Равшан Эрматов: Финални бизга топширишгани сюрприз бўлди
Қитъамизда ҳар тўрт йилда бир ўтказиладиган Осиё Кубоги шу йилнинг 5 январдан 1 февралга қадар БАА майдонларида бўлиб ўтганидан яхши хабардорсиз. Ўзбекистон миллий терма жамоаси нимчорак финалда Австралияга ютқазиб қўйганини ўзимиз учун оғир қабул қилган бўлсак-да, мазкур мусобақанинг финали учрашувида барибир Ўзбекистон номи тарихдан жой олди. Ҳал қилувчи баҳсда Япония ҳамда Қатар терма жамоалари иштирокидаги учрашувни бошқариб бориш ҳамюртимиз – Равшан Эрматов бригадасига ишониб топширилгани биз учун қувонарли бўлди. Шу тариқа, фаолияти давомида иккинчи бор Осиё Кубоги финалини бошқариш орқали тарихдан жой олди. Шунингдек, ушбу мусобақа давомида Эрматов яна бир қатор факт ва рақамларни янгилади. Хуллас, Равшан Эрматов Осиё Кубогини юқори савияда ўтказди. Куни кеча ФИФА рефериси якунига етган мусобақа ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
- Авваламбор, Осиё Кубогидаги ажойиб иштирокингиз учун миннатдорчилик билдирамиз. Айтинг-чи, нуфузли мусобақадан олган таассурот ва фикрларингиз нималардан иборат?
- Табригингиз учун раҳмат. Ўзингиз ҳам яхши биласиз, Осиё Кубоги қитъамиз футболидаги энг нуфузли мусобақа ҳисобланади. Мазкур турнир жуда катта тайёргарликни ўз ичига олади. Биринчи марта Осиё Кубогида 24 та терма жамоа иштирок этди. Бунгача эса 16 та жамоа қатнашарди. Аммо кўпчилик терма жамоалар сонини 24 тага кўпайтириб бекор қилибсизлар, энди кучсиз рақиблар кўпайиб, 5:0, 7:0 каби ўта йирик ҳисоблар миқдори ортиб кетади деган фикрлар мусобақадан олдин кўп айтилди. Лекин бу тажриба ўзининг яхши томонидан кўрсатди. Қўшилган 8 та терма жамоа ўзларидан яхши таассурот қолдирди. Масалан, Вьетнам, Қирғизистон, Таиланд, Фаластин, Туркманистон, Ҳиндистон каби термалар етакчиларга муносиб қаршилик кўрсатишди. Шу боис мусобақа давомида етакчиларга ҳам осон бўлгани йўқ. Шу сабабли Осиё Кубогини жуда қизиқарли руҳда ўтди деб айта оламан. Энди ҳакамлик масаласига келсак, хабарингиз бор, мусобақани дарвозалар ортида ишловчи ҳакамлар билан бошлаб, чорак финалдан VAR тизимига ўтдик. Ҳали ҳеч қайси чемпионатда бундай ўзгариш бўлмаганди. Лекин ОФК бу тажрибани амалда синаб кўрган ҳолда бундан муваффақиятли тарзда ўта олди. Бундан ташқари, нуфузли мусобақада биринчи маротаба Ўзбекистондан уч нафар бош ҳакам бўлиб қатнашдик. Валентин Коваленко, Ильгиз Танташаев ва мен. Буни ҳам ажойиб натижа сифатида айтишим мумкин. Коваленко билан Танташев Осиё Кубогида дебют қилишганидан хурсандман. Бир сўз билан айтганда, таассуротларимиз жуда ижобий. Барчамиз учун катта тажриба бўлди.
- Сиз ушбу мусобақада бешта ўйинни бошқардингиз ва яна иккита учрашувда захира ҳаками сифатида ишладингиз. Кутилганидек, ОФК сизга энг жиддий ўйинларни топширди. Айтинг-чи, финал баҳсини ҳам бошқаришингизни кутганмидингиз? Чунки ярим финалда захира ҳаками бўлиб ишлагандингиз.
- Авваламбор барча ҳамюртларимиз каби биз ҳам миллий терма жамоамизни финалда кўришни ният қилган эдик ва терма жамоамизга ўша ердан туриб мухлислик қилдик. Австралия билан учрашувда жамоамиздан омад юз ўгиргач, энди Ўзбекистон фарзандлари финалда бўлишини мақсад қилгандик. Айтиб ўтганингиздек, Осиё Кубогида бешта муҳим учрашувларни бизга ишониб топширишди. Айтишим мумкинки, ОФК томонидан биз учун билдирилган ишончни жуда қадрлаймиз. Албатта, осон ўйинларнинг ўзи бўлгани йўқ. Ўзимизга топширилган қийин ўйинларни ОФКнинг бизга бўлган ишончи деб қабул қилсак тўғри бўлади. Биз бошқарган ҳар бир учрашув жамоаларнинг кейинги тақдирига таъсир қиладиган баҳслар эди. Шунинг учун ҳам ўта масъулиятли учрашувларни ўзбекистонлик ҳакамларга топширилганидан фахрланамиз ва ишончни оқлаш учун боримизни бериб ишлаш талаб этиларди. Ўйлайманки, биз ОФКнинг ишончини оқладик. Финал ҳақида тўхталадиган бўлсам, ҳал қилувчи ўйинни бошқаришимни кутмагандим. ОФКнинг ҳакамлар бошқармаси вакиллари билан гаплашганимда истеъдодли ёш ҳакамларга кўпроқ ишонч билдириш керак, деган ғояни кўп айтдим. Шу боис ёшларга ҳал қилувчи ўйинларни ишониб топширишса хурсанд бўлардим. Лекин Осиё Кубоги катта масъулиятли мусобақа бўлгани учун кўпроқ тажрибали ҳакамларга ишонч билдиришди. Финал албатта бизга ёқимли сюрприз бўлди. Ўйлайманки, бу ўйин ҳам чиройли ва томошабоп суръатда ўтди.
- Чиндан ҳам финал учрашуви ажойиб руҳда ўтди. Умуман олганда, финал ўйини ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
- Япония ва Қатар терма жамоалари мисолида иккита тезкор ва ҳужумкор ўйин кўрсатадиган рақиблар майдонга тушишди. Кутилганидек, учрашув жуда чиройли ўтди. Худога шукрки, ҳакамлик ҳам юқори савияда ўтди. ФИФА ҳамда ОФК президентлари бизнинг ишимизни юқори баҳолашди. Ўзимиз ҳам финал учрашувни бошқарганимиздан қониқиш ҳосил қилдик.
- Ҳал қилувчи баҳсда Япония терма жамоаси дарвозаси томон пенальти белгилаганингизда уларнинг сардори Мая Йошиданинг эътирозларини қандай қабул қилдингиз?
- Биласизми, футболда бундай ҳолатлар одатий ҳол бўлиб қолган. Пенальти белгиланганидан сўнг ўйин қоидасини бузган ўйинчи ўз айбини билиб турса ҳам мен ҳеч нарса қилмадим дея ҳакамга эътироз қилмоқчи ва босим ўтказмоқчи бўлади. Йошида билан ҳам вазият худди шундай бўлди. У қўлини баданидан ташқарига чиқариб тўпнинг йўлини тўсди. Унинг бу ҳатти-ҳаракати VAR тизимида жуда аниқ кўриниб турганди. Мен футболчиларнинг бундай эътирозларига мутлақо аҳамият бермайман. Боя айтганимдек, футболда бу одатий ҳол ва ўйинчиларнинг бундай эътирозлари менга ўтмайди.
- Ўйиндан кейин тақдирлаш маросимида ФИФА президенти Жанни Инфантино сизга нималар деди?
- Ўйиндан кейинги тақдирлаш маросимида Жанни Инфантино бизни жуда илиқ қарши олди ва бугунги ўйинни ҳар доимгидек аъло даражада бошқардинг, биз бундан жуда хурсандмиз, сени кейинги ФИФА мусобақаларида ҳам кутиб қоламиз деб илиқ сўзларини айтди. ОФК президенти Шайх Салмон ҳам худди шундай сўзларни айтиб, биз доим сенга ишонамиз ва ҳамма вақт ишончимизни оқлаб келасан дея биз учун илиқ сўзларини айтди ва раҳбарларнинг ушбу тилакларидан хурсанд бўлдик.
- Осиё Кубоги финалини икки марта бошқардингиз ва яна кўплаб мусобақага тааллуқли рекордларни ўрнатдингиз. Бундай рақам ва рекордлардан бохабар бўлиб турибсизми?
- Албатта, бундай рақамлар ва статистикалар жуда ёқимли. Йилдан-йилга бундай рақамлар ўзгариб боради. Лекин Осиё Кубогида бу каби статистик рақамларга эътибор қаратишга бизнинг вақтимиз бўлгани йўқ. Негаки, асосий эътиборимизни фақат ўйинлар учун тайёргарликка ва уларни сифатли даражада бошқаришга қаратдик. Лекин ҳали биз учун бундай статистик рақамларга бор эътиборимизни қаратадиган пайт келгани йўқ. Чунки биз ҳали фаолиятимизни давом эттиряпмиз. Худо хоҳласа, бундан кейин ҳам ушбу рақамларни янада яхшироқ кўринишга олиб келишга ҳаракат қиламиз.
- Ҳакамларга босим ўтказишга уринадиган араб термалари иштирокидаги ўйинларни бошқариш анча мушкуллигини Осиё Кубоги яна бир бор кўрсатиб берди. Шу ҳақида фикрингиз?
- Ҳакамларга босим ўтказиш барча мусобақаларда бўлади. Аммо ҳаммаси ҳакамнинг ўзига боғлиқ. Агарда руҳан кучли бўлса, унга ҳеч нима таъсир ўтказа олмайди ва ўз ишини тўғри ва адолатли қилаверади. Ҳакамлар ҳар бир ўйинга чиқишдан олдин бундай босимларга ҳар томонлама тайёр бўлиши керак. Ҳакам эътиборини фақат ўйинга қаратиши ҳамда майдондан ташқаридаги ҳолатлардан эътиборини ўчириб қўйиши лозим. Шундагина ҳакамнинг ўз ишини пухта бажаришига имконият кўпроқ бўлади.
- VAR тизимининг ўйин сифатига қанчалик таъсири бор деб ўйлайсиз?
- VAR тизими бундан уч йил олдин жорий этилган ва ўшанда ФИФА 15-16 нафар ҳакамдан иборат ишчи гуруҳи тузганида биз ҳам бор эдик. Ўша пайтда VAR тизимини ўрганиб, унинг футболга керак эканлигини айтганимизда кўпчилик бунга қаршилик қилганди. Аммо футболда энг кераклиги нима? Ҳалоллик, шаффофлик, адолат бўлса футбол ҳам ривожланаверади. VAR тизимини кўпчилик ўйиннинг тезлигига таъсир кўрсатади деб ҳам тахмин қилишганди. Лекин финал учрашувида ҳам кўрдинглар, VARдан фойдаланиш учун нари борса 10-15 сония вақт керак бўлди холос. Ҳаттоки, баъзида футболчининг алмаштирилиши учун бир дақиқа вақт кетади ёки голни нишонлаш учун ҳам шунча вақт сарфланади. VAR тизими такомиллаштирилган бўлиб, сифатли ишласа унга кўп ҳам вақт кетмайди. Бу нарсани футбол учун фақат фойдаси бўлади ва ҳакамларнинг ўйиндаги вазиятни кўра олмай қолган пайтда бошқатдан VAR тизими орқали кўриб, ўша ернинг ўзида тўғри ва адолатли қарор чиқаришига ёрдам беради ва ўйиндан кейинги ҳар хил кўнгилсиз гап-сўзларнинг олдини олади.
- Ўйинлардан кейинги матбуот анжуманларида мураббийлар томонидан ҳакамлар ҳақида билдирадиган фикрларини ҳам кузатиб борасизми?
- Албатта, футболдаги барча хабарларни қизиқиб, ўқиб бораман. Баъзида мураббийларнинг фикрлари билан ҳам қизиқиб тураман. Айниқса, ўзим ҳурмат қиладиган, ўз ишига профессионал ёндашадиган, теран фикрлайдиган мураббийларнинг айтадиган сўзларини кузатиб тураман. Уларнинг билдирадиган фикрларидан ҳам нималарнидир ўрганса бўлади.
- Равшан ака яна бир бор Осиё Кубогида муваффақиятли иштирок этганингиз билан сайтимиз номидан сизни табриклаймиз...
- Ўз навбатида сизга ҳам катта раҳмат. Шу ўринда Осиё Кубогида бизни қўллаб-қувватлаб турган барча ватандошларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз ва келажакда уларни янада хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.
Фикрлар