Ўзбекистон U-19 аёллар терма жамоаси бош мураббийи: Жаҳон чемпионатига чиқмоқчимиз
Ўзбекистон U-19 аёллар терма жамоаси жорий йилнинг октябрь ойида Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Осиё чемпионати саралашининг биринчи босқичида муваффақиятли иштирок этиб, кейинги босқичга йўл олди.
Эндиликда Карима Йўлдошева бошчилигидаги Ўзбекистон U-19 аёллар терма жамоаси келаси йилнинг апрель ойида Осиё чемпионати саралашининг иккинчи босқичида иштирок этишади. Саралашга жиддий тайёргарлик олиб бораётган футболчиларимиз 10-20 декабрь кунлари Наманганда йиғин ўтказишди. Терма жамоа бош мураббийи Карима Йўлдошева ўтказилган йиғин ва келгуси режалар ҳақида ЎФА Матбуот хизматига ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Намангандаги йиғин аъло даражада ўтди. Биз 2005, 2004, 2003 ва 2002 йилларда туғилган ўсмирлар жамоалари билан 5та назорат учрашуви ўтказдик. Жамоамиз тактик ва техник жиҳатдан анча ўсганини таъкидлаб ўтиш зарур. Назорат ўйинлари давомида футболчиларимиз тезкор ўйин, юксак техника ва майдонда курашувчанлик намойиш қилишди. Энг муҳими футболчи қизларнинг кўзида ғалабага бўлган иштиёқни кўриш мумкин эди. Уларга ғалабаларга чанқоқлар. Мураббий сифатида бундан жуда хурсандман. Бундан ташқари, таркибдаги футболчилар бир жамоа сифатида анча шаклланишганига ҳам гувоҳ бўлдим.
Йиғин давомида дарвозабонлар ҳар томонлама ўзларини кўрсата олишди. Асосий таркибга кириш учун рақобат жуда кучли. Бу ҳолат ҳар бир футболчини ўз устида кўпроқ ишлашга ундайди.
Жамоамиздаги бош қоида – тартиб ва интизом. Баъзи футболчилар жуда истеъдодли ва меҳнаткаш. Аммо белгиланган тартибга бўйсунмайди, бундай футболчиларга орамизда жой йўқ. Футболда ғалабаларга эришиш учун тартиб ва интизомнинг аҳамияти жуда катта.
Йиғин давомида биз машғулотлардан ташқари Намангандаги 26-сонли Меҳрибонлик уйига ҳам ташриф буюрдик. Биз бу даргоҳга тез-тез бориб турамиз. Болалар бизни кўриб, жуда хурсанд бўлишди. Уларнинг кўзида қувончни кўриш жуда ҳам ёқимли бўлди. Терма жамоа қизлари меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан суҳбат уюштиришди, кейин эса ўзаро футбол ўйнашди.
Умуман олганда, бизнинг йиғинимиз кўтаринки руҳда ўтганини таъкидлаш зарур. Асосий мақсадимиз – Осиё чемпионати саралашининг иккинчи босқичидан муваффақиятли ўтиб, мусобақанинг финал босқичига йўл олиш. Кейин эса Осиё чемпионатида яхши қатнашиб, Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритмоқчимиз. Бизнинг жамоа ўзига юклатилган вазифани уддалашга қодир. Биз бунинг учун йиғинларда бор кучимизни сарфлаб, машғулотлар ўтказамиз.
Келгуси режалар ҳақида гапирадиган бўлсак, январь ойида “Чиғатой”да йиғиламиз. Февраль ойида эса Туркияда ўртоқлик ўйинлари ўтказишни мақсад қилганмиз. Март ойида эса Озарбайжонда халқаро мусобақада иштирок этишни режалаштиряпмиз.
Ўз ўрнида бизга йиғинлар ташкил этишда катта ёрдам бераётган ва зарур бўлган барча шарт-шароитларни яратиб бераётган Ўзбекистон футбол ассоциациясига миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. Шунингдек, Наманган вилояти ҳокимиятига ҳам ташаккур изҳор этаман. Аёллар футболи ривожига катта эътибор қаратилаётганидан жуда мамнунмиз”, - дейди Карима Йўлдошева.
Фикрлар