Ўзбекистон Хорватиядан ўтоладими? Имкониятларга баҳо берилди
Қатарда давом этаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати қизғин паллага кирди. Гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтган терма жамоалар 1/16 финал учрашувларидаги рақибини билиб олди.
“J” гуруҳида Ирландия, Парагвай ва Панама терма жамоалари билан рақобатлашган ёш футболчиларимиз олти очко билан иккинчи ўринни олиб, плей-офф босқичига чиқди. Ислом Исмоилов шогирдлари Парагквайни 2:1 ва Панамани 6:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси плей-оффнинг биринчи учрашувини Европа вакили – “С” гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган Хорватия футболчилари билан рақобатлашадиган бўлди.
Айни пайтда экспертлар терма жамоаларнинг плей-оффдаги имкониятларини таҳлил қилиб, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашмоқда.
Хусусан, россиялик журналист Александр Троицкий Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ва хорватияликларнинг имкониятларига баҳо берди.
- Ўзбекистон терма жамоаси 1/16 финалда хорватияликлар билан ўйнайдиган бўлди. Я
Яхши жамоа. Етти очко билан ўз гуруҳида иккинчи ўринни эгаллади, олдинга фақат тўплар нисбатига кўра фақат Сенегални ўтказиб юборди.
Топ-ўйинчилари йўқ. Transfermarkt порталида уч нафар футболчи кўрсатилган: Германия тўртинчи дивизионда ўйнаётган “Нюрнберг II” жамоасидан Тино Кушанович (300 минг евро), Хорватиянинг “Славен Белупо” клуби тизимидаги Габриэль Шивалец (250 минг евро), Загребнинг “Динамо” жамоаси академиясидан Леон Якирович (150 минг евро).
Бундан ташқари, Италиянинг “Парма”сидан ҳамда немис клублари ўсмирлар жамоалари ва академияларидан бир неча ёш ўйинчилар бор.
Умуман олганда, бу жамоадан ўтишга ўзбекистонликларнинг кучи етади. Бирорта уддалаб бўлмас ишни кўрмаяпман, - деб ёзди Александр Троицкий ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Осиё чемпионатининг амалдаги ғолиби ҳисобланади. Ислом Исмоилов шогирдлари шу йилнинг баҳорида Саудия Арабистонида ўтказилган Осиё кубогида муваффақиятли иштирок этиб, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.
Ўша Осиё кубогининг финалида ўзбек йигитлари финалда иккита ўйинчи кам қолганига қарамай, Саудия Арабистони терма жамоасини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, сенсацион ғалабага эришганди.



Фикрлар