Ўзбекистон қиличбозлик федерациясига янги раҳбар сайланди

 

Бугун Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов Конференцияси бўлиб ўтди. Уни Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов олиб борди, деб маълум қилади Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати. 

Конференцияда дастлаб Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов сўз олиб, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасига қаратилаётган давлат сиёсати даражасидаги эътибор ва ўз навбатида бундай ғамҳўрлик натижасида халқаро майдонда, энг нуфузли мусобақаларда ўзбекистонлик спортчилар қайд этаётган натижалар, эришаётган ютуқлар ҳусусида тўхталиб ўтди. 

Шу жумладан мамлакатимизда қиличбозлик спорт тури оммавийлигини янада ошириш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, спортнинг ушбу тури анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш масаласи бугунги кун талаби эканлигига алоҳида урғу бериб ўтди. 

Конференция кун тартибида ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон қиличбозлик федерациясига сўнгги 10 ой давомида раҳбарлик қилган Адҳам Ильҳамович Икрамов мамлакатимизни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, фуқаролар ижтимоий фаровонлигини таъминлаш ва яна бошқа кўплаб ташкилий ишлар бўйича иш ҳажми ниҳоятда катталиги ва шу боис вақт зиқлигини эътиборга олиб, ўз ҳохишларига кўра федерация раиси лавозимини топширишга қарор қилдилар. 

Таъкидлаб ўтиш лозимки, Адҳам Ильҳамович раҳбарлигида Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси иши сезиларли даражада жонланди. Терма жамоалар учун спортнинг ушбу тури тараққий этган мамлакатларда бир қатор ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилди. Ушбу йиғинларда ўзбекистонлик спортчилар Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари, жаҳон ва Европа чемпионлари билан биргаликда машғулотларда иштирок этиш, тажриба алмашиш имконига эга бўлишди. 

Андижонда “Қиличбозлик мажмуаси” фойдаланишга топширилди ва бу спортчи ҳамда мураббийлар учун ўзига ҳос совға бўлди. Эндиликда пойтахтимизда ҳам спортнинг ушбу турига ихтисослашган марказ қуриб битказилиши режалаштирилмоқда. Бу ўз навбатида терма жамоаларимизнинг бўлажак нуфузли мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўриши йўлида ташланган жуда муҳим қадам бўлади. Шундай экан, Адҳам Икрамовнинг федерация бошқарувидаги фаолиятини ҳеч иккиланмай самарали бўлди деб айта оламиз. 

Конференцияда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси лавозимига хақиқий спорт жонкуяри, кўп йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазири, Тошкент шаҳар ҳокими лавозимларида фаолият юритган, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўта муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга молик объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш дирекцияси раиси Рустам Мавзурович Шоабдураҳмонов номзоди илгари сурилди. 

Делегатлар Рустам Шоабдураҳмонов номзодини бир овоздан маъқуллашди ва уни қилизбозлик федерацияси раиси лавозимига сайлашди. Шунингдек, Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг Бош котиби лавозимига шу пайтга қадар федерация раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Муҳаммад Ҳумоюн Ибрагимов бир овоздан сайланди.  

Конференция якунида федерацияга янги сайланган раис Рустам Шоабдураҳмонов сўз олиб, унга билдирилган юксак ишонч учун энг аввало давлатимиз раҳбарларига, шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ва Миллий олимпия қўмитасига ўз миннатдорчилигини изҳор қилди. 

-“Зиммамга қандай масъулиятли вазифа юкланаётганлигини жуда яхши тушуниб турибман. Шуни ишонч билан айта оламанки, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси ишини янги босқичга олиб чиқиш, спортнинг ушбу турини янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш йўлида бор имкониятларимни ишга соламан. Ўз навбатида менга билдирилган юксак ишонч учун миннатдорчилик изҳор этаман” – деди Рустам Шоабдураҳмонов.  

Таъкидлаш лозимки, олдинда қиличбозлик федерациясини ўта масъулиятли давр кутиб турибди. Турли ёш тоифаларидаги қитъа ва жаҳон чемпионатлари, нуфузли халқаро турнирлар, Осиё ўйинлари каби мусобақалар орқали спортчиларимиз тўрт йилликнинг энг муҳим старти – Токио 2020 Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўришлари лозим. Ўйлаймизки бугун амалга оширилган ўзгаришлар узоқ куттирмай ўз самарасини беради. Шунинг билан Конференция ўз ишини якунлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!