Ўзбек, Осиё ва жаҳон футболига оид ҳафтанинг энг муҳим воқеалари

Хабарингиз бор, бир неча ҳафтадан бери сайтимиз томонидан “Ҳафта воқеликлари” дея номланган янги лойиҳани тақдим этмоқдамиз. Сиз унда ўзбек, Осиё ва жаҳон футболида содир бўлган ҳафтанинг энг муҳим воқеликлари билан танишишингиз мумкин.

1.Дастлаб ўзбек футболига оид ҳафтанинг муҳим воқелиги “Пахтакор”нинг ўз уйидаги мағлубиятсиз ўйинига чек қўйилганидир. “Локомотив” меҳмонда “шерлар”ни таслим этди. “Пахтакор” учун 23 ўйинлик мағлубиятсиз серия якунланди. Афтидан “Пахтакор”да мезбонларни фақат "Локо" ютади шекилли.

2.Осиё юлдузи қитъа биринчилигини ўтказиб юбориши мумкин. Чунки у жиддий жароҳат олди.

3.11 йилда илк бор “эл-классико” Роналду ва Мессисиз ўтади. Лео жароҳат олди. Криш эса “Ювентус”да. Супер тўқнашувга оз қолди.

1.19-20 октябрь кунлари Суперлига жамоалари 26-турда майдонга тушишди. “Локомотив” турнинг марказий баҳсида “Пахтакор”ни енгди ва пешқадамлик мавқеини мустаҳкамлади.

Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида турнинг марказий баҳсини “Локомотив” фаол бошлади ва якунда ўзи учун керакли натижани қайд этди.

Беллашувнинг 42-дақиқасида бурчакдан узатилган тўпни Анзур Исмоилов боши билан дарвозага йўллади - 0:1.

Танаффусдан сўнг меҳмонлар яна муваффақият қозонишди. Марат Бикмаев жарима зарбасидан тепган тўп жонли девордаги футболчига тегиб, тўрга тушди - 0:2.

Охирги пайтларда “шерлар” сафида голлар ураётган Фаррух Сайфиев бу гал жамоаси жонига оро киргандек кўринганди. Чунки у Чераннинг пасидан самарали фойдаланиб, ҳисобни қисқартирди. Бироқ Сардор Мирзаев 81-дақиқада Элдор Суюнов дарвозасини жуда чиройли тарзда ишғол қилди - 1:3.

Шу тариқа, "Локомотив" "Пахтакор"нинг ўз майдонида давом этиб келаётган 23 ўйинлик мағлубиятсиз сериясига барҳам берди. “Пахтакор”да мезбонларни фақат "Локо" ютади шекилли. "Шерлар" сўнгги бор “Пахтакор” стадионида ўтган мавсумнинг 7-турида айнан "темирйўлчилар"га имкониятни бой беришганди. Ўшанда Марат Бикмаевнинг дубли "Локомотив"нинг ғалабасини таъминлаганди - 2:1.

Шундай қилиб, "Пахтакор"нинг ўз майдонида давом этиб келган 23 учрашувлик мағлубиятсиз сериясига яна "Локомотив" барҳам берди. Андрей Фёдоров шогирдлари турнир жадвалида энг яқин таъқибчиси “Пахтакор” ва “Навбаҳор”ни сезиларли даражада орта қолдирмоқда.

2.“Осиё Мессиси” деб аталадиган футболчини кўпчилик жуда яхши билади. У Ўзбекистонга ҳам бир неча маротаба ташриф буюрган. Айниқса, олдинги “Бунёдкор”, ҳозирги “Миллий” стадионига. У ким экан дейсизми? Марҳамат танишинг. Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоасида тўп тепадиган жингалак сочли Омар Абдулраҳмон. У ажойиб истеъдод соҳиби. Омарга бир неча йил олдин Еропанинг бир қатор кучли чемпионатларидан “оғиз солишган”. Тўғри, кучли клублар эмас. Лекин оддийлар ҳам эмасди. “Эвертон” ва шунга ўхшаган жамоалар бу футболчини ўз сафига қўшиб олиш учун астойдил ҳаракат қилган. Аммо томонлар унинг трансфери борасида келиши олишмаган. Яна ҳам тўғрироқ айтадиган бўлсак, англияликлар Омарга анча кам маош таклиф қилишган. У эса премьер лига клуби таклиф қилган нархни БААда қисқа муддат ичида топар эди. Шу боис унинг Англия ёки Европанинг бошқа чемпионатига кўчиб ўтиши бекор бўлган.

Абдулраҳмон яқинда Бирлашган Араб Амирликлари биринчилигини Саудия Арабистони чемпионатига алмаштирди. “Ал Айн” клубида анча йиллар тўп тепган футболчи айни пайтда “Ал Ҳилол” сафида фаолият олиб бормоқда.

Саудия Арабистони Про-лигасида сафарда "Ал Шабаб" билан куч синашган "Ал Ҳилол" кичик ҳисобда зафар қучди. Лекин 12-дақиқада Омар Абдулраҳмон тиззасидан оғир жароҳатланди ва майдонни шифокорлар ёрдамида тарк этди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, БАА терма жамоаси етакчиси Омар Абдулраҳмоннинг жароҳати анча жиддий. У дастлабки ҳулосаларга кўра тахминан тўрт ой майдонга туша олмаслиги мумкин ва катта эҳтимол билан ярим ҳимоячи кейинги йили бўладиган Осиё Кубоги-2019 мусобақасини ўтказиб юборади. Қитъа биринчилиги эса хабарингиз бор, Бирлашган Араб Амирликларида 5 январдан 1 февралга қадар давом этади. Ким билади дейсиз, Омар балки БААни тарк этмаганида жароҳат олмасмиди. Ҳар ҳолда уни ўз юртида эркалашарди.

Биз Осиё юлдузи ҳисобланган Омар Абдулраҳмонга соғлик тилаб қоламиз. Зеро, яқинлашиб келаётган Осиё кубогида барча терма жамоаларда энг яхши футболчилар иштирок этишини хоҳлаймиз. Чунки бу - ўйинлар шиддатли ва томошабоб ўтишини таъминлайди.

3. Хабарингиз бор, Ла Лиганинг 9-турида "Барселона" ўз уйида “Севилья”ни қабул қилди ва 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу беллашувда мезбонлар ҳужумчиси Лионель Месси рақиб ўйинчиси билан тўқнашиб, қўлини синдириб олди.

Аргентиналик юлдуз жароҳати туфайли 28 октябрь куни Испания чемпионати доирасида "Реал"га қарши муҳим баҳсни ўтказиб юборади. Аргентиналик ҳужумчи жароҳати туфайли уч ҳафтани майдондан ташқарида ўтказади.

Ўз навбатида, бу вазият Хулен Лопетеги учун чиқиш йўли бўлиши мумкин. Лопетеги сўнгги ҳафталарда «қора кунлар»ни бошидан ўтказмоқда. Унинг жамоаси яратилган вазиятларни голга айлантира олмаяпти, етакчи футболчилар жароҳат олган, “Реал”нинг мухлислари унга қарши.

Мессининг йўқлиги 52 ёшли мураббийга клубда қолиш учун ажойиб имконият. Чунки «Барселона» бир кишидан иборат жамоа бўлмасада, Мессисиз клубнинг аҳволи анча қийинлашиб қолади.

«Севилья»га қарши ўйинда ҳам бунинг гувоҳига айландик. Пабло Мачин шогирдлари Месси жароҳат олгунича иккита гол ҳисобида ортда қолаётганди. Аргентиналик даҳо дастлаб Филиппе Коутиньога ассистентлик қилган бўлса, иккинчи голга ўзи муаллифлик қилди. У ўйинни эрта тугатганидан кейин рақиб жамоа штурмни кучайтирди ва иккита гол уришга эришишди. Аммо бу якунда ғалабага олиб келмади.

Мессисиз қолган жамоага қарши мадридликлар яхшироқ имкониятга эга бўлишлари аниқ. Албатта, бу «Реал» ғалаба қозонади дегани эмас. 2015 йилги «Эл Классико»да ҳам Лео захирада қолиб кетганди. Аммо Рафа Бенитес шогирдлари якунда азалий рақибларига ўз уйида 4:0 ҳисобида ютқазишганди.

Бироқ ўшанда Неймар ва Луис Суарес ўзининг юқори спорт формасида эди. Ўша «Барса» ҳозиргисидан анча кучлироқ. Гарчи бу сафар Месси бўлмасада, «Севилья», ЦСКА, «Алавес» ва «Леванте»га ютқазишга улгурган «Реал» ҳам ўз спорт формасида эмас. Боз устига Роналдусиз!

Роналду айни пайтда Италия. У Турин клубига мослашиш жараёнини бошдан кечирмоқда ва голлар уришни бошлаб юборган. Бу галги супертўқнашувда икки юлдуздан бирини бўлса ҳам кўра олмаймиз. Шундай экан, бу гал “Эл Классико”да Роналду ва Мессисиз “Реал” ҳамда “Барса” тўқнашувини кўрамиз. Бу сўнгги 11 йилликдаги Месси ва Роналду қатнашмайдиган биринчи "Эл-Классико"дир.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!