эди.
Ҳозирги “жанговар филлар” эса ўша бир йил олдин Тошкентда Ўзбекистонга қарши ўйнаган жамоадан анча фарқ қилади. Жумладан таркибда Жакарта ва Палембангда ўтган Осиё ўйинларида Равшан Ҳайдаров жамоасига қарши ўйнаган бир нечта футболчилар ҳам мавжуд. Аммо шундай бўлсада, уларнинг сони у қадар кўп эмас ва шу боис жамоанинг ўртача ёши анча катта рақамни кўрсатади.
Ҳозирда Таиланд терма жамоасини 64 ёшли сербиялик Милован Раевац бошқармоқда. Унинг Таиланд ФА билан 2020 йилга қадар мўлжалланган шартномаси мавжуд. 2017 баҳорида таилар ўлкасига келган Раевац бошқарувида терма жамоанинг натижалари янада яхшиланди. Ҳар холда улар 8 учрашувдан буён мағлубият нималигини билмай келишмоқда. Бош мураббийнинг ўзи ҳам Осиё кубогида жамоасининг гуруҳдан чиқа олишига кўзи етишини бир неча бор айтиб ўтган.
Чиндан ҳам Жануби-Шарқий осиёликлар гуруҳдан чиқиш имкониятига эгалар. Аввало бунинг учун илк турда Ҳиндистонни имкон қадар йирик ҳисобда ютишлари, кейин эса сўнгги вақтларда “катта саҳнадан тушиб қолган” Баҳрайн билан ижобий натижа қайд этишлари, ва ниҳоят сўнгги турда мезбон – БАА терма жамоаси қаршилигини енга олишлари керак бўлади. Дарвоқеа, ушбу Осиё кубогида 3-ўринни қўлга киритган термаларда ҳам плей-оффда ўйнаш имконияти мавжуд бўлади.
Таиланд терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар:
Дастлабки ўйин: 1948йил 20 август Таиланд – Хитой 1:6;
Энг йирик ғалаба: 1971 йил 24 май Таиланд – Бруней10:0;
Энг йирик мағлубияти: 1956 йил 30 ноябрь Буюк Британия – Таиланд 9:0
Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Киатисук Сенамуанг – 134 та ўйин;
Энг яхши тўпурар: Киатисук Сенамуанг – 71 та гол;
Энг яхши натижаси: Осиё кубоги-1972 да 3-ўрин.
Фикрлар