Осиё ўйинлари 2018: Ўзбекистон Осиёда тенгсизлигини исботлай оладими?

Бир неча кунлардан сўнг Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказиладиган Осиё ўйинларига старт берилади. Табиийки, кўпчилик спорт мухлисларининг эътибори футболчиларимизнинг бўлажак мусобақада иштирокига қаратилган. Хусусан, ўз ёш тофасида Осиё чемпионлигини қўлга киритган вакилларимиздан футбол мухлисларининг умидлари катта ва бўлажак мусобақага бўладиган эътибор ҳам шунга яраша.

Демак, биз қуйида футболчиларимизнинг Осиё ўйинларидаги иштироки тарихига эътибор қаратишга қарор қилдик.

Терма жамоамизнинг Осиё ўйинларидаги иштироки Япониянинг Хиросима шаҳри мезбонлигида ўтган мусобақадан бошланган ва айтиш мумкинки, дебют омадли чиққан. Шунингдек, турнир тарихидаги энг яхши натижамиз ҳам айнан чемпионлик бўлиб турибди. Энг ёмон натижа эса 2002 йилда Жанубий Кореянинг Пусан шаҳри мезбонлигида ўтган баҳсларда қайд этилган бўлиб, ўша мусобақада вакилларимиз Япония, Баҳрайн ва Фаластин билан бир гуруҳдан жой олган ҳолда, 2 та мағлубият ва 1 та ғалаба билан мусобақани эрта тарк этишга мажбур бўлишганди.

Энди мавзуга батафсил ёндашадиган бўлсак, 1994 йилда Ўзбекистон терма жамоаси Осиёнинг кўпчилик жамоалари учун ҳақиқий “сюрприз”га айланган жамоа бўлганди. Собиқ иттифоқ таркибидан эндигина ажралиб чиққан жамоадан кўпчилик у даражада юқори натижа қайд этишини кутмаганди.

Хуллас, вакилларимизнинг Осиё ўйинларидаги дастлабки ўйини ўша йилларда минтақа миқёсида ўзига яраша нуфузга эга бўлган Саудия Арабаистони терма жамоасига қарши ўтказилди. “Regional Park Stadium”да ўтган баҳс эса вакилларимизнинг 1:4 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Дастлаб, 5-дақиқадаёқ Сергей Лебедев ҳисобни очган бўлса, кейинги дақиқаларда Игорь Шквириннинг дубли ва Қосимовнинг голига саудияликлар таркибида Ҳамид Ал Жоҳани ягона гол билан жавоб берганди. Мусобақани йирик ғалаба билан бошлаган терма жамоамиз кейинги ўйинларни ҳам анча юқори даражада ўтказди. Хусусан, гуруҳда Малайзияга 5 та Гонгконгга 1 та жавобсиз гол урилган бўлса, Таиландга қарши ўтган баҳс 4:5 ҳисобидаги ғалаба билан якунлани ва вакилларимиз гуруҳ босқичини 100 фоизлик натижа билан  якунлаб кейинги босқичга йўл олишди. Чорак финалда эса, гуруҳ босқичида ўша пайтларда Осиёнинг грандларидан ҳисобланган Хитой ва Эрон терма жамоалари билан дуранг натижа қайд этиб кейинг босқич тақдирини ҳал қилган Туркманистон вакилларини 3:0 ҳисобида тор-мор этган вакилларимиз ярим финалда Жанубий Кореяни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратишганди. Хитойга қарши финал ўйини эса ҳамюртларимизнинг 4:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган эди. Ўша ўйинда Игорь Шквирин 2-дақиқадаёқ дарвозабон хатосидан унумли фойдаланиб ҳисобни очган бўлса, кейинчалик Лебедев, Абдураимов ва Мақсудовларнинг голларига чин юрти вакиллари фақатгина иккита гол билангина жавоб қайтаришганди.

1998 йилги мусобақа эса вакилларимиз учун анча омадли бошланганди. Айнан ўша мусобақанинг саралаш босқичида  ҳамюртларимиз терма жамоамиз тарихидаги энг йирик ғалабани қайд этишганди. Хусусан, дастлабки босқичда Қувайт ва Мўғулистон вакиллари билан бир гуруҳдан ўрин олган футболчиларимиз дастлаб қувайтликларга қарши баҳсда 3:3 ҳисобидаги жанговар дуранг қайд этишган бўлса, кейинги ўйинда Мўғулистон дарвозасига жавобсиз нақ 15 (!) та гол киритишганди. Аммо асосий босқичда Шимолий Корея устидан 4:0, Ҳиндистон устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган вакилларимиз Туркманистон вакилларига қарши баҳсда 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан кейинги босқичга йўл олишди. Бироқ бу босқичда Эрон вакиллари билан тўқнаш келган ҳамюртларимиз ўз дарвозаларидан жавобсиз 4 та гол қабул қилиб олишди ва мусобақа билан чорак финалдаёқ хайрлашишди.

2002 йилги мусобақалар эса юқорида таъкидланганидек, вакилларимиз учун энг омадсиз якунланган мусобақа бўлиб турибди. Айнан ушбу турнирда Япония, Баҳрайн ва Фаластин билан бир гуруҳдан жой олган ҳамюртларимиз якунда учинчи ўрин билан чекланган ҳолда, уйга эрта қайтишга мажбур бўлишганди. Дастлаб Баҳрайнга қарши ўйинда жавобсиз 3 та гол ўтказиб юборган вакилларимиз кейинги баҳсда Фаластинни 2:0 ҳисобида мағлуб этишганди. Аммо гуруҳ босқичининг сўнгги ўйинида Баҳрайнни 5:2 ҳисобида мағлуб этган японлар дарвозамизга 1 та жавобсиз гол уриб, уйимиз қайси томонда эканлигини кўрсатиб юборишганди.

2006 йилда Қатар майдонларида ўтган Осиё ўйинларида Қатар, БАА ва Иордания билан бир гуруҳдан ўрин олган ҳамюртларимиз 100 фоизлик натижа билан кейинги босқич масаласини ҳал қилган ҳолда, плей офф босқичида Ироққа қўшимча таймларда  1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Шу билан футболчиларимизнинг Қатар майдонларидаги миссияси ҳам якун топди.

2010 йилда эса Гуанжоу мезбонлигида ўтган Осиё ўйинларида футболчиларимиз чорак финалга қадар етиб боришди. Аммо вакилларимизнинг ушбу турнирдаги иштирокини ҳам у қадар ёрқин бўлди дейишимиз бироз мушкул. Зотан, Бангладешни 3:0 ҳисобида мағлуб этган ҳамюртларимиз Гонгконгга 0:1, БААга қарши ўйинда эса 0:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган ҳолда, гуруҳда 3 ўрин билан, кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритишган эди. Чорак финал олдидан Қатарни қўшимча вақтларда 0:1 ҳисобида мағлуб этган футболчиларимиз кейинги босқичда Жанубий Кореяга 3:1 ҳисобида имкониятни бой бериб, уйга қайтишга мажбур бўлишганди.  

Сўнгги Осиё ўйинлари эса ҳамюртларимиз учун аввалгисидан-да муваффақиятсизлик билан якун топди. Хусусан, Бангладеш устидан ғалаба қозониб, Гонгонг ва БААга қарши баҳсларда имкониятни бой берган вакилларимиз гуруҳ босқичида учинчи ўринни қўлга киритган ҳолда, 1/16 финалга йўл олди. Ушбу босқичда эса Саудия Арабистонига қарши майдонга тушган футболчиларимиз 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, терма жамоамизнинг Осиё ўйинлари тарихидаги ягона автоголи ҳам айнан ушбу мусобақада урилганди. Хусусан, Саудия Арабистонига қарши ўйинда ҳисоб 1:1 бўлиб турган вақтда Бобур Йўлдошев 54-дақиқада дарвозамизни ишғол қилиб қўйган эди. Кейинчалик 70 дақиқада Воҳид Шодиев ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлган бўлса-да, 90+5 дақиқада Абдулазиз Ал Биши томонидан урилган гол, ҳам ўйин тақдирини, ҳам вакилларимизнинг мусобақадаги иштироклари масаласини ҳал қилганди.

2018 йилги Осиё ўйинларида кўпчилик футболчиларимизнинг ёрқин иштирокини кутишмоқда. Бунинг ҳам бир қатор сабаблари мавжуд. Хусусан, Хитой майдонларида Осиё чемпионлигини қўлга киритган вакилларимиз олдинда турган мусобақада ҳам ушбу натижани қайд этишларини кутиш мумкин. Шунингдек, ҳамюртларимиз учун қуръа натижалари ҳам анча омадли кечди. Хусусан, бошқа терма жамоа вакилларига ҳурмат сақлаган ҳолда айтишимиз мумкинки, гуруҳ босқичида Қатар терма жамоасининг муносиб қаршилик кўрсатиши мумкинлигини ҳисобга олмаганда, вакилларимиз кейинги босқичга 100 фоизлик натижа билан чиқишларини тахмин қилишимиз мумкин. Умуман, турнир фаворитлари ҳақида гап кетганда, Япония, Жанубий Корея, Эрон, Хитой, Саудия Арабистони каби терма жамоаларни санаб ўтишимиз мумкин. Шунингдек, Индонезияга йўл олувчи таркибнинг асосий футболчилари миллий терма жамоа сафида кучли жамоаларга қарши ўртоқлик ўйинларида майдонга тушишди. Бу ҳам вакилларимизга кўп томонлама устунлик бериши тайин.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, олдинда бизни кутаётган Осиё ўйинларида вакилларимиз Хиросима 1994да қайд этилган натижани такрорлашлари эҳтимоли юқори. Бунинг учун вакилларимиз, шунчаки, ўз даражаларида ҳаракат қилишса, шунинг ўзи кифоя.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)