Расман! “Бунёдкор” стадиони “Миллий стадион”га айлантирилди (фото)

Ўзбекистон футбол ассоциацияси “Бунёдкор” стадионини ташкилот Ижроқўми қарорига кўра “Миллий стадион” деб номлади. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда.

Унда Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоалари ўзининг уй учрашувларини ўтказиш белгилаб қўйилган.  “Миллий стадион”, шунингдек, Ўзбекистон Кубогининг юқори босқичли ўйинларига, халқаро даражадаги футбол учрашувларига мезбонлик қилади. У мамлакатнинг бош аренасига айланади.

ЎФА стадионга мухлисларни жалб қилиш устида иш олиб боради. Ишқибозлар фақатгина футбол учрашувлари вақтида эмас, қолган кунларда ҳам стадион атрофида эркин сайр қилишлари, кўнгил ёзишлари учун босқичма-босқич шароитлар яратилади. Стадион мухлисларга яқинлашиш йўлидан юради.  

Стадионга туташ ҳудудда барпо этилган футбол академияси эса Ўзбекистон футбол ассоциациясига қарашли академияга айлантирилади. Сир эмаски, режага кўра яқин вақт ичида Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудий бирлигида 1 тадан болалар ва ўсмирлар футбол академиялари иш бошлайди. Мазкур академияларни эса ЎФА қошидаги республика футбол академияси бирлаштириб туради. Яъни, ҳудудий академияларнинг энг олди футболчилари республика футбол академиясига қабул қилинади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!