Вадим Абрамов: "Бу сизлар қатори мени ҳам хурсанд қилади"
«Сурхон» - «Динамо» (0:2) учрашувидан кейин самарқандликлар бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида иштирок этиб, Термиздаги ғалаба ва Ўзбекистон миллий ва ёшлар жамоасига чақирилган шогирдлари ҳақида фикрини билдирди. Бу ҳақида клуб матбуот хизмати маълум қилди.
«Бугунги баҳс қийин ўтишини олдиндан тахмин қилиш қийин эмасди, «Сурхон» яхши ва ўйнайдиган жамоа. Бугун ҳам юқори чизиқда ўйнашга тайёр эдик. Биринчи бўлимда иккита гол ургач, яна қатор вазиятларга эга эдик, аммо яна гол кирита олмаган бўлсак-да, баҳсни назорат қилдик. Иккинчи бўлимда эса кўпроқ ҳисоб учун ўйнай бошладик. Муҳими ғалабага эришдик. Энди тикланиб, танаффусдан кейин яна машғулотларга қайтамиз.
- Кубок ярим финалидан кейин жамоангиз аламли мағлубиятга муносиб жавоб қайтариши кераклиги ҳақида гапирган эдингиз, шундай бўлди ҳам...
- Хафа бўлмаймиз демагандим, чунки финалга чиқа олмаган ҳар қандай жамоа хафа бўлади. Ўша мағлубиятга жамоа қандай реакция қилишини кўрмоқчиман дегандим. Икки ўйинда икки ғалабага эришдик, олға боришда давом этамиз. Чунки ҳали курашда эканимизни кўрсатдик.
- Сўнгги йилларда илк бор «Динамо»дан икки нафар футболчи Ўзбекистон миллий жамоасига, икки нафари ёшлар жамоасига чақирилди ва яна икки нафари Олимпия жамоаси аъзоси...
- Бу сизлар қатори мени ҳам жуда хурсанд қилади, бу ўйинчиларга янада шижоат бағишлайди. Қолаверса, бу «Динамо» жамоаси учун ҳам фахр ва катта шараф, - дейди Вадим Карленович.



Фикрлар