Ҳусановга ким устозлик қилади?

  • 12 ноябрь, 18:00
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Англия оммавий ахборот воситаларида “Манчестер Сити”ни 2016 йилдан бери бошқариб келаётган Хосеп Гвардиола жорий мавсум охирида клубни тарк этиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар авж олмоқда.

Tecno

Гвардиола охирги бир йил ичида таркибни янгилашга,  юқори ўринлар ва нуфузли совринлар учун кураша оладиган жамоа шакллантиришга эришди. Ўн йил давомида мураббий сифатида “Манчестер Сити” билан бирга клублар миқёсидаги барча нуфузли мусобақаларда ғолиб чиқди.

Энди испаниялик мутахассис амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзигача тузилганига қарамай, келаси ёз муҳитни ўзгартириши мумкинлиги ҳақида кўп гапирилмоқда.

“Шаҳарликлар” анчадан бери Хосеп Гвардиоланинг ишини муваффақиятли давом эттира оладиган ўринбосар қидирмоқда.

The Times нашрининг ёзишича, Гвардиоланинг ўзи янги бош мураббий танлашда клубга ёрдам беришини айтган. Бироқ бу борада якуний қарорни директорлар кенгаши чиқаради.  

Манбанинг таъкидлашича, клуб раҳбарияти ва ички муҳитида Венсан Компани номзодига алоҳида қизиқиш билдирилмоқда. Илгари Гвардиолага ёрдамчилик қилган бельгиялик мутахассис айни пайтда Бундеслига гранди “Бавария”ни муваффақиятли бошқаряпти.

Компани футболчилик даврида “Манчестер Сити”га сардорлик қилган ва клубда жуда катта таъсир кучига ҳам эга. Бироқ “Бавария” яқинда бу мураббийнинг шартномасини 2029 йилнинг 30 июнигача узайтириб қўйди.

Клуб мутасаддилари ҳозир “Марсель” билан Франция чемпионатида “Пари Сен-Жермен” гегемонлигига чек қўйишга уринаётган Роберто де Дзербининг фаолиятини ва натижаларини синчковлик билан кузатиб боряпти. “Шаҳарликлар” клубида бу мутахассиснинг ҳам тарафдорлари кўпчиликни ташкил қилади.

Учинчи номзод сифатида “Борнмут”нинг амалдаги бош мураббийи Андони Ираола кўрсатилган.

Хосеп Гвардиола Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни Англия Премьер-лигасига олиб келган мутахассис ҳисобланади. Испаниялик мураббий қўл остида 21 ёшли футболчимиз катта ўсишга эришмоқда.

Абдуқодир Франциянинг “Ланс” клубидан Манчестерга кўчиб ўтганидан бери барча турнирларда жами ўн олтита учрашувда қатнашиб, ҳимоядаги вазифаларини уддалашдан ташқари ўз ҳисобига битта гол ҳам ёздириб қўйган.

Ўзбекистон Хорватиядан ўтоладими? Имкониятларга баҳо берилди

Ўзбекистоннинг шов-шувли ғалабасига қандай муносабат бўлди?

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!