Ўзбекистон Параосиё ўйинларида умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади

Хабарингиз бор, 6 октябрь куни Индонезиянинг Жакарта шаҳрида III ёзги Параосиё ўйинлари старт олган эди. Мазкур ўйинлар ўзбекистонлик спортчилар учун ҳар қачонгидан ҳам муваффақиятли якунланди. Ўзбекистон спорт делегацияси мусобақада 54 нафар спортчи билан иштирок этиб, 77 та медаль билан қайтадиган бўлди. Уларнинг 35 таси олтин, 24 таси кумуш ва 18 таси бронза медалларидир. Мазкур ўйинлар Ўзбекистон учун Параосиё ўйинларидаги энг яхшиси сифатида тарихга кирди. Чунки, бунгача юртдошларимиз ушбу ўйинларда бу қадар кўп медаллар жамғара олишмаганди. Ортда қолаётган ўйинларда медаллар сифати бўйича ҳам, сони бўйича ҳам рекорд ўрнатилди.

Аввалги Параосиё ўйинлари ҳақида

Параосиё ўйинлари илк маротаба 2010 йил Гуанчжоуда бўлиб ўтган. Ўша мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси 21 нафар спортчи билан иштирок этган. Якунда 6 та медаль қўлга киритилган (1 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза).

Тўрт йил аввал Инчеон мезбонлик қилган Параосиё ўйинларида яққол юксалиш кўзга ташланган. Ўшанда юртимиз шарафини 27 нафар параатлет ҳимоя қилган. Якунда 31 та медалга эга чиққанмиз (22 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза).

Инчеондаги муваффақият орадан икки йил ўтиб Риодаги Паралимпия ўйинларида ҳам давом эттирилган. Ўшанда Ўзбекистон спорт делегацияси мусобақада 32 нафар спортчи билан иштирок этган ва 31 та медаль билан ватанимизга қайтиб келганди.

Жакартадаги Параосиё ўйинлари тугашига бир кун қолганида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ўз иштирокларини якунлаб бўлишди. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, кучли ўнликка кирган жамоалар ўртасида энг кам спортчи билан айнан Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этган. Бу ҳам бизда сифатга асосий эътибор қаратилганидан далолат.

Медаллар жамғариш бўйича кучли ўнликка кирган мамлакатлар неча спортчи билан Параосиё ўйинларида иштирок этишди?

Хитой – 232
Жанубий Корея – 201
Эрон – 210
Япония – 303
Ўзбекистон – 54
Индонезия – 295
Таиланд – 237
Малайзия – 139
Ҳиндистон – 193
Гонконг – 100.

Марказий Осиё терма жамоалари қандай иштирок этишди?

Минтақамиз мамлакатлари ичида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон терма жамоалари спортчилари медаллар қўлга кирита олишди. Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон вакиллари ўйинлардан медалсиз ортга қайтиш арафасидалар. Демак, бу борада ҳам Ўзбекистон энг яхши кўрсаткичга эга.

5. Ўзбекистон (54 спортчи, 77 та медаль, 35 та олтин, 24 та кумуш, 18 та бронза)

13. Қозоғистон (91 спортчи, 33 та медаль, 5 та олтин, 15 та кумуш, 13 та бронза)

32. Туркманистон (5 спортчи, 1 та медаль, 1 та бронза)

Тожикистон (2 спортчи, 0 медаль)

Қирғизистон (5 спортчи, 0 медаль)

Афғонистон (24 спортчи, 0 медаль).

Қайд этиб ўтганимиздек, ортда қолган ўйинларда Ўзбекистон Параосиё ўйинларидаги энг яхши натижасини қайд этди. Умид қиламизки, икки йилдан сўнг Токио шаҳри мезбонлик қиладиган Паралимпия ўйинларида ушбу зафарли юриш давом эттирилади ва спортчиларимиз юртимиз байроғини юксакларга кўтарадилар.

Манбаа: МОҚ расмий сайти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!