Осиё ўйинлари-2026: Медаллар жадвалида Ўзбекистоннинг ўрни ўзгарди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Ўзбекистон терма жамоаси Аичи ва Нагоя шаҳарларида (Япония) ўтаётган Осиё ўйинлари-2026нинг 14-кунидан сўнг умумжамоа медаллар ҳисобида бир поғона пасайиб, тўртинчи ўриндан бешинчи ўринга тушди. 

Ҳозирча Ўзбекистон жамоаси ҳисобида жами 70та медаль бор: 21та олтин, 25та кумуш ва 24та бронза. Тўртинчи ўринга эса 85та медаль қўлга киритган Ҳиндистон кўтарилди. Ушбу жамоа ҳам 21та олтинга эга, аммо кумуш медаллар сони кўпроқ — 27та (бронза — 37та). Олтин медаллар сони бир хил бўлгани учун Ҳиндистон кумуш медаллар устунлиги ҳисобига Ўзбекистонни ортда қолдирди.

3 октябрь куни ўзбекистонлик спортчилар жами бешта медаль қўлга киритишди: битта олтин, иккита кумуш ва иккита бронза.

Умумий ҳисобдаги навбатдаги олтин медални бадиий гимнастика бўйича кўпкураш мусобақасида 112,950 балл натижа қайд этган Тахмина Икромова ютиб олди. Шу тариқа у Осиё ўйинларининг уч карра чемпионига айланди.

Кумуш медалларни эркин курашчи, 97 килограммгача вазн тоифасида беллашган Шерзод Поёнов ҳамда 80 килограммдан юқори вазнда иштирок этган таэквондочи Марат Мавлонов қўлга киритишди. 

Бронза медаллари таэквондо бўйича 67 килограммдан юқори вазн тоифасида майдонга тушган Светлана Саидова ва аралаш жамоавий беллашувларда Жанубий Кореяни 4:2 ҳисобида мағлуб этган дзюдо терма жамоасига насиб этди.

Бир кун аввал, яъни 2 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон 65та медаль билан тўртинчи ўринни эгаллаб турган эди. Япониядаги Осиё ўйинлари 4 октябрь куни ўз ниҳоясига етади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!