Ислом Исмоилов: "Менимча, "Бунёдкор" дарвозабони ўйинни энг яхши футболчиси бўлишга номзод"

Суперлиганинг 7-турида “Нефтчи” Тошкентда “Бунёдкор”га қарши майдонга тушди. Ўйинда фарғоналикларнинг ягона голи ўйин тақдирини ҳал қилди. Шундай қилиб, “Нефтчи”нинг ғалабаси билан якунланган учрашувдан кейин меҳмонлар бош мураббийи Ислом Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Биринчи навбатда мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман. Доимий равишда сафар ўйинларида ҳам бизни қўллаб-қувватлашяпти. Албатта, ғалаба билан барчани табриклайман. Ўйлайманки, яхши ўйин бўлди. Иккала жамоа ҳужумкор ўйин кўрсатишга ҳаракат қилди. Агар вазиятлардан тўлиқ фойдаланганимизда ҳисоб бундан ҳам йирик кўринишга келиши мумкин эди.

- Азалий рақиб - “Пахтакор”га мағлубиятга учралганидан кейин жамоани руҳий тарафдан тиклаш қанчалик қийин кечди?

- Албатта, “Пахтакор” билан учрашувдан сўнг футболчилар билан гаплашдик. Тезроқ мағлубиятни унутиб, олдимиздаги учрашувга тайёргарлик кўришимиз кераклигини айтдик. Мағлубият футболда учрайдиган ҳолат. “Пахтакор” билан ўйинда ҳам ёмон ҳаракат қилмагандик. Ўйин билан ўйинни ораси қисқа бўлгани учун кўпроқ эътиборни тикланишга қаратдик. Футболчилар “Бунёдкор” билан беллашувга 100 фоиз тайёр бўлиб келишди.

- Жамоангиз кейинги турни “Насаф”га қарши ўтказади. Уларни охирги иккита учрашувида эса ҳакамлар билан боғлиқ ҳолатлар юз бермоқда. Навбатдаги тўқнашувда ҳам ҳакамлар натижага таъсир қилиб қолишидан хавотирда эмасмисиз?

- Бу “Насаф” билан содир бўлаётган ҳолат, биз билан эмас. Бу футболни бир қисми. Вазифамиз максимал даражада майдонда ҳаракат қилиш. Сифатли футбол кўрсатиш. Футболда ҳар хил ҳолат бўлиб туради, шуниси билан қизиқ.

- “Нефтчи” тўп назоратида фаол. Аммо фол ишлатиш бўйича “Нефтчи”да кўпроқ экан. Бу рақибни тезкор ҳужумга ўтиши учун махсус ишланмами ёки футболчиларни хатоси эвазига юзага келяптими?

- Биз доим юқорида ўйнашга ҳаракат қиляпмиз. Кўпроқ ҳужум уюштиришга интиляпмиз. Шунинг учун орқада катта бўшлиқлар қолади. Агар рақиб тез қарши ҳужумга ўтиб кетса бу ҳудудлардан бемалол фойдалана олади. Шунинг учун бу тактик ҳолат билан боғлиқ. Аслида фолсиз тўпни қайтариб олишга ҳаракат қиламиз. Агар имконият бўлмаган тақдирда фол ишлатишга мажбур бўламиз. Фоллар кўплиги жамоани юқорида ўйнаётганлигидан келиб чиқиб бўлади. Чунки сиз ҳимояда, дарвозангизга яқин ўйнайдиган бўлсангиз автоматик тарзда фоллар камаяди. Жамоамизни потенциали бор. Аммо бу доим 3-4 та гол урамиз дегани эмас. “Бунёдкор” посбони ҳам ажойиб тарзда ҳаракат қилди. Менимча, учрашувни энг яхши футболчиси бўлишга номзод. Бир неча бор жамоасини муқаррар голлардан сақлаб қолди. Ҳар бир ўйинчи вазиятдан фойдаланишга интилади, машғулотларда ҳам бунинг устида ишлаймиз. Лекин футбол шуниси билан қизиқ. Агар ҳар бир зарба гол билан тугайдиган бўлса, ўйинлар йирик ҳисоблар билан якунланишига тўғри келади.

- Май ойида терма жамоа йиғини бўлади ва “Нефтчи” ўйинчилари ҳам чақирилади. Май ойида Кубок баҳслари ҳам ўтади. Ротацияга қўл уриладими?

- Биз ҳар учрашувда ротация қиляпмиз. Ёшларга ҳам имконият берамиз. Асосий эътиборимиз ёшларга қаратилган. Босқичма-босқич уларни катта футболга олиб кириш учун клубда кўп ишлар амалга ошириляпти. Бунақа учрашувларда ҳам ёшларга имконият берамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!